Ўлдирди! Ҳар томонлама ўлдирди!..

Ўлдирди! Ҳар томонлама ўлдирди!..

Қадим замонда бир олим хотинларнинг макри ҳақида китоб ёзиб, эркакларни алданмайдиган қилмоқчи бўлибди.
30 йил хотинлар макри устида ишлаб, беш томли китоб ёзибди. Китобнинг сўнгги саҳифаларини ёзиш вақтида шамол бўлиб, китоб варақларининг бир нечтасини учириб, қўшни ҳовлига туширибди.
Олим китоб варақларини олиш учун қўшнининг эшигини қоқибди. Ичкаридан аёл кишининг “кираверинг” деган овози эшитилибди.
Олим ичкарига кирса, қўшнининг хотини кулиб варақларни ўқиб турган эмиш.
Аёл олимни шундай ҳурмат билан кутиб олибдики, олим гаранг бўлиб қолибди. Ҳозир эри келишини, агар олим бир пиёла чой ичмай чиқиб кетса, эри жуда хафа бўлишини айтиб, уни уйга таклиф этибди ва тезда дастурхон тузабди. Олим беихтиёр ўтириб қолибди.
Аёл ош тўла товоқ олиб кириб қўйибди ва “қани олинг, ҳозир эрим ҳам келади” дебди.
Олим эндигина бир ошам ош еган экан, эшик тақиллаб қолибди. Аёл “Вой, қўшнижон! Мен билмасдан эшикни қулфлаб қўйибман. Энди нима киламиз? Эрим нима деб ўйлайди?! Тез сандиққа киринг!” дебди.
Олим бечора нима қилишини билмай сандиққа кирибди ва аёл кўрпачаларни унинг устига йиғиб қўйибди.
Бориб эшикни очса, эри уйга кириб, хотинини сўкибди. Хотини эса: “Эҳ, хожам! Қўшнимизни биз яхши одам десак, бало экан. Қаранг, бизнинг уйга бостириб кириб, менга тегажоғлиқ қилди. Шарманда бўлмайлик деб, мен уни олиб ўтирибман”.
Эрнинг кўзи қонга тўлди: “Кани у?!” Хотин сандиққа ишора қилибди. Эр жаҳл билан сандиқ устидан эндигина иккита кўрпача ағдарган экан, хотин қаҳ-қаҳ уриб кула бошлабди.
Эр ҳайрон бўлиб “Нега куляпсан?” деб сўрабди.
Хотин: “Эҳ, эржоним-а, шунчалик ҳам содда бўладими одам? Шу гапимга ишондингизми? Қўшнимиз олим бўлса, у қаерда-ю, биз қаерда? Мен ҳазиллашдим”, дебди.
Эр жаҳлдан тушиб: “Шундай қалтис ҳазил қиласанми, нодон?” дебди ва ошни еб, тушлик қилиб, далага жўнабди.
Эр кетгач, сандиқни очиб олимга: “Энди чиқинг, 30 йил нимани ўргандингиз? Биз аёллармиз. Бизнинг макримизни ёзиб тугатиш учун бир неча умр ҳам камлик қилади”, дебди.
Олим сандиқдан қалтираб чиқибди ва аёллар ҳақида китоб ёзмасликка ўзига-ўзи сўз берибди.
Қиссадан ҳисса шулким, аёллар тугалланмаган китоб ва ул китобнинг ҳар саҳифаси ҳар хил.
Инсоннинг атрофида нечта аёл – oнаси, oпаси, aммa-xoлa, турмуш ўртоқ, ҳаттоки бир нечта аёлларга уйланса ҳам, барибир, аёлларни тушунолмасдан ўтиб кетиш эҳтимоли юқори.
Эркаклар! Бу хотиним содда, деб алданиб қолманг!
Аёллар! Макрни яхши, фойдали ишларга йўналтиринг!
Дўстларингизга ҳам юборинг: