Двигатель поршени ичига яширилган гиёҳвандлик моддалари аниқланди
Гиёҳвандлик — инсон саломатлиги, оилалар осойишталиги ва ёшлар келажагига жиддий таҳдид. Унинг ноқонуний савдосидан манфаат кўзлаётган шахслар тақиқланган моддаларни яшириш ва мамлакат ҳудудига олиб кириш учун турли усуллардан фойдаланмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, хизматнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида шундай ҳолатлардан бири аниқланди.
Мамлакатимизга кириш учун «Айритом» чегара божхона постига келган, 1966 йилда туғилган Афғонистон фуқароси бошқарувидаги «Toyota» русумли автомобиль текширувдан ўтказилди. Натижада унинг юкхонасидаги двигатель поршени ва автомобиль эҳтиёт қисмлари ичига яширилган қарийб 400 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси топилди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаронинг Термиз шаҳрида вақтинча яшаб турган хонадони ҳам текширилди. У ерда бир нечта автомобиль эҳтиёт қисмлари ичига яширилган яна 848 грамм «опий» ҳамда 551 грамм «героин» аниқланди.
Кейинги тезкор ҳаракатлар гиёҳвандлик воситаларини мамлакатимизда қабул қилиб олиши керак бўлган шахсни аниқлашга қаратилди.
Тезкор тадбирлар давомида Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс Шўрчи тумани ҳудудида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 246-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
