«Туркистон» икки жилдли энциклопедияси Турк дунёси маданияти ва мероси жамғармаси кўмагида Остона шаҳрида тақдим этилди

«Туркистон» икки жилдли энциклопедияси Турк дунёси маданияти ва мероси жамғармаси кўмагида Остона шаҳрида тақдим этилди

2026 йил 22 октябрь куни Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонасида Республика куни байрами арафасида «Туркистон» икки жилдли энциклопедиясининг тантанали тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбир Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Турк дунёси маданияти ва мероси жамғармасининг ҳамкорлиги ва кўмагида ташкил этилди.

Жами 880 саҳифадан иборат мазкур фундаментал илмий нашр Туркистонни нафақат Қозоғистоннинг замонавий шаҳри ва минтақаси, балки туркий цивилизациянинг энг муҳим тарихий ва маънавий марказларидан бири сифатида ҳам кенг ёритади. Икки жилдли энциклопедиянинг бош муҳаррири ва лойиҳа раҳбари академик Дархон Қидирали, масъул муҳаррири эса филология фанлари номзоди Турдиқул Шанбай ҳисобланади.

Тадбир давомида Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Малик Ўтарбоев давлат раҳбари номидан энциклопедияни тайёрлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Турдиқул Шанбай ҳамда нашрнинг масъул муҳаррири Жандос Баделулига махсус «Олтин Барс» нишонлари билан бирга миннатдорлик ёрлиқларини тантанали равишда топширди.

Маросимда сўзга чиққан Турк дунёси маданияти ва мероси жамғармаси президенти, профессор Оқтўти Раимқулова туркий халқларнинг умумий тарихий ва маданий хотирасини асраб-авайлаш ҳамда тизимлаштиришда бундай фундаментал илмий лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Жамғарма президенти Туркистоннинг умумтуркий цивилизациянинг энг муҳим марказларидан бири сифатидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратиб, мазкур энциклопедия келажак авлодлар учун қимматли илмий манба бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Тадбир доирасида Турк дунёси маданияти ва мероси жамғармаси томонидан туркий меросни ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган улкан ҳиссаси эътирофи сифатида академик Дархон Қидирали ва академик Одил Аҳмедовга «Туркий маданият ва мерос элчиси» фахрий унвони берилди.

Шунингдек, нашрнинг масъул муҳаррири Турдиқул Шанбай ҳамда таниқли журналист, Озарбайжоннинг «Turkistan.az» ахборот портали бош муҳаррири Оғил Жамол Турк дунёси маданияти ва мероси жамғармасининг махсус ташаккурномалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, энциклопедия устидаги ишлар 2021–2025 йиллар давомида олиб борилган. Уни тайёрлаш жараёнида 300 нафардан ортиқ олим ва тадқиқотчи иштирок этиб, 4 000 дан зиёд ном, атама ва тушунчаларни ўрганган ҳамда таҳлил қилган.

Тантанали маросимда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли олимлар, зиёлилар вакиллари, шунингдек, туркий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Улар орасида Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчилари ҳам бор эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: