Кремль янги сафарбарликка муқобил изламоқда
Россия ҳукумати 2026 йилда ҳудудлардан 409 минг нафар контрактчи жалб қилишни талаб қилмоқда. Шу мақсадда қарздорлар, тергов остидаги шахслар ва яқинда муддатли ҳарбий хизматни тугатган фуқаролар билан фаол ишланмоқда.
Financial Times маълумотига кўра, ҳудудларга контракт асосида ҳарбийларни жалб қилиш бўйича федерал квоталар берилган. Айрим маҳаллий амалдорларга бу режани бажариш юзасидан кучли босим ўтказилмоқда.
2026 йилнинг биринчи ярмида қарийб 200 минг киши Россия армияси билан контракт имзолагани айтилмоқда. Россия янги умумий сафарбарлик ўрнига юқори маош ва катта бир марталик тўловлар орқали кўпроқ ҳарбий жалб қилишга уринмоқда.
Хабарларга кўра, айрим ҳудудларда эркакларни кўчаларда ушлаб қолиш, уйига ёки иш жойига бориб контракт таклиф қилиш каби усуллар ҳам қўлланмоқда. Қарздорлиги ёки шартли жазоси бор фуқаролар ҳам ёллаш кампаниясининг нишонга айланмоқда.
Ҳудудларда контракт учун тўловлар бир неча миллион рублгача оширилган. Шу сабабли янги ҳарбийларни жалб қилишдан даромад оладиган хусусий ёлловчилар тармоғи ҳам шаклланган.
Янги контрактчилар асосан фронтдаги йўқотишларни тўлдириш учун юборилмоқда. Бироқ ҳарбийлар сонининг кўпайишига қарамай, Россиянинг ҳудудий ютуқлари чекланган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, агар ҳарбийларни жалб қилиш суръати пасайса ёки янги сафарбарлик ўтказилмаса, Россия армиясида яна аскарлар етишмовчилиги юзага келиши мумкин.
Бундан ташқари, дезертирлик ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, камида 28 минг россиялик ҳарбий қисмни тарк этгани учун судланган.
