Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (34-қисм)

Шу куни яна тўртта ўқитувчидан Фазлиддин Хонзодахон айтган гапларга ўхшаш гап эшитди. Демак, жиддий экан. Демак, рост экан, дея кўнглидан ўтказди. Аммо гуруҳдошларига бу хабар ёқмади. «Ноҳақлик, — дейишди улар. — Фақатгина ўқиш билан бўлмайди. Тажриба ҳам керак», — дейишди билағонлари. Аслида эса, улар бошқа нарсадан қийналишаётганди. Ҳаммаси Фазлиддинни бой бериб қўйишдан чўчиётганди. Қаранг, Фазлиддин бирортасига насиб этмаслиги кундай равшан. Бироқ, барибир, қаршилик, қизғаниш бор…

Фазлиддин шу куннинг ўзидаёқ иккинчи курсда ўтиладиган дарсликларнинг ҳаммасини кутубхонадан олиб, ижара уйига келди. Унинг ютуғи — барча фанларга нисбатан тушунчаси борлиги эди. Айниқса, физика, химия ва математика унинг жону дили бўлиб қолганига анча бўлди. Тарих билан эса ўзи шуғулланди. Истаб-истамай, гарчи ёқтирмаса-да, дарсликларга ёзилганларнинг ҳаммасини ўқиб чиқди…

Энди у уйдан деярли чиқмай қўйди. Борадиган жойи масжид ва машғулот. Бир ҳисобдан шу спортнинг, курашнинг ҳам борлиги унга жуда катта фойда бераётганди. Роса китоб ўқиб, конспект ёзиб чарчаганида, шуғулланишга бориб, қушдай енгил бўлиб келади. Ҳали айтганимиздай, «калит» қўлида бўлгач, фанлар осонлик билан эшикларини бирма-бир очаверди. Бироқ, барибир, устозсиз иши битмайдиган жойлари ҳам бор эдики, бунинг учун у билим юртига боришга мажбур бўларди. Дарвоқе, унга яна битта имконият беришди. Унинг дарсга келиши шарт эмасди. Бироқ шу билан бирга дарсларнинг ҳаммасини тўлиқ ўзлаштириши шарт эди. Ҳар борганида ўқитувчилари уни сўроқ-саволга тутишарди…

«СССР кубоги бўлади. Тошкентда».

Шу гапни эшитган Фазлиддин пешонасига урди. «Мен қатнаша олмас эканман. Қатнашадиган бўлсам, дарсларим қолиб кетади», деди. Мураббий кўнмади. «Ишонганимиз сенсан. Бунинг устига, республика термасига ёздириб қўйганман. Энди қандай қилиб: «Йўқ, бу бола бўлмайди», дейман? Ўзи бизникилардан бор-йўғи иккитасизлар. Дарсингдан хавотир олма, унисиям бўлади, бунисиям. Агар ўқишингдагилар тихирлик қилишса, ўзим бораман. Менга кўнишмаса, горкомга чиқаман», деди. Фазлиддин қараса, ҳаммаси чигаллашиб кетадиган. «Майли, қатнашаман», деди. Кейин: «Бошидаёқ ютқазаман-да, мусобақадан чиқиб кетаман», дея ўйлади.

Аммо у ўйлагандек бўлмади. Аввал озарбайжонлик курашчи билан матга чиқиб, уни ютиб қўйди. Шундан кейин ўзининг ҳам иштаҳаси очилди. Украиналикни ағдарди. Кейин молдован йигитнинг ҳам елкасини ерга босди. Энди бу ёғи ярим финал келиб қолди. Лекин кутилмаганда уни республика босқичида енгган рақиби грузин болага ютқазиб қўйди. Аламидан қичқириб юборди. «Ғирром, ғирромлик қилди», деди у. Аммо унинг гапини эшитгувчи бўлмади. Бу пайтда Фазлиддин қозоғистонликни енгган ва финалга чиққан эди. Грузинни кўрди. У чаққон, чайир, мушаклари бўртиб чиққан бола эди. Кейин усулларни жуда тез бир-бирига улаб юборарди.

Финал куни ғалати бўлди. Фазлиддиннинг матга чиқишига ярим соатча қолганида, унинг хонасига турқи совуқ, қалин мўйловли, ўттиз ёшлар атрофидаги бир одам кириб келди. У билан қўл бериб кўришди-да:

— Сен ютишинг керак. Катталар шуни хоҳлашяпти. Беш минг сўм нақд санаб бераман. Фақат ют, шарманда қилма! — деди-ю, чиқиб кетди.

