Mercedes Германиядаги заводлардан бирини ёпиш билан таҳдид қилди. Нега?
Mercedes юқори харажатлар сабаб Германиядаги заводлардан бирини ёпиш билан таҳдид қилди.
Mercedes-Benz раҳбарияти ходимлар харажатларни қисқартиришга рози бўлмаса, Германиядаги заводлардан бирини ёпиб, ишлаб чиқаришни Шарқий Европага кўчириш режаси борлигини маълум қилди. Бу ҳақда Wirtschaftswoche компаниядаги манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, менежмент таътил пули ва Рождество бонусларининг бир қисмидан воз кечиш, шунингдек, 35 соатлик иш ҳафтасини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Компания раҳбариятининг фикрича, айниқса Хитойда сотувлар пасайиб бораётган бир пайтда амалдаги меҳнат шароитлари Германиядаги корхоналарнинг рақобатбардошлигини пасайтирмоқда.
Wirtschaftswoche ёзишича, компания бошқаруви аъзоларидан бири очиқчасига шундай деган: ё Германияда меҳнат харажатлари сезиларли даражада камаяди, ёки Mercedes Шарқий Европада янги завод қуриши мумкин. Компаниянинг ишлаб чиқариш кенгаши эса бундай баёнотларни «шантаж» ва «ўта жиддий таҳдид» деб атаган.
Ҳозирча қайси завод ёпилиши мумкинлиги аниқ айтилмаган. Шу билан бирга, Mercedes Венгрияда ишлаб чиқариш қувватларини фаол кенгайтирмоқда. Кечкеметдаги корхона истиқболда йилига 400 мингтагача автомобиль ишлаб чиқариши керак.
Компания раҳбарияти аввалроқ ҳам Германиядаги заводларнинг ишлаб чиқариш қувватлари «эҳтиёждан анча юқори» эканини билдирган эди.
