Франция ва Словакия Алишер Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан чиқаришни сўрамоқда

Франция ва Словакия Алишер Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан чиқаришни сўрамоқда

Франция Словакияга қўшилиб, келиб чиқиши ўзбекистонлик, аммо Россия фуқароси бўлган миллиардер Алишер Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўрамоқда. Бу ҳақда музокаралардан хабардор тўрт манбага таяниб, Euronews хабар берди.

Словакия аввалдан Алишер Усмонов ва миллиардер Михаил Фридманни Россиянинг Украинага қарши уруши муносабати билан жорий этилган Евроиттифоқ санкцияларидан чиқаришни талаб қилиб келаётганди. Энди бу масалада Братиславани Париж ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Нашр манбаларига кўра, Франциянинг қарори бошқа аъзо давлатларда “кучли норозилик” уйғотган. Европа Иттифоқи дипломатларидан бири Парижнинг бундай позицияси ортида, асосан, иқтисодий сабаблар бўлиши мумкинлигини айтган.

Франциянинг ЕИдаги доимий ваколатхонаси Париж Россияга нисбатан санкцияларнинг умумий муддатини узайтиришни қўллаб-қувватлашини билдирган. Усмоновни рўйхатдан чиқариш талаби эса Словакия билан келишувга эришиш учун сиёсий муроса сифатида илгари сурилган.

Усмоновни Европа санкцияларидан чиқариш масаласи аввал ҳам бир неча бор кўтарилган. Жумладан, 2025 йил февралда Венгрия Усмонов ва унинг синглисини санкциялар рўйхатидан чиқариш таклифини илгари сурганди. Будапешт саккиз нафар россиялик рўйхатдан чиқарилмаса, санкцияларни узайтиришга розилик бермаслигини билдирган эди.

Маълумот учун, Алишер Усмонов 2022 йил февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин EИ санкциялар рўйхатига киритилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: