Кўплаб қурбонларга олиб келиши мумкин бўлган йирик гибрид ҳужум эҳтимоли бор…

Кўплаб қурбонларга олиб келиши мумкин бўлган йирик гибрид ҳужум эҳтимоли бор…

Европа Иттифоқи давлатлари Россия томонидан кўплаб қурбонларга олиб келиши мумкин бўлган йирик гибрид ҳужум эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Politico маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда ЕИга аъзо 27 давлат элчилари бундай сценарий ва унга эҳтимолий жавоб чораларини муҳокама қилган.

Музокаралар август ойида Лейпциг аэропортида портловчи модда билан жиҳозланган дрон аниқланганидан кейин фаоллашган.

Европалик дипломатлардан бири Россиянинг ҳаракатлари кўлами ва миқёсини ҳисобга олганда, эртами-кечми қурбонлар бўлиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаган.

ЕИ давлатлари ва дипломатлари эҳтимолий ҳужумдан кейин фавқулодда жавоб гуруҳларини сафарбар қилиш, жабрланган давлатга молиявий ёрдам кўрсатиш ҳамда Европа Иттифоқи раҳбариятининг аҳоли билан коммуникациясини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Дипломатлардан бири агар ҳужум натижасида ЕИ ёки НАТО давлатларининг бир нечта фуқароси ҳалок бўлса, ташкилотларга жавоб чораларини кўриш бўйича босим кескин кучайишини айтган.

Россиянинг Европа давлатларига қарши гибрид ҳужумларни кучайтириши мумкинлиги ҳақида Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов ҳам фикр билдирган. Унинг таъкидлашича, Москва ҳудудларни босиб олишдан кўра, Украинага ёрдамни камайтиришга мажбурлаш мақсадида гибрид операциялардан фойдаланиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: