Берлинда ғайриоддий муаммо: конверт етишмаслиги сабаб маҳкумлар қамоққа кечроқ жўнатилди
Германия пойтахти Берлин прокуратураси махсус сариқ конвертлар етишмаслиги сабабли бир неча ҳафта давомида тўлиқ ишлай олмаган. Бу ҳақда Berliner Zeitung прокуратура ходимларига таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, прокуратура бир неча ҳафта давомида маҳкумларга жазони ўташни бошлаш ҳақидаги расмий хабарномаларни ўз вақтида юбора олмаган. Натижада айрим маҳкумлар қамоққа белгиланган муддатдан кечроқ олинган, қамоқхоналарда эса бўш ўринлар қолган.
Гап оддий конвертлар ҳақида эмас, балки расмий ҳужжатларни етказиб бериш учун мўлжалланган махсус бланклар ҳақида бормоқда. Уларда суд қарорлари, чақирув қоғозлари ва қамоқхонага бориш ҳақидаги талаблар юборилади. Почтальон ҳужжатни топширганидан сўнг икки саҳифалик етказиб берилганлик тасдиғини тўлдириши керак. Кейин ушбу ҳужжат иш жилдига қўшиб қўйилади.
Муаммо федерал қоидалар ўзгартирилганидан кейин юзага келган. Янги шакллардан фойдаланиш талаби ҳали 2025 йил март ойи охирида жорий этилган, эски бланклар эса 2026 йил 1 августдан ўз кучини йўқотган. Яъни идораларда тайёргарлик кўриш учун қарийб 16 ой вақт бўлган. Аммо янги конвертлар захираси атиги икки ҳафта ичида тугаб қолган.
Берлин прокуратураси вакили етказиб беришда «қисқа муддатли узилиш» бўлганини тасдиқлади. Бироқ конвертлар етишмаслиги туфайли қанча маҳкум жазони ўташни кечроқ бошлагани аниқ эмас. Бу бўйича алоҳида статистика юритилмаган.
Янги конвертлар партияси аллақачон етказиб берилган. Бироқ жазони ижро этиш хизмати вакилларининг таъкидлашича, улар ҳануз етарли эмас.
