Италия мактабларида никоб ва бурқалар тақиқланади
Мелони Италия мактабларида никоб ва бурқаларни тақиқлашни эълон қилди.
Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳукумат мактабларда бурқа ва никоб кийишни тақиқлаш, шунингдек, синфларда хорижлик ўқувчилар сонини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўз партияси — «Италия биродарлари»нинг ёшлар қаноти тадбирида айтди.
«Италияда мактабга юз очиқ ҳолда бориш керак. Ҳеч ким ҳақиқий ёки тахмин қилинган анъанани баҳона қилиб, ёш аёл ўзини яшириши керак, деб қарор қабул қила олмайди», — деди ҳукумат раҳбари.
Бундан ташқари, ҳукумат «интеграцияда жиддий қийинчиликларга дуч келаётган» хорижлик ўқувчиларнинг ота-оналарини итальян тилини ўрганишга мажбурлашни режалаштирмоқда.
Яна бир чора сифатида бир синфдаги хорижлик ўқувчилар сонига чеклов жорий этилади. Бош вазирнинг таъкидлашича, итальян тилини билмайдиган болалар «ҳаддан ташқари кўпайиб кетса», интеграция жараёни ўз самарасини йўқотади. Мелони ҳозирча айнан қандай лимит белгиланишини аниқлаштирмади.
Тадқиқот маркази ISMU маълумотларига кўра, Италия фуқаролигига эга бўлмаган ўқувчилар мамлакатдаги барча мактаб ўқувчиларининг 11,6 фоизини ташкил қилади.