Фазлиддин бир оғиз ҳам сўз айтолмай, унинг ортидан кузатиб қолди. Бу одам ким? Нега бу ерга келди? Фазлиддин ютишининг унга нима қизиғи бор? Бу ёғи унақа-бунақа эмас, нақд беш минг сўм ваъда бериб кетди. Тушунмади. «Мен пул учун кураш тушмайман. Шу қилганингга ютқазаман», дея кўнглидан ўтказди ва бирдан Акбарнинг сўзларини эслади. «Агар кўчанинг болаларига қўшилиб қолсанг, тамом, ҳаётимдан айрилдим, деявер. Улар бир марта қармоқларига илинганларни ҳеч қачон қўйиб юборишмайди», деганди.

— Йўқ, менинг режаларим мутлақо бошқача. Беш минг сўмни деб, бор орзу-умидларимдан воз кечиб кетолмайман, — дея шивирлади у ўзига ўзи.

Иттифоқо, матга чиққани кетаётганида Акбарга кўзи тушди. Дарвоқе, Акбар ҳам кураш тушаётганди. Рақибларини худди хамирни эзғилагандай эзиб ташлаётганди. Чунки кучи ниҳоятда кўп. Бир ушладими, ўша ушлаган жойини ҳеч қачон қўйиб юбормайди. У ҳам финалга чиққан. Финалда арманга рўбарў келиб турибди.

— Сен, — деди Акбар Фазлиддин унинг ёнидан ўтиб кетаётганида, — ундан тезсан. Сен ундан кучлисан. Бос! Занғарни чирқиратиб ташла. Мен сенга ишонаман!

«Акбар ака, аҳволим чатоқ. Менга беш минг сўм ваъда қилиб туришибди. Агар ютсам, сиз айтган қармоққа илинаман», деёлмади у. Шунчаки бошини қимирлатиб, «хўп», дегандай ўтиб кетди.

Энг аввал Фазлиддин рақибнинг кўзи ўйнаётганини кўрди. У Фазлиддинни руҳан синдириш мақсадида иржаярди.

Ҳакам курашга рухсат берди. Рақиблар бир-бирига яқинлашди… Агар Чиковани (рақибнинг фамилияси шундай эди) ўша майнавозчиликни қилмаганида эди… Агар у Фазлиддиннинг кўзига бармоғини тиқиб олмаганида эди, ҳаммаси бошқача бўлган ва у ютган бўларди. Яхшики, Фазлиддин кўзини юмиб қолди, бироқ, барибир, унинг бир кўзи оз муддат хиралашиб, ундан ёш чиқди. Бундан фойдаланган Чиковани Фазлиддиннинг оёқларига ташланди. Ушлаб олди. Бирдан қаддини ростлаб, Фазлиддинни елкасига олди. Ана шундагина Фазлиддин ўзига келди. рақибининг тўла-тўкис усулни амалга оширишига тўсқинлик қилиб қолди. Бироқ икки ҳаракатда Чиковани беш очко жамғариб олганди. Фазлиддиннинг қони қайнади. Аввал ҳеч қачон бундай бўлмаганди. Чунки биров унга бунчалик очиқ-ойдин ғирромлик қилмаганди. «Энди ўзингдан кўр!» дея кўнглидан ўтказди. Бу пайтда Чиковани навбатдаги ҳужумга ўтганди. Яна худди олдингидай Фазлиддиннинг оёқларига ташланди. Бироқ бу сафарги ҳужуми бесамар кетди. Фазлиддин нафақат сакраб қолди, балки бир айланиб рақибининг орқасига ўтди ва шу заҳоти унга уч очко ёзилди. Зал қий-чув бўлиб кетди. Чунки мухлисларнинг деярли ҳаммаси унинг тарафида эдилар.

Чиковани ерга қапишиб олишнинг ҳадисини олганди, шу боис Фазлиддиннинг барча ҳаракатларига жавоб бера оларди.

