Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (100-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (100-қисм)

У ёрдамни яна ўзиникилардан олди. Цехдагилар қайси машиналарга хизмат кўрсатадиган жой ишламаётганини, қайси электр устаси маҳоратлилигини дарров аниқлаб беришди. Шу кундан бошлаб Фазлиддиннинг ишлари икки ҳисса ошиб кетди. У кунни тунга улади. Тиним билмади. Яна бунинг устига, аямасдан сарф-харажат қилди. Буларнинг натижасида нақ бир ярим ой деганда ректор ҳайдовчисининг машинаси сувда юрадиган бўлди. У осон ўт олади. Юриши ҳам олдингига қараганда анча хотиржам эди. Мотор бир меъёрда ишларди.

— Эпладик! — деди Фазлиддин қувонганидан устанинг елкасига қўлини қўйиб. — Эпласа бўлар экан. Ҳисоб-китобларим тўғри чиқмаса, деб қўрққан эдим. Энди юзимиз ёруғ бўладиган бўлди, — деб электрикнинг қўлига нақ ўн минг доллар тутқазди.

— Эй-й, бу нима қилганингиз?! — дея бирдан ҳаяжонланди уста.

— Олавер, Нурали ука. Ҳали бунақасидан жуда кўпини топасан. Ҳали кунига шунча пул ишлайдиган бўласан! — деди унга Фазлиддин.

— Йўқ, домла, бунақаси кетмайди. Ҳар қанча бой бўлманг, мен хизматимга ярашасини оламан. Бу ишларнинг барини фақат мен қилмадим. Агар сиз йўл-йўриқ кўрсатиб турмаганингизда, ҳаётда қилолмасдим. Бош сиз бўлдингиз, мен шунчаки бажарувчи. Агар ҳозир қилганларимизни сочиб ташласак, мен уларни қайта тиклолмайман. Кейин манави бакка солган суюқлигингиз нима эканлигини билмайман. Билолмасам ҳам керак.

— Вақти келиб билиб оласан. Мен сенга айтсам, менинг топадиган пулларим жудаям кўп. Рости, шундай. Аслида, сенга бундан ҳам кўп беришим керак эди. Зийрак бола экансан. Олавер. Ҳали сенга бошқалар ҳам беришади.

Уста ноилож олди. Аслида ҳам олишга мойиллиги бор эди унинг. Чунки олти минг доллар қарзи бор. Хотини миясини «эговлайвергани»дан кейин банкдан кредит олган эди. Бу кредит деган бало уни бир лаҳза ҳам тинч қўймас, қанча кўп пул ишлаб топмасин, рўзғоридан ортмасди. Асабий бўлиб қолганди. Шунга қарамасдан, негадир Фазлиддиннинг қўлидан пулни олгиси келмади. Чунки ўтган вақт мобайнида у билан худди ака-укалардай бўлиб қолди.

— Майли. Олимларнинг пуллари табаррук бўлади, дейишади, — дея кулган бўлди у.

— Ҳа, худди шундай. Гарчи ўзимни олим деб ҳисобламасам ҳам, ҳозир ҳисоблайман. Хўш, энди ректорга қўнғироқ қилсак ҳам бўлаверади.

Фазлиддин шундай деб чўнтагидан телефонини чиқарди-да, ректорнинг рақамини терди. Унга ректорнинг ўзи ўтган ҳафта қўнғироқ қилган, шундай кейин Фазлиддин унинг рақамини телефонининг хотирасига сақлаб қўйганди.

— Ассалому алайкум, — деди Фазлиддин ректор уланиши билан.

— Кимсиз? — деди ректор саломга алик олганидан сўнг.

— Мен Фазлиддинман. Анави ишни уддаладик.

— Қайси иш?

— Машинани водород…

— Бўлди, бўлди, — деди бирдан ректор унинг гапини бўлиб, — наҳотки, қойилман! Иложи борми машинани бу ёққа олиб келишнинг? Йўқ, ўзим бораман. Ярим соатда етаман!

Аммо ректор ярим соатга қолмай етиб келди. Бунгача уста билан профессор бир неча марта машина моторини ўт олдириб, ўчириб кўришди. Ҳайдашди. Сўнг ҳаммаёғини яна бир марта артиб-суртиб тозалаб қўйишди.

Ректор у билан яна қучоқлашиб кўришди. Сўнг машинани айланиб кўрди. Унинг кўзлари ёш боланикидай чақнар эди.

— Ука! — деди у устага. — Отингиз нима эди?!

— Ўктам, — дея жавоб берди уста.

— Ўктамжон, ўтиринг рулга, қани, бир юрғизинг-чи, мен бир кўрай!

Ўктам ўтирди. Калитни буради. Машина енгил ўт олди. Ректор кафтларини бир-бирига уриб қарсак чалди. Сўнг Фазлиддинга қараб бош бармоғини кўрсатди.

— Гап йўқ, зўр! Даҳшат!..

— Овози ҳам бошқача! — деди шу пайтгача гап-сўзга аралашмай фақатгина салом-алик қилиб қўйиб, бир четда ўзининг «Москвич»ига термилиб турган ректорнинг ҳайдовчиси.

— Сен ҳам зўр овқат есанг ўзгарасан! — деди унга ректор, сўнг бориб жилмайиб турган Фазлиддинни яна бағрига босди.

— Дўстим, сиздай билимли инсонларни бизга берганига Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! — деди.

Фазлиддин унга жавобан бир нима деёлмади.

Ректор уни қўйиб юборди-да, машинани айланиб ўтиб, ҳайдовчи ўтирган эшикнинг ёнига борди ва:

— Энди ҳайданг, Ўктамбой! — деди.

