FIDE раҳбарини экстремист деб топишлари мумкин
Москва Тверь туман судига киритилган даъводаги жавобгарлар қаторида Тимур Турлов, шунингдек, у билан боғлиқ бир қатор компаниялар кўрсатилган. Даъвонинг расмий мазмуни ҳозирча очиқланмаган.
«Коммерсантъ» манбаларига кўра, Турлов ва у билан боғлиқ тузилмалар Украинадаги ташкилотларни молиялаштиргани сабабли уларни экстремистик деб топиш ва мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш масаласи кўтарилиши мумкин.
Турлов 2022 йилда Россия билан алоқаларини узиб, Россия фуқаролигидан воз кечган ва Қозоғистон фуқаролигини олган. Қозоғистон ва Украина ОАВ маълумотларига кўра, у Украинага гуманитар ёрдам учун маблағ ажратган. Хусусан, Украина элчихонасига 1 миллиард тенге, Қозоғистондаги хайрия жамғармаларига 371,5 миллион тенге ажратилгани хабар қилинган. Freedom Holding эса тез тиббий ёрдам машиналарини харид қилиш учун 2 миллион евро йўналтирган.
Россияда аввал ҳам Украинага маблағ юборган айрим шахслар суд қарорлари асосида экстремистик деб топилган.
Турловнинг вакиллари даъвонинг тафсилотлари ҳозирча уларга аниқ маълум эмаслигини, ҳужжатлар ўрганилаётганини билдирган.
Иш бўйича томонларнинг суддаги учрашуви 15 октябрга белгиланган.
