Эрон АҚШга қўйган талабларини яна бир бор маълум қилди

Эрон АҚШга қўйган талабларини яна бир бор маълум қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий АҚШ билан музокаралар, Ҳурмуз бўғозидаги вазият, ядровий дастур ва қўшни давлатлар билан муносабатларга доир бир қатор баёнотлар берди. У Вашингтон ва Исроилни минтақада беқарорликни келтириб чиқаришда айблаб, Теҳрон ўз талабларидан воз кечмаслигини таъкидлади.
Ҳурмуз бўғози ва АҚШ билан музокаралар. Бақоийнинг айтишича, Ҳурмуз бўғози орқали ҳаракатланаётган кемалар ўз ҳаракатларини Эрон ҳукумати билан мувофиқлаштириши керак. АҚШ ва Исроил минтақадаги ҳаракатларини давом эттирар экан, денгиз йўлларида хавфсизлик тикланмайди. Теҳрон денгиз блокадаси ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, шунингдек, санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Бақоий «икки кунлик режа»ни яхши ният ифодаси деб атаб, Вашингтонни Исломободдаги келишув бўйича мажбуриятларни бузишда айблади.

Ядровий дастур ва МАГАТЭ. Бақоий Эрон Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) бўйича мажбуриятларини тўхтатмаганини билдирди. Бироқ АҚШ ва Исроилнинг ядровий объектларга берган зарбалари МАГАТЭ билан ҳамкорликни мураккаблаштирган. Шу билан бирга, яқинда Бушердаги объектда инспекция ўтказилган. У Қатар орқали АҚШнинг янги таклифи юборилгани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди. Шунингдек, Эроннинг ядровий дастури ҳақида маълумот берганлик учун 20 миллион доллар мукофот ваъда қилинганини танқид қилиб, бу Вашингтоннинг аввалги «Эрон ядровий дастури йўқ қилинган» деган баёнотларига зид эканини қайд этди.

Арманистон ва TRIPP транспорт лойиҳаси. Бақоий Эрон транспорт йўлакларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини, бироқ минтақадаги чегаралар ва геосиёсий мувозанат ўзгаришига қарши эканини билдирди. У АҚШнинг лойиҳадаги иштироки юзасидан хавотир билдирди. Унинг сўзларига кўра, Ереван Теҳронни лойиҳа чегараларни ўзгартириш, АҚШ ҳарбийлари томонидан қурилиш ишларини олиб бориш ёки ҳарбий кучларни жойлаштиришни назарда тутмаслигига ишонтирган. Барча ишлар арман компаниялари томонидан амалга оширилади.

Ироқ ва АҚШ босими. Бақоий Вашингтон босими Эрон ва Ироқ ўртасидаги тарихий алоқаларга путур етказмаслиги кераклигини таъкидлади. У икки давлатнинг умумий манфаатлари ташқи аралашувдан устун келишини билдирди. Шунингдек, курд партиялари ўртасидаги келишмовчиликларни Ироқ Конституцияси асосида, музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақирди.

Бақоийнинг баёнотлари Эрон ва АҚШ ўртасидаги барча баҳсли масалалар бўйича музокараларда сезиларли тараққиётга эришилгани ҳақидаги хабарлар фонида янгради.

Эҳтимолий келишувнинг асосий тамойили ўзаро ён бериш чораларини бир вақтнинг ўзида амалга оширишга асосланади. Маслаҳатлашувлар давомида кўп йиллик инқирознинг энг мураккаб масалалари бўйича муроса вариантлари шакллангани айтилмоқда.

Ядровий дастур тақдири. Эрон ядровий ишланмалар суръатини қайта кўриб чиқиш ва уларга чекловлар жорий этишга, жумладан, уранни бойитиш ҳамда МАГАТЭ халқаро инспекторлари томонидан мониторинг ўтказиш тартибига оид масалаларда келишишга розилик билдирган. Теҳрон кескинликни пасайтириш ва денгиз блокадасини бекор қилиш эвазига техник параметрлар бўйича муросага тайёрлигини намоён этган.

Эроннинг музлатилган активларини очиш. Вашингтон хорижий ҳисобларда сақланаётган Эрон молиявий активларини босқичма-босқич қисман блокдан чиқаришга ҳамда ҳаётий муҳим операцияларни амалга ошириш учун санкция режимидан чекланган истиснолар тақдим этишга рози бўлган.

Минтақавий хавфсизлик ва денгиз қатнови. Лойиҳа стратегик аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғози ва Форс кўрфази ҳудудидаги кескинликни пасайтириш, ўзаро зарбаларни тўхтатиш ҳамда фуқаролик инфратузилмасига бевосита ҳарбий таҳдид туғдирадиган ҳаракатлардан воз кечишни назарда тутади.

Музокараларнинг жорий босқичидаги муҳим омиллардан бири Саудия Арабистони ва БААнинг жараёнга жалб этилгани бўлди. Аввалги йилларда араб пойтахтлари Оқ уйнинг Эрон билан алоҳида келишувлар тузишига шубҳа билан қараган бўлса, бу сафар ҳужжат параметрларида Форс кўрфазидаги барқарорлик манфаатлари ҳам ҳисобга олинган.

Саудия Арабистони ва БААнинг розилиги эҳтимолий сиёсий тўсиқни бартараф этиб, келишувни минтақавий даражада қўллаб-қувватлаш учун асос яратмоқда.

Ар-Риёд ва Абу-Даби учун АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик Форс кўрфазидаги муҳим инфратузилмага кенг кўламли зарбалар берилишига олиб келмаслиги принципиал аҳамиятга эга. Меморандумни қўллаб-қувватлаш кескинликни пасайтириш, нефть терминаллари, сувни чучуклаштириш заводлари ва логистика занжирлари хавфсизлигини таъминлаш истаги билан изоҳланмоқда.

Шу билан бирга, Форс кўрфази мамлакатлари дипломатик доираларида келишувни кейинчалик ҳам қўллаб-қувватлаш унинг очиқ ва шаффоф бажарилишига боғлиқ экани таъкидланмоқда. Айниқса, қўшни давлатларга ҳужум қилмаслик бўйича ҳақиқий кафолатлар ва Теҳрон ҳаракатларининг олдиндан башорат қилинадиган бўлиши муҳим ҳисобланади.

Келишув ҳақидаги маълумотлар эълон қилингач, хомашё биржаларида ҳам тезкор реакция кузатилди. Ҳурмуз бўғози орқали нефть етказиб бериш узилиши хавфи учун қўшилган геосиёсий устама пасайиши фонида Brent ва WTI русумли нефть нархлари сезиларли тушди.

Шу билан бирга, халқаро таҳлилчилар тарқалаётган маълумотларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда. Лойиҳа ҳозирча умумий хусусиятга эга бўлган ўзаро англашув меморандуми шаклида бўлиб, томонлар уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини келишиб олиши керак.

Асосий келишмовчилик мажбуриятларни бажариш тартиби бўлиб қолмоқда. Теҳрон санкциялар босими қайта тикланмаслиги бўйича кафолатларни талаб қилмоқда. Вашингтон эса молиявий енгилликларни ядровий дастурнинг сезгир йўналишларини қисқартириш бўйича текширилиши мумкин бўлган амалий қадамлар билан боғламоқда.

Келишувларни тўлиқ амалга ошириш Доҳадаги якуний келишувлар натижасига боғлиқ бўлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: