Туркиянинг мафтункор кўллари
default
Сентябр саёҳатчилар учун тобора жозибадор фаслга айланмоқда. Ёзнинг жазирамаси чекиниб, гавжумлик камайган, табиат эса аста-секин олтин рангга бурканади. Шошилмай йўл юриш, йўл-йўлакай тўхташ, табиатдан баҳра олиш ва янги жойларни кашф этиш учун айни пайт. Кузги саёҳатларга қизиқишнинг ортиб бориши “Super September” тенденциясида ҳам ўз аксини топмоқда. Туркиянинг турли ҳудудларига ёйилган кўллар эса сентябрь манзараларини мутлақо бошқа қиёфадан намоён этади.
Сапанжа кўли: Истанбулга бир қадам
Сапанжа кўли Истанбулдан унча узоқ бўлмаган Сакаря туманида жойлашган бўлиб, ям-яшил тепаликлар ва дарахтзорлар билан ўралган. Феруза ранг сувлари табиат билан уйғунлашиб, бу ҳудудга ўзига хос осойишталик бағишлайди. Бу ерда кўл бўйлаб сайр қилиш, велосипед миниш, қушларни кузатиш ёки дарахтлар соясида ўтириб сув юзини томоша қилишнинг гашти бўлак. Фаолроқ ҳордиқни ёқтирадиганлар эса қайиқда кўл бўйлаб қисқа сайрга чиқишлари мумкин.
Сапанжа атрофи турли турар жойлари ва маҳаллий ошхонаси билан ҳам ажралиб туради. Янги тутилган балиқдан тайёрланган таомлар эса Сапанжа ошхонасининг ўзига хос жиҳатларидан биридир. Табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказишни истаганлар учун эса кўлнинг юқорироқ қисмидаги Арифие ўрмони айни муддаодир.
Қора денгизнинг марваридлари: Абант ва Едигўллар
Болу ҳудудидаги Абант кўли фасллар алмашгани сайин қиёфасини ҳам ўзгартиради. Баъзан сув юзида ўрмонларнинг акси жилваланади, куз келганда эса атроф сариқ, зарғалдоқ ва қизғиш тусларга бурканади. Абант манзараларини гоҳ суратга муҳрлагингиз, гоҳ эса дафтар саҳифаларига кўчиргингиз келади.
Кўл шу номдаги миллий боғ ҳудудида муҳофаза қилинади. Фаслга қараб бу ерда кўл бўйлаб велосипедда сайр қилиш, гулмойи овлаш, пиёда юриш, пикник қилиш, от миниш ёки парапланда учиш мумкин. Атрофда меҳмонхона ва бунгаловлардан тортиб чодир ҳамда карвонлар учун ажратилган майдонларгача турли тунаш имкониятлари мавжуд.
Болу табиатининг яна бир диққатга сазовор манзили – Едигўллар. Боғ ўз номини ҳудуддаги кўчки жараёнлари натижасида шаклланган етти кўлдан олган. Табиатнинг мафтункор манзаралари, шаршаралар, табиий ўрмонлари, бой ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Едигўлларни Туркиянинг энг жозибали ҳудудларидан бирига айлантиради.
Ўрта ер денгизи бағридаги Кўллар ҳудуди ва Салда
Туркиянинг жанубида, Ўрта ер денгизи ҳавзасидаги Кўллар ҳудуди бир-бирига яқин жойлашган кўплаб кўллари билан ажралиб туради. Афёнкараҳисар, Анталия, Бурдур, Испарта ва Коня вилоятларининг айрим қисмларини қамраб олган бу ҳудудда Ажигўл, Акшеҳир, Акгўл, Бурдур, Бейшеҳир, Гавур, Ишикли, Илгин, Эғирдир, Эбер, Ковада, Салда, Карамик, Суғла, Яришли ва Караташ каби кўплаб тектоник кўллар жойлашган.
Уларнинг орасида Бурдурдаги Салда кўли оппоқ майин қирғоғи ва тиниқ суви билан эътиборни тортади. Бироқ унинг қизиқарли жиҳати фақат манзарасида эмас. Кўл атрофидаги айрим геологик тузилмалар Марс юзасидаги шаклларга қиёсланади. Шу боис Салда табиати билан бирга геологик хусусиятлари жиҳатидан ҳам қизиқиш уйғотади. Кўл суви минерал моддаларга бой. Маҳаллий қарашларда унинг терига фойдали хусусиятлари борлиги ҳам айтилади.
Марказий Онадўлининг табиий дурдонаси: Туз кўли
Туз кўли Анкара, Аксарай ва Коня вилоятлари туташган ҳудудда жойлашган бўлиб, у Туркиянинг катталиги бўйича иккинчи йирик кўлидир. Сув таркибидаги туз миқдорининг ниҳоятда юқорилиги бу ерда бошқа кўлларга ўхшамайдиган манзарани ҳосил қилади.
Ёзда сув буғлангани сайин кўл юзини оппоқ туз қатлами қоплайди. Айрим даврларда сувўтлар таъсирида сув пушти рангга киради. Қуёш ботаётган пайтда оқ тузлар, пушти сув ва осмон ранглари бир-бирига қоришиб, кўл манзарасини янада ғайриоддий қилади.
Туз кўли кўчиб юрувчи қушлар учун ҳам муҳим табиий макондир. Айниқса, у Туркиядаги фламинголарнинг асосий кўпайиш ҳудудларидан бири саналади: ҳар йили минглаб фламинголар шу ерда уя қуради. Кўлнинг ноёб табиий ва экологик аҳамияти эътироф этилиб, Туз кўли Махсус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудуди ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси дастлабки рўйхатига киритилган.
Шарқий Анадолуда тарих ва табиат уйғунлиги: Ван, Немрут ва Отлукбели кўллари
Шарқий Онадўли Туркиянинг энг жозибали уч кўлини бир ҳудудда жамлайди. Улардан Ван кўли Туркиянинг энг катта кўли, айни пайтда дунёдаги энг йирик содали кўл ҳисобланади. Кўлнинг ўзига хос сув муҳитига мослашган марварид кефали бу ерда яшайдиган ягона балиқ тури бўлиб, маҳаллий ошхонада ҳам алоҳида ўрин тутади.
Ван яқинидаги Битлисда, Немрут вулқонининг улкан кальдераси бағрида, денгиз сатҳидан 2250 метр баландликда Немрут кўли жойлашган. У Туркиядаги энг катта, дунёдаги эса иккинчи йирик кратер кўлидир. Кальдера ичида ёмғир сувлари билан тўйинадиган бешта кўл, иссиқ булоқлар, фумаролалар ва муз ғорлари учрайди. Атрофдаги тик тоғлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси эса ҳудуднинг вулқонли тарихини эслатади.
Шимолроқда, Эрзинжан ҳудудида жойлашган Отлукбели кўли бутунлай бошқа манзарани намоён этади. У минерал моддаларга бой сувлар ҳосил қилган травертин тўсиғи ортида шаклланган ва табиий ёдгорлик сифатида муҳофаза қилинади. Кўлнинг қизғиш туси айниқса эътиборни тортади. Булоқ сувлари атрофдаги минералларга бой қизил тупроқ қатламлари орасидан оқиб ўтар экан, сув ва ер ранглари уйғунлашиб, Отлукбелига ўзига хос қиёфа бахш этади.
