Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (60-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (60-қисм)

Фазлиддин ресторандан кўпам узоқлашмади. Эшикдан икки қадам нарига ўтиб, ортига ўгирилиб қаради ва бирдан қовоғини уйди-да:

— Ҳов тирранча! Ҳозир ичкарига кириб, менинг яқинларимдан кечирим сўрайсан! Йўқса, ҳамма ҳисоботни Каримбой аканинг болаларига берасан! Уқдингми?! — деди Ёрқинга.

Ёрқиннинг бирдан юраги орқага тортиб кетди. Ахир у Фазлиддиннинг, кимсан, Каримбой ака билан алоқаси борлигини билмасди. Бироқ у сир бой бергиси келмади.

— Нима девоссан ўзингдан-ўзинг? — деди бу сафар овозини бироз пасайтириб.

— Эшитганинг! Уруғ-аймоғинг билан бугуннинг ўзидаёқ йўқоласан! Ҳамманг! Ҳеч бирингга шафқат қилинмайди. Аммо қўлимни қонга ботириш ниятим йўқ! Келишдикми?!

Ёрқин бурнини тортиб қўйди ва:

— Каримбой аканинг ҳурматлари чексиз. Раз шундоқ экан, осони — бориб кечирим сўрашимиз. Аммо окаларингга айтиб қўй, бунақа қилиб юришмасин, биз бўлмаганимизда, бошқаларнинг қўлларига тушишарди, — деди, сўнг шерикларига юзланди: — Борларинг, окалардан…

— Йўқ, — дея унинг гапини бўлди Фазлиддин, — ўзинг борасан. Ўзинг кечирим сўрайсан! Лайчаларинг шу ерда туришади!..

— Сан бунақа қилиб ҳақорат қилиб ташовурма! — деди Ёрқиннинг шерикларидан бири.

— Ҳозир менинг қўлимда турибсан. Ўзинг бошқаларни ерга тиқиб ташлаганларинг эсингдан чиқдими?!

— Ўлиб қолмайсан! Сурларинг беттан! Санлар анави жойга бориб турларинг, ман ҳозир бораман. Каримбой акани манчалик билмайсанлар! — деб Ёрқин бурнини тортиб қўйди.

Унинг йигитлари кетишди. Ўзи ичкарига кириб, Абдуалим билан Фахриддиндан узр сўради. Кейин Фазлиддинни мақтади. Бунгача Абдуалим яна битта шиша буюрган экан. Шундан бир пиёласини Ёрқин сипқорди. Ўзи сўраб олиб ичди. «Бундан кейин ока-ука бўлишимиз учун», деб қадаҳ кўтарди. Аммо унинг ичидан зил кетганди. Зўрға тишини тишига босиб, шу ишларни қилди. Илло, қаёқдаги қишлоқиларнинг олдида бу кўйга тушиш унинг ўзи учун шармандалик эди…

Орадан роппа-роса беш йил ўтиб, уни отиб ташлашади. Давлат томонидан унга нисбатан олий жазо қўлланадики, буниси алоҳида тарих…

— Укам, жонажон укам! Сен уларга нима дединг? Оёқлари қалтираб қолибди-ку! Аммо-лекин зўр боласан! — деди Абдуалим Фазлиддин унинг ёнига борганида.

— Мен сизларга ўлиб қолгудай ичманглар, деб тайинлагандим. Гапимга қулоқ солмадингизлар. Бўлди, энди хурмачаларингизни қишлоққа бориб тўлғазасизлар. Кетдик! — деди Фазлиддин хафа бўлиб.

Эртасига тонг саҳарда уларнинг иккисини ҳам автобусга ўтқазиб, қишлоғига жўнатиб юборди. «Раисга айтинг, моторларни олиб кетишга энди бошқа одамларни жўнатсин», деди Фазлиддин қариндошлари автобусга чиқаётганларида.

Шу куни кечгача у ғалати бўлиб юрди. Кечга бориб эса, яна юраги сиқилди. Энди унинг росманасига калласи қотди. Чидаёлмади. Хуфтон намозига борганида бу ҳақда Муҳаммад Али қорига ёрилди. Домла жиддий тортди.

— Кўпроқ Қуръон ўқинг. Пайғамбаримизга салавот айтинг, зикр қилинг. Кейин Худодан фақат яхши нарсаларни сўранг, — дея маслаҳат берди.

Фазлиддин шундоқ ҳам бу амалларни бажаради. Энди кўпайтирди. Икки кундан кейин эса юрак сиқилиши йўқолди. Худди шу куни у Малоҳатдан мактуб олди.

«Ассалому алайкум, ёмон бола!

Уч кун сизга хат ёзолмадим. Билмадим, нега? Ёзаман десам, қўлим қалтираб кетаверди. Бугун, мана, ёзаяпман… Сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Агар ҳовлингизга гул эксангиз-у, унга қарамасангиз, нима бўлади?.. Ҳа, сув бермасангиз, ишлов бермасангиз… гул яшнаб кетаверадими? Унақада у янтоққа айланиб кетади-ку!

Хайр, ёмон бола!»

Фазлиддин ҳеч нарсага тушунмади. Бошини қашлади: «Бу қизгина нима демоқчи бўлаяпти? Нега ҳаммаёқни арифметика қилиб ташлаган?..»

Кейин Фазлиддин дарров ҳисоблаб кўрса, қишлоқдан келганига бир ярим ойдан ошиб қолибди. Ҳа, ҳаммадан аввал келган… Кулди. «Бораман, — деди. — Гулларнинг ҳолидан хабар оламан. Тўғриси, кўп гул эмас. Бор-йўғи бир дона. Бўлганда ҳам мингтасидан зўр», дея кўнглидан ўтказди у.

Шу ҳафтанинг охирида қишлоққа йўл олди. Аммо манзилга етгунича ярим кеча бўлиб кетди. Йўлда автобус бузилди. Ҳайдовчи уч соатча уриниб, зўрға тузатди. Ўзиям унинг ҳаммаёғи қора мойга ботди. Шундай қилиб, Фазлиддиннинг кўнглидаги режа амалга ошмай қолди: Малоҳатни кўргани боролмади. Эртаси куни борди. Кетар чоғи. Якшанба эди. Малоҳат йўқ экан. Пахтага кетибди. Отаси ҳам пахтада экан. Онаси шундай деб айтди. Бироқ онанинг ўзи хушламайгина қарши олди. Кетар чоғи эса:

— Сен бундай келишларингни қўй, одамлардан балога қолиб кетдик. Биласан, элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Сен билмайсан, анча гап-сўзлар бўлиб ўтди. Малоҳат жудаям кичкина. Бунинг устига, устозинг ҳам бундай бўлмағур гапларни кўтаролмайди. Ҳалол яшаб юрган, бунинг устига, бир умр ўқитувчи бўлиб ўтаётган одамга бундай гап-сўзлар ярашмайди. Ақлли боласан. Кўп ўқияпсан. Тушунасан, — деди.

Фазлиддиннинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди.

— Хўп. Айтганингиздай қиламан. Бошқа келмайман, — деб кулиб қўйган бўлди Фазлиддин.

У бир ой ўзига келолмади. Бўлмаса, Тошкентга борганидан уч кун ўтиб, Малоҳатдан хат олганди. Унда Малоҳат: «Нега кутиб турмадингиз? Дарров кетиб қолибсиз. Мен сиз кетишингиз билан уйга келган эканман. Ҳатто ортингиздан чиқдим. Бироқ аксига олиб, автобус сизни олиб кетди. Уни ҳам ортидан кўриб қолдим. Энди келганингизда кўпроқ ўтиринг», деб ёзган эди.

Фазлиддин шунчаки кулиб қўйди. Аччиқ кулди.

У шу бўйи қишгача қишлоққа қайтиб бормади. Ўқишга жуда қаттиқ берилиб кетди. Химия ва физикани ўргангани сайин фанлар ўзларининг сирларини очиб бераётгандай эди. Бунинг устига, бир пайтлар Лондондан олиб келган китоблари ҳам қайтадан кашф қилина бошлади. Шунингдек, пахтадан ҳориб-чарчаб қайтган курсдошлари ҳам унинг атрофида жамлана бошладилар. Чунки Фазлиддин айтган гаплар, формулаларни тушунтириб беришлари уларда қизиқишни орттириб юборди. Гарчи ўқитувчилар ўтмаган мавзулар бўлса-да, Фазлиддин улар ҳақида курсдошларига маълумот бераверарди. Лаборатория эса одамга тўлиб кетди. Шунда ректордан факультет деканига бир парча хат тушди. «Студентларнинг ўта чуқурлашиб кетишларига йўл қўйилмасин. Лабораторияга киришлари чеклансин!»

Декан: «Ректор мана шунақа мазмундаги хат берди», демади. Ўзи бориб, лаборатория мудирига: «Пешиндан кейин бу ерга ҳеч ким кирмасин!» деб тайинлаб қўйди. Шу билан гуриллаб ёнишни бошлаб юборган алангага сув сепилди. Бироқ бундай нарсалар Фазлиддинни тўхтата олмасди. Унинг шиддати шунчалик ошгандики, ҳар қандай чегарани бемалол бузиб ўтиб кета оларди. Қолаверса, курсдошлари ҳам инсоф қилишди. «Майли, биз лабораторияга кирмаймиз. Сен ўзинг кириб, керакли синовларни ўтказавер», дейишди…

Фазлиддин янги шампунь кашф қилди. Ҳа, ўша соч ювадиган шампунь. У дўконларда сотилаётганларидан анча устун эди. Аввал соч тўкилишининг олдини олади. Кейин сочни соғломлаштиради, эгилувчан қилиб қўяди ва ҳиди бир ҳафтагача кетмайди. Буларнинг ҳаммасига қўшимча: бир ҳафтада бир марта сочингизни ювсангиз бўлди, шу ҳафта мобайнида каллангиз қандайдир енгил бўлиб юради. Муздай шамол сочларингиз орасидан кириб бораётгандай туйилаверади. Яна ҳафта мобайнида кайфиятингиз кўтаринки бўлади… Бироқ Фазлиддин топилмани дарров эълон қилмади. Ёзгача синаб кўришга қарор қилди.

Бир-биридан завқли ва ўта тиғиз кунлар шунақанги тез ўтиб кетдики, ҳаш-паш дегунча Янги йил келиб қолди. Энди у ҳам ҳамма қатори қишлоққа қайтади. Ҳар йили байрамларда уйга боришни орзиқиб кутарди. Чунки Малоҳатни кўрарди. Бироқ бу йил шу иштиёқ йўқ. Чунки Малоҳатларникига бормайди, боролмайди. Ваъда бериб қўйган…

Иккинчи январь куни эди. Қор кўп ёққанди. Печканинг ёни энг «авлиё» жойга айланганди. Бу ернинг доимий эгаси ҳам бор эди: Фармон ака. Ота-бола шу жойда гаплашиб ўтиришарди. Тўғрироғи, Фазлиддин пайғамбаримизнинг мўъжизаларини сўзлаётганди. Дарахт иккига бўлиниб, бир бўлаги жойида қолиб, иккинчи бўлаги расулуллоҳнинг ёнларига келиб салом беришлари, иймон келтиришлари ҳақида. Ана шу пайт Машраб келди. Ҳовлида туриб, Фазлиддиннинг онаси билан гаплашди. Сўнг она ичкарига кирди-да, ота-боланинг суҳбатини бўлди:

— Сени жўраларинг чақираётганмиш. Ҳамма тўпланиб бўлибди, биргина сен етмаётган экансан, — деди.

Фармон ака норози бўлди. «Қишнинг совуғида уйларида ўтирса бўлмайдими?» деди. Аммо она: «Қўйинг шу болани, бориб бир калласини шамоллатиб келсин. Шўрлик, ўқийверганидан озиб-тўзиб кетибди. Бундай жўралари билан чақчақлашиб келсин. Ҳадеб сиз ҳам калласини қотираверманг», деди.

Шу билан отасидан рухсат теккач, Фазлиддин ўрнидан турди.

Машраб бегона эмас. Холасининг ўғли. Яна у бир ёшга кичкина. Фазлиддин ҳайрон бўлди.

— Кетдик, — деди Машраб улар кўришганларидан кейин.

— Қаерга? Сени ким жўнатди ўзи? — дея сўради ҳайрон бўлган Фазлиддин.

— Юравер, кўрасан, — деб кулди Машраб.

Фазлиддин ноилож унга эргашди. Хаёлида: «Кўчада Шокир билан Алишер кутиб турган бўлса керак. Ҳойнаҳой, улар Одилникида ўтириш ташкил қилишган бўлса керак», деган ўй бор эди. Бироқ улар тўрт-беш қадам босишлари билан Машраб ичидагини ортиқ сақлаёлмай, гуллаб қўйди. У тўхтади, ортига бурилди, бошидаги телпагини баттар бостириброқ кийди, сўнг:

— Малоҳат сени кутаяпти, — деди.

Шу заҳоти Фазлиддиннинг ҳуши бошидан учди.

— Малоҳат?! — деди у ҳайратдан кўзлари каттариб.

— Ҳа.

— Қаерда? Нега келибди?

— Нигораларникида. Нега келганини ўзинг бориб сўрайсан.

Фазлиддин қулт этиб ютинди. Шу заҳоти югуриб кетгиси келди. Бироқ бундай қилолмади.

— Мен уйда ўтиргандим, Нигоранинг укаси келди. «Опам сизни чақираяпти», деди. Борсам, Малоҳат билан Муяссар бор экан. Сўрашмасимдан, Нигора: «Бориб, Фазлиддин акани чақириб кел», деди. Мана, келдим. Холамга: «Жўралари чақираяпти», дедим…

Аслида, Малоҳатнинг бундай журъат қилишига кечаги гап-сўзлар сабабчи эди.

Янги йил кечаси. Соли аканинг уйига иккала куёви ҳам келди. Албатта, хотинлари ва болалари билан бирга Янги йилни нишонлаш учун. Тўлиб-тошиб келишибди. Дарров кабоб тайёрлашга тушиб кетишди улар. Шунда Саида билан онасининг гапларини Малоҳат тасодифан эшитиб қолди.

— Куёвларингизнинг кенжаси йўқ, — дея пичинг қилди Саида.

Она дарров тушунмади. «Ана, эринг юрибди-ку», деди.

— Йўқ, кичкинасини айтаяпман. Анави Фазлиддинни. У ҳар байрамда келишни одат қилиб олганди-ку. Бу сафар келмадими? — деди Саида.

— Ҳимм, мен уни ҳайдаб юбордим. «Бошқа келма», дедим. «Сенинг дастингдан бош кўтаролмай қолдик», дедим. Бу гапгаям уч ойдан ошиб кетди. Шундан бери у қорасини кўрсатмайди. Отанг ҳам сўраганди. Отанггаям шундай дедим. «Бекор ундай дебсан, шундай бола хафа бўлибди», деди. «Унинг қандай болалигининг менга нима фарқи бор? Бизни тинч қўйсин», дедим. Индамай қолди…

Она-бола Малоҳатнинг ошхонадалигини, идишларни ювиб бўлиб, энди бирма-бир артаётганини билишмасди. Ўзиям, ошхона эшиги ёнгинасида гаплашишаётганди…

Малоҳат ўтириб қолди. Ҳамма нарсани тушунгандай бўлди. Ўпкаси тўлди. Кўзига ёш келди. «Мен: «Фазлиддин акам жуда тез ўзгарди. Одамларнинг гапларида жон бор экан. У ғўдайиб кетибди», деган аҳмоқона хаёлга бориб юрибман. Бир-биридан «заҳарли» қанчадан-қанча хатлар ёзиб юрибман», дея кўнглидан ўтказди ва қилаётган ишини шу жойида тўхтатди.

У Янги йил дастурхонига келмади. «Мазам йўқ, негадир бошим лўқиллаяпти», деди-да, ётиб олди. Аммо ўзи сира йиғидан тўхтамасди. Саида бир неча марта унинг ёнига келди. Бироқ Малоҳат умуман у билан гаплашмади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: