Навалнийнинг ўлими учун қасос: хакерлар Россиядан маҳбуслар ҳақидаги маълумотни ўғирлади
Хакерлар Россия жазони ижро этиш хизматидан маҳбуслар ҳақидаги маълумотни ўғирлади, деб ёзмоқда Kun.uz/
Хакерларнинг айтишича, Навалний ўлимидан сўнг улар Федерал жазони ижро этиш хизмати веб-сайтларини бузиб, Россия колонияларидаги 800 мингга яқин маҳбуслар ҳақидаги маълумотларни юклаб олган.
«Кремлга қарши» ҳакерлар гуруҳи Федерал жазони ижро этиш хизмати компютер тизимини бузиб, Россия колонияларидаги юз минглаб маҳбуслар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритди, деб хабар берди CNN 1 апрел, душанба куни киберҳужум иштирокчилари маълумотларига таяниб.
CNN билан суҳбатда ҳакерлардан бири Россия колонияларидаги 800 мингга яқин маҳбуслар, шу жумладан сиёсатчи Алексей Навалний вафот этган Харпдаги ИК-3 ҳақидаги маълумотлар базасини юклаб олишга муваффақ бўлганини айтди. Маълумотлар базасида маҳбуслар ва улар яқинларининг телефон рақамлари, электрон почта манзиллари мавжуд, дея аниқлик киритади CNN. Телеканалнинг тасодифий текшируви маълумотлар базаси ҳақиқатга мос келишини кўрсатди.
Ҳакерлар «ФСИН» пудратчиларининг веб-сайтларини ҳам бузиб кирган, улардан бирида Навалний ва унинг рафиқаси Юлиянинг сурати жойлаштирилган. Маҳбуслар учун онлайн-дўконда ҳакерлар барча товарлар нархини бир рублгача пасайтириб қўйди.
Навалнийнинг ўлими учун қасос сифатида бузиб кириш
«ФСИН» тизимини бузиб кириш Навалнийнинг ўлимидан бир неча кун ўтгач содир бўлди. Ҳакерлар сиёсатчининг ўлими учун шу йўл билан қасос олмоқчи эканини айтди ва ўз мурожаатини «ФСИН» пудратчиси сайтларидан бирида чоп этди. «Биз – бугунги Россияни тарк этган айтичилармиз. Биз ўз ватанимизни севамиз ва у режимдан озод бўлганда қайтамиз. Ва бу йўлда охиригача борамиз. Яшасин, озод Россия. Алексей Навалний хотираси учун», – деб ёзган ҳакерлар сайтда.
CNN нашрига жавобан, Федерал жазони ижро этиш хизматига яқин бўлган ТАСС манбаси департамент тизимлари ва маълумотлар базасини бузиш фактлари қайд этилмаганини айтди. CNN Федерал жазони ижро этиш хизматини бузиб кирган ҳакерлар гуруҳи номини келтирмади. Унинг иштирокчилари телеканал билан суҳбатда турли давлатлардан, жумладан, Россия ва Украинадан эканини даъво қилмоқда.