БАА президенти 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумдан олдин Нетаньяхуни огоҳлантиргани айтилмоқда

БАА президенти 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумдан олдин Нетаньяхуни огоҳлантиргани айтилмоқда

Исроилда журналистлар Шломи Эльдар ва Рут Ювальнинг «Гаровдагилар: 843 кунлик ҳаракатсизлик» номли китобига оид парчалар эълон қилиниши катта шов-шувга сабаб бўлди.

Муаллифлар китобда Бирлашган Араб Амирликлари президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён 2023 йил 7 октябрдаги оммавий қотилликдан тахминан ўн кун олдин Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни огоҳлантирганини таъкидлаган. Унинг айтишича, ҲАМАС раҳбари Яҳё Синвар Исроилга қарши йирик операция тайёрлаётган бўлган. Журналистларнинг ёзишича, икки раҳбарнинг телефон орқали суҳбати 45 дақиқа давом этган.

Нетаньяху эса ҲАМАС операциясини Ғарбий соҳилда амалга оширишини кутгани ва Исроил ҳар қандай сценарийга тайёр эканини айтгани иддао қилинмоқда.

Китоб муаллифлари ўз маълумотларини Нетаньяхуга танқидий муносабатда бўлган чап-либерал Haaretz газетасида қисман эълон қилинган журналистик суриштирувларга асослаган. Улар, жумладан, юқори лавозимдаги уч нафар хорижлик манба ҳамда суҳбатдан бевосита хабардор бўлган Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг маслаҳатчисига таянган.

ҲАМАС ҳужуми ҳақида огоҳлантириш гўёки Миср томонидан ҳам берилган. Ўша пайтда Миср разведкаси раҳбари Аббос Камол Нетаньяху офисига ҲАМАС «ғайриоддий нарса, даҳшатли операция» тайёрлаётганини маълум қилган.

Шунингдек, 1 октябрь куни Исроил хавфсизлик хизмати — ШАБАК раҳбари Ронен Бар ҳам Нетаньяхуни ҲАМАС «экстремал ҳаракат» тайёрлаётганидан огоҳлантирган ва Синвар ҳамда ҲАМАСнинг бошқа раҳбарларини ўлдиришни тавсия қилгани айтилмоқда. Эльдар ва Ювальнинг ёзишича, Нетаньяху бу таклифни рад этган.

Нетаньяху: «Бу мутлақ ёлғон!»

Мазкур маълумотлар бош вазир сайловолди кампанияси қизғин паллага кирган бир пайтда эълон қилинди. 27 октябрь куни Исроилда янги парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак.

Мухолифат сиёсатчилари Нетаньяхуни кескин танқид қилмоқда. Исроил Бош штаби собиқ раҳбари Гади Айзенкот: «Нетаньяху 7 октябрга қадар ўнлаб огоҳлантиришларни олган ва уларнинг барчасини эътиборсиз қолдирган», — деди.

Парламент сайловларида «БъЯхад» партиясидан номзод бўлаётган Йонатан Шалев эса BILD нашрига: «Нетаньяху аниқ огоҳлантиришни эътиборсиз қолдиргани, куч ишлатар тузилмалари раҳбариятини огоҳлантирмагани ва мамлакатни тайёрламагани учун шахсан бевосита жавобгар», — деди.

Бироқ Нетаньяху офиси китобдаги асосий айбловни қатъиян рад этди:

«Бу мутлақ ёлғон! Бош вазир Нетаньяху кўрсатилган даврда Бирлашган Араб Амирликлари президенти билан гаплашмаган ва ундан ҳеч қандай огоҳлантириш олмаган».

Қуддусдаги Иброний университети ҳарбий тарихчиси Дэнни Орбах эса BILD билан суҳбатда масъулият масаласида нафақат бош вазир, балки хавфсизлик тузилмалари ҳам жавоб бериши кераклигини айтди.

«Хавфсизлик идоралари ҳам ўз огоҳлантиришларига қарамай, нега жанговар шайлик даражасини оширмагани ҳақида саволга жавоб бериши керак. Террористларнинг ҳужуми уларни ҳам мутлақо тайёргарликсиз ҳолда қолдирди», — деди у.

Исроилда 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумгача бўлган даврда хавфсизлик бўйича берилган огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилгани учун ким масъул экани масаласи энди мамлакатдаги сайловларнинг ҳал қилувчи мавзуларидан бирига айланиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: