Тошкент мактаблари велосипедлар билан таъминланади
Тошкент шаҳридаги зарур инфратузилмага эга умумтаълим мактабларига 2027–2028 йилларда босқичма-босқич велосипедлар етказиб берилади. Ушбу ташаббус 2027 йил март ойидан тажриба-синов тариқасида «Тошкент тажрибаси» сифатида амалга оширилади.
Бу ҳақда «Велосипед спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, мактаблар учун велосипедлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан харид қилинади. Шунингдек, таълим муассасаларида велоспорт тренерлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ўқувчиларнинг ушбу спорт турига қизиқишини оширишга эътибор қаратилади.
Қарорда «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» мусобақалари доирасида велоспорт бўйича беллашувлар ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2027/2028 ўқув йилига қадар Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун махсус видео-маҳсулотлар тайёрлайди.
Янги қарорга мувофиқ, Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати фаолияти иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва уларни миллий терма жамоаларга етказиб беришга йўналтирилади. 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб эса муассасада паравелоспорт йўналишида таҳсил олувчилар улуши умумий ўқувчилар сонининг 20 фоизига етказилади.
Шу билан бирга, мактаб-интернатда 6–11-синфларда таҳсил олувчи 100 нафар ўқувчи-спортчидан иборат умумий контингент сақлаб қолинади.