Ҳакам уларни турғизди. Чиковани яна иржайди. Бироқ бу сафар ҳужумга ўтмади. Чунки у Фазлиддин тўла-тўкис ўзини тиклаб олганини англаб етган эди. Фазлиддиннинг ғазаби жўш урар, у эртароқ рақибни бир ёқли қилишни истар эди. Шунинг учун кетма-кет ҳамла қилаверди. Чаққон, тезкор Чиковани ҳар сафар чап бериб, уни доғда қолдираверарди. Бироқ бир сафар унинг чаққонлигию тезкорлиги иш бермай қолди. Чунки у Фазлиддиндан бундай «юриш»ни кутмаган эди-да. Фазлиддин унинг бир қўлтиғи ва бўйнини қўшиб ушлади ва шу заҳоти рақибни ўзининг устидан ошириб ташлади. Шу билан бирга ўзи ҳам унинг устидан тушди. Чиковани аввалига бир елкаси билан тушганди ва дарров қийин вазиятдан чиқиб кетишга уринарди. Аммо Фазлиддиннинг чайир, бақувват билаклари уни қўйиб юбормас эди… Ҳисоб Фазлиддиннинг фойдасига еттию бешга айланиб улгурган, яна озгина уни бўғиб ерга босса, ҳаммаси тамом бўлар эди. Лекин у бундай қилмади. Қўйиб юборди-да, ўрнидан турди. Зал бақир-чақирга тўлиб-тошиб кетди. Ахир ғалаба тайёр эди. Озгина сабр қилса, ҳаммаси ҳал бўларди. Ана шундай бир пайтда улар севиб мухлислик қилиб турган курашчи ўрнидан туриб қўйди.

Энди Чикованининг аламдан чакка томирлари бўртиб кетди. Чунки вақт жудаям қисқа қолган. Энди рақиб ҳеч нима қилмаса ҳам, ютиб кетади. Унга жонингни берсанг берки, лекин ют, дейишган. Яна нақд ўн минг сўм ваъда қилишган… У ўкирганча олдинга ташланди. Бироқ Фазлиддин қочиб қолди ва унинг орқа томонига ўтиб, белидан ушлаб кўтарди-да, ерга боплаб урди, сўнг бу билан ҳам қаноатланмай яна кўтариб урди. Чиковани нима бўлаётганини тушунмай қолди. У гангиб, ҳеч қандай қаршилик қилолмаётганди… Агар ҳакам келиб Фазлиддинни тўхтатмаганида, эҳтимол, бир нечта қовурғаси синарди…

Фазлиддинга тоза ғалаба берилди. Мабодо унинг ҳамма ҳаракатларини ҳисобга олишганда, ўттиз баллдан ошиб кетарди… Чиковани бир томонга қийшайиб қолганди. У қўллар кўтариладиган пайти ҳам тўғри туролмади. Оғриқнинг зўридан зўрға тишини тишига босиб турарди.

Фазлиддин унинг табригини қабул қилмади. «Ғирромсан», деди унга.

— Кечир, — деди бунга жавобан Чиковани ва матга ўтириб қолди.

Фазлиддин энди мат ташқарисига чиққанида, мухлислар орасидан чиққан бир одам югуриб келиб уни кўтариб олди. Бир неча марта ҳавода айлантириб ерга қўйди.

— Бопладинг! Ўғил боланинг ишини қилдинг! Сен ҳақиқий чемпионсан! Чемпион! — дея ҳайқирди.

Фазлиддин гаровга тикилганини ўзи билмасди. Финал олдидан «кўча»нинг каттаси Грузиядан келган ўзига ўхшаган зўравон билан баҳс бойлашиб қолди. Икккаласи меники ютади, деб анча талашишди. Сўнг ҳар иккови юз минг сўмдан (ҳозирги тахминан уч юз минг доллар) ўртага ташлашди. Ўзимизнинг мафиоз ҳеч қачон сувни кўрмай туриб этигини ечган эмас. Бир нимага ишончи комил бўлсагина, шуни амалга оширишга ҳаракат қилади. У Фазлиддиннинг ҳаракатларини кузатди. Бундан олдин республика чемпионига ишониб турганди. Бироқ у ярим финалда ютқазиб қўйди. Шундан кейин эътиборини Фазлиддинга қаратди. Телевидениедан видеоёзувни олди. Аслида, уни олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бироқ унга мумкин. Бермай кўришсин-чи… Диққат билан Фазлиддиннинг хатти-ҳаракатларини кузатди. Кейин шотирларига айтди: «Жони бор. Тикишга арзийди», деди. Бундан олдин Акбар ҳам кузатувдан ўтказилган ва унга ҳам юз минг тикилган эди.

Фазлиддин Акбарнинг финалини кўра олмади. У кийиниш хонасидан тўғри душга кирди, шу бўйи у ерда анча муддат қолиб кетди. Муздай сувни очиб, унинг тагида турди. Йиғлади. Ўзини ўзи ҳақорат қилди. «Нималар қилиб қўйдинг? Бечорани ўлдиришинг мумкин эди-ку. Кейин Худонинг олдида нима деб жавоб берардинг? Ҳатто бечора кечирим сўраганида ҳам кечиримини қабул қилмадинг. Буниси эса ҳаммасидан ошиб кетди», дея ўйларди у.

Бу пайтда уни ташқарида «кўча боши»нинг шотирлари кутишарди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: