Ажабо! Суратга олиш майдончасида операторни отиб қўйган актёрнинг ўрнига бошқа биров жазоланди…

Ажабо! Суратга олиш майдончасида операторни отиб қўйган актёрнинг ўрнига бошқа биров жазоланди…

Нью-Мексико суди актёр Алек Болдуиннинг қуролини ўқ билан тўлдирган реквизитчини операторнинг ўлимида айбдор деб топди.

27 ёшли реквизит устаси Ханна Гутерес-Рид Ҳолливуднинг «Занг» фильми суратга олиш майдонида актёр Алек Болдуиннинг қўлига ҳақиқий ўқлар билан тўлдирилган тўппонча тушиб қолгани ва оператор Галина Хатчинс ўлимига сабаб бўлган отишмада айбдор деб топилди. 15 апрель, душанба куни Нью-Мексико суди уни эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдиришда айбдор деб топди ва 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

«Агар сиз бўлмаганингизда, мисс Хатчинс тирик бўлган бўларди. Эрининг шериги, боланинг онаси бўларди», деб таъкидлади судья Гутерес-Ридга. Ҳакамлар ҳайъати аёлни март ойи бошида қотилликда айбдор деб топди. Прокурорлар таъкидлашича, у ўз вазифасига бепарволик билан ёндашган ва суратга олиш майдончасидаги 20 дан ортиқ қуролни тўғри сақламаган. Ўз навбатида, адвокатлар хавфсизлик қоидалари суратга олиш гуруҳининг бошқа аъзолари томонидан ҳам бузилгани ва вазиятлар аянчли бирикмаси операторнинг ўлимига сабаб бўлганини таъкидлаб, шартли жазо тайинлашни сўради.

 

«Занг» фильми суратга олиш майдонидаги ҳақиқий ўқлар

 

«Занг» фильми суратга олиш майдончасидаги фожиа 2021 йил 21 октябрда юз берган. Саҳналардан бирида фильмнинг бош актёри ва продюсери Алек Болдуин 45 калибрли колтдан отиши керак эди, аммо маълум бўлишича, реквизит қуролида сохта эмас, балки ҳақиқий ўқлар бўлган. Болдуин 42 ёшли оператор, украиналик Галина Хатчинсонни отиб қўйди. У шифохонада олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Фильм режиссёри Жоэл Соуза ҳам яраланган. Тергов жараёнида суратга олиш тўхтатилди.

Отишма жойига ўқ-дорилар қандай тушиб қолгани ҳозирча аниқ эмас. Воқеа туфайли Алек Болдуин ҳам одам ўлдиришда айбланган. Унинг суд жараёни 10 июлга белгиланган. Болдуиннинг ўзи қуролни оператор ишлаётган камерага қаратиб, тепкини босганини рад этади. Бироқ, ФТБ мутахассислари ва қурол бўйича мустақил экспертларнинг таъкидлашича, тепки босилмаса, ўқ узилмайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: