Трамп Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик ҳақидаги мақолани улашди
АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ўзининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик келишувига бағишланган мақоласини улашди.
Washington Examiner нашрида чоп этилган мақолада Уиткофф Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тинчлик бўйича Қўшма декларация имзоланганига бир йил тўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳужжат 35 йилдан ортиқ давом этган қонли можарога барҳам бериш учун муҳим қадам бўлган.
Уиткофф тинчлик жараёнида Трампнинг ролини юқори баҳолаб, АҚШ президенти анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик ўрнатишни устувор мақсад қилганини билдирди.
У, шунингдек, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни кучли ва қатъиятли лидер деб атаб, унинг минтақавий барқарорлик учун мураккаб қарорларни қабул қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Уиткоффнинг қайд этишича, музокаралардаги асосий масалалардан бири Озарбайжоннинг Нахичевонга тўсқинликсиз киришини таъминлаш бўлган. Унинг фикрича, бу масалани ҳал қилиш учун янгича ёндашув ва амалий ечимлар зарур эди.
Шу жараёнда TRIPP концепцияси — Арманистон ҳудуди орқали тўсқинликсиз мультимодал транспорт йўлакларини яратишга қаратилган АҚШ-Арманистон ҳамкорлиги пайдо бўлган. Уиткофф бу ташаббус Арманистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилиш асосида амалга оширилишини таъкидлади.
Унинг айтишича, сўнгги бир йил давомида АҚШ Арманистон ва Озарбайжон билан келишувларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилган. Уиткофф TRIPP йўлаги Каспий денгизи билан боғланиши ва келажакда ушбу концепция Яқин Шарқда ҳам ривожланиши мумкинлигини билдирди.
Уиткофф мақоласини Трамп, Алиев ва Пашинян «риторикани эмас, натижани танлагани» туфайли Жанубий Кавказ бугун хавфсизроқ ва барқарорроқ экани ҳақидаги фикр билан якунлаган.
