Эрон пўписа қилмоқда: “Агар Исроил билан можарога АҚШ аралашса, америкалик ҳарбийлар нишонга олинади”

Эрон пўписа қилмоқда: “Агар Исроил билан можарога АҚШ аралашса, америкалик ҳарбийлар нишонга олинади”

“Агар америкаликлар Исроил билан эҳтимолий қуролли можарога аралашса, АҚШ ҳарбийлари Эрон нишонига айланади”, деб огоҳлантирди Эрон. Бу ҳақда америкалик уч манбага таяниб, “Axios” хабар берди.

Бу огоҳлантириш бир қанча араб давлатлари орқали Жо Байден администрациясига етказилган. Сўнгги кунларда эронликлар бир қанча араб давлатлари ҳукуматига қуйидагиларни маълум қилган: АҚШнинг узоқлашишга уринишларига қарамай, Дамашқда эронлик генералнинг ўлимига сабаб бўлган Исроил зарбаси учун АҚШ масъулдир.

Огоҳлантиришда гап АҚШ ҳарбийлари Эрондан Исроилга учирилган ракеталарни уриб тушириши ёки Исроил томонида америкаликлар қарши ҳужумда қатнашиши ҳақида кетяптими, аниқ эмас. АҚШ разведкасининг умумий баҳосига кўра, Эрон АҚШ қўшинлари Исроилнинг қарши ҳужумларига қўшилсагина уларга ҳужум қилади.

Шу билан бирга, Эрон турли дипломатик каналлар орқали, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ва унинг Буюк Британия, Германия ва Австралиядаги ҳамкасблари ўртасидаги музокаралар чоғида қарама-қарши баёнотлар юборган. Музокаралар ҳақида маълумот берган икки америкалик мулозимга кўра, Эроннинг позицияси анча вазмин ва Теҳрон минтақадаги кескинлашувга йўл қўймаслик учун Исроилга “чекланган” жавоб беришни хоҳлайди.

Бошқа бир манбанинг айтишича, АҚШ Эрон билан тўғридан-тўғри Швейцариядаги канал орқали алоқа қилади ва Эрон бу орқали таҳдидлар юбормаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: