Тожикистонда терактга тайёргарлик кўрганликда гумонланган 20 чоғли одам қўлга олинди!..

Тожикистонда терактга тайёргарлик кўрганликда гумонланган 20 чоғли одам қўлга олинди!..

Тожикистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари пойтахт Душанбеда Наврўз байрами чоғида теракт уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланган 20 га яқин кишини қўлга олган.

Аввалроқ “Азия-Плюс” медиа гуруҳи ва Reuters ахборот агентлиги ўз манбалари маълумотига асосланган ҳолда Москва вилоятидаги “Крокус” концерт залида амалга оширилган терактда айбланаётган шахслар билан алоқадорликда гумонланган 9 киши қўлга олингани ҳақида хабар қилишганди. Расмий идоралар бу масала юзасидан изоҳ бераётганлари йўқ.

Гуруҳ мақсади қурбонлар сони имкон қадар кўпроқ бўлишига эришиш учун Душанбеда Наврўз муносабати билан ўтказиладиган оммавий тадбирда террор хуружини амалга ошириш бўлган. Асосий тантанали маросим 24 март куни бўлиб ўтиши керак эди, бироқ олинган маълумот туфайли у 25 мартга кўчирилган. Теракт режаланаётгани ҳақида маълумотга эга бўлган МХДҚ ва ИИВ махсус отрядлари ходимлари пойтахтдаги “Мустақиллик майдони”ни кузатув остига олганлар. Гумонланувчилар қўлга олиниб, хавф-хатар чекинганидан кейин тадбир ўтказилди.

Иш Бош прокуратура ходимлари билан биргаликда МХДҚ терговчилари томонидан тергов қилинмоқда. Улар қўлга олинганларнинг “Крокус Сити Холл”га ҳужум қилганлар билан бирор-бир алоқаси бор-йўқлигини аниқлашмоқда.

Қўлга олинган шахслар юзасидан тафсилотли маълумот йўқ.

Тожикистонда ҳар ярим йилда ўтказиладиган матбуот анжуманларида ҳуқуқ-тартибот идораси уюшган жиноий тўдалар қўлга олингани ва террор хуружларининг олди олингани ҳақида ҳисобот бериб туради. Хусусан, ташқи ишлар вазири Рамазон Раҳимзода шу йил февралида ўтказилган матбуот анжуманида 2023 йили ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 11 та уюшган жиноий гуруҳни аниқлаб, 55 кишини қўлга олганини билдирган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: