Нодирбек Абдусатторов Жавоҳир Синдаров қандай қилиб зўр шахматчига айланганини айтди
Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов миллий жамоадаги жамоадоши Жавоҳир Синдаров ҳақида, унинг ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон шахмат тожи учун беллашуви олдидан фикр билдирди.
Абдусатторов Синдаровни барча замонларнинг энг кучли беш нафар шахматчиси қаторига қўшиб, унинг истеъдодига алоҳида тўхталди:
– Биз унинг салоҳиятини жуда яхши биламиз. Жавоҳир жуда катта истеъдод соҳиби, ҳатто мендан ҳам истеъдодли, десам адашмайман. 2021–2022 йилларгача у шахматга унчалик кўп вақт ажратмасди, бошқа ишлар билан ҳам шуғулланарди.
Менимча, у тарихдаги энг истеъдодли беш нафар шахматчи қаторига киради — Каспаров ва бошқа буюк усталар билан бир қаторда. Талант жиҳатидан улардан қолишмайди. Фақат узоқ йиллар давомида ўз салоҳиятини тўлиқ намоён эта олмади, бироз сояда қолиб кетди, — дейди Нодирбек.
Абдусатторовнинг таъкидлашича, Синдаровнинг ютуқлари унга ўзи учун ҳам кучли туртки бўлган:
– 2022 йилда рейтингда 2700 балл чегарасини биринчи бўлиб мен бузганман. 2025 йилгача рейтинг бўйича дунёдаги энг кучли шахматчилар қаторида бўлдим. Лекин Номзодлар турнири босқичига чиқишга муваффақ бўлмадим. Аввалига бунга ёшим кичиклиги тўсқинлик қилган бўлса, кейин тажриба етишмаслиги сабаб бўлдиди.
Кўп йиллар давомида мен Жавоҳирдан бир қадам олдин юрардим. Энди эса у мени ортда қолдирди ва биринчи бўлиб шу мақсадга етди. Унинг кетма-кет ғалабалари менда гўё иккинчи нафас очди. Жавоҳир бунинг мумкинлигини амалда кўрсатди, йўл очди ва менинг ўзимга бўлган ишончимни мустаҳкамлади. Ҳозир у олдинда, мен эса унинг изидан бормоқдаман, — дея Нодирбек Абдусатторовнинг сўзларини келтиради UzChess.
