Япониянинг Kairos ракетаси биринчи парвози вақтида портлаб кетди
Япониянинг Space One компаниясининг Kairos ракетаси чоршанба куни биринчи марта учирилганидан бир неча сония ўтиб портлади. Reuters агентлигининг ёзишича, фирма сунъий йўлдошни орбитага чиқарган биринчи япон компанияси бўлишни мақсад қилган.
Бугун, 13 март куни Япония ғарбидаги Вакаяма префектурасидаги хусусий Space Port Kii учириш майдонида 18 метрлик Kairos ракетаси учирилганидан кўп ўтмай портлаган. Ракета парчалари учиш жойига яқин тушган ва кучли ёнғин чиққан.
“Ракета парвозни тўхтатди, чунки биз унинг миссияси қийин бўлишини тушундик”, – деди компания президенти Масакадзу Тойода.
Space One портлашга нима сабаб бўлганини ва компания кейинги Kairosни қачон учиришини аниқламади, фақат портлашни батафсил ўрганишини айтди.
Компаниянинг таъкидлашича, учириш автоматлаштирилган бўлиб, ерда бор-йўғи ўнга яқин ходимларни талаб қилади ва ракета парвоз йўлида ёки бошқарув тизимида одамларга хавф туғдириши ва ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин бўлган хатоларни аниқласа, ўзини-ўзи йўқ қилади.
“Биз «глобал муваффақиятсизлик» атамасини ишлатмаймиз, чунки ҳар бир тест бизга янги муаммони ҳал қилиш учун янги маълумотлар ва тажриба олиб келади”, – деди Тойода матбуот анжуманида.
Вакаяма префектураси губернатори Сюхей Кишимото журналистларга ракета учирилган майдон яқинида қурбонлар йўқлигини ва ёнғин ўчирилганини айтди.