Алишер Усмонов масаласида Озарбайжон Францияга босим ўтказмоқда

Алишер Усмонов масаласида Озарбайжон Францияга босим ўтказмоқда

Европа Иттифоқи россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарши санкцияларни узайтириш бўйича келишувга эриша олмаётир. ОАВ хабарига кўра, Озарбайжон босими остида Франция Европа Иттифоқининг Усмоновга қарши санкцияларини бекор қилишни сўраган.

Бу ҳақда вазиятдан хабардор бўлган учта европалик дипломат Reuters агентлигига маълум қилди.

14 сентябрь куни Европа Иттифоқи расмийлари Россияга қарши санкциялар рўйхатини янгилаш муддатини етти кунга узайтирдилар. Бунга Усмоновга қарши санкциялар бўйича келишув йўқлиги сабаб бўлди. Санкцияларни яна олти ойга узайтириш учун барча 27 та Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг розилиги талаб қилинади.

Манбаларга кўра, Франция 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Усмоновга қарши қўлланилган санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб, Словакияга қўшилди. Металл ва тоғ-кон магнати Усмонов санкцияларни бекор қилиш учун Европада бир нечта суд жараёнларини бошлаган.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, Озарбайжон Усмоновдан ҳибсга олинган икки француз фуқароси ишида «шантаж» воситаси сифатида фойдаланмоқда.

Манбаларга кўра, Франция Боку ташаббусини Қатар ва Қозоғистон қўллаб-қувватлаганига ишонади. Бошқа минтақавий мамлакатларнинг бир қанча раҳбарлари, шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған илгари Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан чиқаришга чақирган эди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги вакили Озарбайжон билан боғлиқ масала бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: