Покистондаги ёмғир туфайли 71 киши ҳалок бўлди, 67 киши жароҳат олди

Покистондаги ёмғир туфайли 71 киши ҳалок бўлди, 67 киши жароҳат олди

Покистоннинг турли ҳудудларида ўтган шанба кунидан бери кучли ёмғир ва момақалдироқ давом этмоқда. Табиий офат натижасида 71 киши ҳалок бўлди, 67 киши жароҳатланди, деб хабар беради мамлакатдаги Табиий офатларга қарши кураш миллий бошқармаси (NDMA) расмий вакили.

Синьхуа агентлигига кўра, мамлакат шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва провинцияси энг кўп жабр кўрган, у ерда турли ҳодисалар, жумладан, том қулаши ва яшин уриши оқибатида 32 киши ҳалок бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, Хайбер-Пахтунхвада ҳалок бўлганлар орасида 15 нафар бола ва беш нафар аёл ҳам бор, яна 41 нафари яраланган. Бундан ташқари, 1370 та уй шикастланган.

Шарқий Панжоб вилоятида 23 киши ҳалок бўлди, 7 киши яраланди, жануби-ғарбий Балужистон провинциясида эса саккиз киши ҳалок бўлди, яна саккиз киши яраланди.

Бу даврда Покистон бошқарувидаги Кашмирда камида саккиз киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди ва 47 уй вайрон бўлди, дея қўшимча қилди расмий.

Чоршанба куни NDMA мамлакатда 17 апрелдан 29 апрелгача кучли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: