Ҳусийлар Саудия пойтахтидаги аэропортга зарба берганини маълум қилди
Ямандаги ҳусийлар ҳаракати вакили Яҳё Сария Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортига зарба берилганини билдирган. Унинг таъкидлашича, ҳаракат қуролли кучлари аэропортга учта қанотли ракета билан ҳужум қилган. Шунингдек, Сариянинг маълум қилишича, ҳусийлар Янбу шаҳри яқинидаги нефт инфратузилмасига ҳам учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида зарба берган.
Ҳаракат вакили Саудия Арабистони расмийларининг Макка шаҳри ҳаво ҳудудида дрон тутиб олингани ҳақидаги баёнотини рад этиб, ҳусийларнинг ҳарбий амалиётлари фақат ҳарбий базалар ва нефт объектларига қарши қаратилганини таъкидлаган.
