Актриса Асал Шодиева Шоҳруҳхон билан муносабатларини нега узоқ вақт сир тутганди?

Актриса Асал Шодиева Шоҳруҳхон билан муносабатларини нега узоқ вақт сир тутганди?

Ҳамиша сирлиликка интиладиган Асал Шодиева карьераси давомида 30 дан ортиқ фильмларда суратга тушган ва мухлислар қалбини забт этган. Хўш, унинг муваффақият сири нимада?

Бу ҳақда daryo.uz маълумот берди.

Актриса, хонанда Асал Шодиева 1992 йилнинг 6 апрель санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Асал санъатга кириб келган илк йилларида “Ўзбекистоним” номли таронани ижро этган. У Успенский номидаги мусиқага ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олган.

У отаси ҳақида деярли гапирмаган, кўпроқ онаси, бобо, бувиси ва синглиси ҳақида гапиради. Асал Шодиеванинг санъатга кириб келишида бобоси Мирзакалон Шодиевнинг ҳиссаси катта. У аввалига хонанда бўлишни ният қилганди, аммо кутилмаганда режалари ўзгаради.

— Илк гонораримни Равил Ботировнинг “Жаннат қайдадир?” фильмидаги ролим учун олганман. Давлат буюртмаси асосида олинган фильмдаги ролим учун 400 минг сўм гонорар беришган. Фильмда кичик роль ижро этишдан ташқари, саундтрекини ҳам дуэт тарзида ижро этгандим. 2008 йилда ёш қиз учун бу кам гонорар эмасди, — дейди актриса Асал Шодиева.

Кейинчалик Асал Шодиева актрисалик соҳасида ўзини синаб кўрди ва айнан шу йўналишда машҳурликка эришди.

“Жаноб ҳеч ким”, “Учар қиз”, “Уйланиш”, “Ҳай-ҳай, қизалоқ”, “Мажнун”, “Пойга”, “Ваҳший”, “Қайсар ошиқлар” актриса ижодидаги муваффақиятли фильмлар ҳисобланади. Актриса кинодаги фаолиятида танаффус эълон қилганидан кейин “Сохта”, “Учта сўз” каби тароналарни мухлисларига тақдим этди.

У 2012 йили “Ҳай-ҳай, қизалоқ” фильмида Юлдуз ролини ижро этган. Актриса мазкур роль учун сочларини антиқа тарзда калталатган ва рангли улама сочлардан фойдаланган. Ҳамиша нафис имижда кўринган актрисанинг мазкур кўриниши тезда эътиборни тортган. У замонавийликка интиладиган ва миллий қадриятларни унутган қиз ролини моҳирлик билан ижро этган.

— “Ҳай-ҳай қизалоқ” фильмини кўп марта томоша қилганман. Боиси, фильмдаги ролим ўзимга ёқади. Ўзига хослик ва янгича ёндашув бор, — дейди Асал Шодиева.

Асал Шодиева 2016 йилнинг 5 июнь санасида хонанда Шоҳруххон билан турмуш қурди. Жуфтликнинг тўйида ўзбек шоу-бизнесининг кўплаб таниқли вакиллари, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, Улуғбек Раҳматуллаев, Асилбек Амануллоҳ, Ботир Қодиров, Жаҳонгир Позилжонов, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Шаҳзода ва ўзбек шоу-бизнесининг бошқа вакиллари иштирок этган. Қизиғи шундаки, жуфтлик муносабатларини узоқ муддат оммадан сир тутган.

— Танишувимизга “Қўшиғим” клипининг сьёмкаси сабаб бўлган. Унгача у қадар бир-биримизни яқиндан билмасдик. Сьёмкадан сўнг муносабатларимиз илиқлашган, — дейди актриса Асал Шодиева.

Актриса Асал Шодиева турмуш ўртоғи Шоҳруххондан 7 ёш кичик. Асал Шодиева 1992 йилда, Шоҳруххон эса 1985 йилда таваллуд топган. Айни кунларда Асал Шодиева ва Шоҳруххоннинг икки нафар ўғил фарзандлари бор.

Асал Шодиева турмуш қурганидан кейин кинофильмларда суратга тушишни камайтирди ва вақтини оиласига сарфлади. Ижодга қайтганидан кейин актриса турмуш ўртоғининг “Юрак”, “Гулим” тароналарига ишланган видеоклипларда суратга тушди. Ҳозирда фарзанд тарбияси билан машғул бўлган Асал Шодиева хонандаликни ҳам давом эттирмоқда.

— Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, икки нафар фарзандимиз бор, Асал уларга қараши керак, ундан ташқари уйда кўп юмушлари бор, вақти бўлмагани учун ижодда бир оз танаффус қилишга тўғри келди. Ижод қилишига рухсат ҳам, бадиий кенгаш ҳам бор, — дейди актрисанинг турмуш ўртоғи Шоҳруххон.

Дўстларингизга ҳам юборинг: