ЁСИН СУРАСИ ФАЗИЛАТИ
Ёсин сураси фазилатлари тўғрисида кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Уларда айтилишича, кимда-ким бу сурани ихлос билан ўқиса, ҳожати раво бўлади, хавф-хатарда бўлса хотиржамлик топади, камбағал бўлса бойликка эришади, маҳбус бўлса озодликка чиқади, қарздор бўлса қарзини осон узади .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги)ни, охират кунини истаб тиловат қилса, гуноҳлари кечирилади. Уни ўликларингизга ўқинглар”.
Яҳё ибн Абу Касир айтади: “Ким тонг отганда Ёсин сурасини ўқиса, кечгача хурсандчиликда бўлади. Ким уни кеч кирганда ўқиса, тонг отгунча хурсандчиликда бўлади. Буни тажрибада синаган одам бизга хабар қилишича, Ёсин сураси Қуръоннинг қалбидир”.
ЁСИН СУРАСИ ҚУЙИДАГИ ФАЗИЛАТЛАРГА ЭГА:
Ёсин – Қуръоннинг қалби;
Ёсин сураси ўқилса, руҳнинг танадан чиқиши осонлашади;
Ёсинни ўқиган кишига Қуръонни ўн марта хатм қилиш савоби берилади;
Ёсинни ихлос билан ўқиган банда гуноҳлари кечирилади;
Тонгда ёки кеч кирганда Ёсин сурасини тиловат қилган одамнинг мушкуллари осон бўлади, ҳожатлари раво этилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёсин сураси умматимдан ҳар бир инсон қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар .
Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон банда Ёсин сурасини ўқиб-ўрганса, ёд олса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсияларига мувофиқ иш бўлади.