ЕИ Арманистон экспорти учун савдо имтиёзларини маъқуллади
Брюссель Ереван билан савдо алоқаларини кенгайтириш ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида арман маҳсулотлари учун вақтинчалик савдо имтиёзларини тасдиқлади.
Европа Иттифоқи Кенгаши Арманистон маҳсулотларининг ЕИ бозорига кириши бўйича тарифларни вақтинча либераллаштиришни маъқуллади. Янги чоралар Арманистон экспортининг қарийб 80 фоизини қамраб олади.
Кенг доирадаги товарлар, жумладан айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига импорт божларини вақтинча бекор қилиш режалаштирилган. Бу, айниқса, янги мева-сабзавот, кўкатлар, ичимликлар ва алкоголь маҳсулотлари экспорти учун муҳим аҳамиятга эга.
Имтиёзли тартиб икки йил амал қилади. Шу билан бирга, Европа ишлаб чиқарувчиларини импортнинг кескин ўсишидан ҳимоя қилиш механизмлари ҳам назарда тутилган.
ЕИ мазкур чоралар Россия томонидан жорий этилган савдо чекловларининг Арманистон экспорти ва транзит йўналишларига таъсирини юмшатишга қаратилганини билдирди. Брюссель, шунингдек, Арманистон билан Ҳар томонлама ва кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битим (CEPA) доирасида савдо алоқаларини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.
Имтиёзлардан фойдаланиш Арманистоннинг товарлар келиб чиқиши қоидалари, ЕИ билан маъмурий ҳамкорлик талаблари ва CEPA доирасидаги демократик тамойиллар, қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя қилишига боғлиқ.
Ҳужжат Европа парламенти томонидан ҳам маъқуллангандан сўнг расман кучга кириши кутилмоқда.