— Шошманг, мен ҳам ўтирай! — деди ректорнинг ҳайдовчиси шу заҳоти.

— Ҳа, ўтир! Ўтир!

Ҳаво ранг «Москвич»нинг ортидан Фазлиддин билан ректор ёнма-ён туриб кузатиб туришди.

— Юриши ёмонмасга ўхшайди, — деди ректор.

— Ёмонмас, миниб кўрдим, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Яхши. Мен анави масала юзасидан вазир билан гаплашиб қўйдим. У агар ўша иш ўхшаса, бир амал қилиб ер топиб бераман, ўша заводни қуришга, деди. Аммо пул масаласини ҳал қилиш унинг қўлида эмас экан. Қандай қиламиз?

— Бошида мен ўз пулларимни ишлатиб туришим мумкин. Лондондан оладиган маошларимни сақлаб келаётгандим.

— Кўпми? Етадими?

— Билмадим. Бу заводнинг қанчалик катта ёки кичкиналигига боғлиқ бўлади.

Ректор Фазлиддинга ўгирилди.

— Дўстим, очиғини айтганда, бу ихтиро ҳақида бирорта чаққон эшитиб қолса, шу заҳоти илиб кетади. Аммо мен бундай бўлишини истамайман. Сиз ҳамма нарсани қиласиз-у, яна бировнинг қўлида оддий ишчи бўлиб қоласиз. Бу инсофга тўғри келмайди. Ҳатто менинг ўзим ҳам четда турмоқчиман. Сизга шерик бўлмайман. Бўлолмайман. Ҳаққим ҳам йўқ, — деди.

— Домла, буларнинг бари сизнинг ташаббусингиз билан бўлди.

— Ташаббус ўз йўлига. Уни истаган одам қилиши мумкин. Қуруқ гап у. Аммо амалга ошириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Хуллас, вазирга машинани кўрсатаман. У бошқалар билан гаплашиб… Чекка бир жой бўлса ҳам бўлаверади, тўғрими?

— Ҳа.

— Унда мен эртагаёқ унинг ёнига бораман. Ҳозир эса ичим ёняпти, анавилар келганларидан сўнг иккаламиз ҳайдаймиз.

— Хўп.

Ректор яна сўзида турди.

У Фазлиддин уйидалигида қўнғироқ қилди. “Тезда етиб келинг”, деди…

Шундан кейин бошланди ҳаммаси. Унга дарё бўйидан жой ажратишди. Нақ ўн гектар. Ҳеч нарса унмайдиган, ёввойи жийда ўсиб ётган тошлоқ ер. Ҳозир бўши шу ер экан. Суғориладиган ерларнинг ҳаммаси банд экан. Фазлиддин кўнди. Ҳатто хурсанд ҳам бўлди. Чунки турли хил машмашалар билан унинг бошини қотирадиганлар кам бўлади…

Ҳақиқатан ҳам биров бир сўм бермади. Чунки Фазлиддиннинг лойиҳасига ишонганлардан кўра ишонмаганлар кўп эди. Бўлмағур бир нарса дейишди. Шундай қилишнинг имкони бўлганида, аллақачон ана шундай техникалар ишлаб чиқариларди, дейишди.

Фазлиддин университетдан таътил олди. Албатта, ўз ҳисобидан. Сўнг Лондонни ҳам йиғиштирмоқчи эди, бироқ Камол Шон кўнмади. Чунки Фазлиддин унга маслаҳат солган эди-да.

— Ҳеч кимга ишонма ва бор нарсангни йиғиштириб қўйма. Мабодо завод ўхшамай қолса… Ҳаётда шунақасиям тез-тез бўлиб туради. Тўқсон тўққизу тўққиз фоиз ҳал бўлади, деган нарсанг қолган нол бир фоиз томонга оғиб кетади. Бунинг устига, битта ўзинг маблағ сарфларкансан, сенга ёрдамчи бўлиб туради. Чунки вақти келиб бир долларни топишнинг ўзи бўлмай қолиши мумкин, — деди.

Шундай қилиб, Лондон илгари қандай бўлса, шундайлигича қолди.

Қурилиш ишлари бошланиб кетганидан кейин Фазлиддин у ёқдан уйига келмай қўйди ҳисоб. Тун-у кун қурувчилар билан бирга эди. Шундай пайтлар бўлдики, ўзи ғишт ташиди. Шунда у жудаям оддий одамга айланиб қоларди. Четдан биров келиб кўрса, унинг профессорлигига, Лондондай жойда дарс беришига ва яна цехидан миллионлаб сўм даромад кўришига ишонмасди.

Неча марталаб қурилиш майдонига Фахриддин келди. Алишер келди. Камол Шон келди. «Сен бунақа қилиб юрма, сенга уят бўлади. Бу аҳволингда биров сени менсимай қўяди», дейишди. Бироқ Фазлиддин бирортасининг ҳам гапига қулоқ солмади. “Тезроқ битириб, эртароқ ускуналарни ўрнатишимиз керак. Уларнинг айримларини чет элдан олиб келганимиз билан, кўпини шу ернинг ўзида барпо қилишимиз зарур. Бунга ҳам кўп вақт кетади”, деб жавоб берди. Ҳар ойда Лондонга бориб келишни ҳам канда қилмади. Ахир у ёқда нафақат дарс бериши, балки бу ёққа пул ҳам жўнатиши керак эди.

Ҳаш-паш дегунча орадан олти ой ўтди. Жамғарилган пулнинг анчаси ишлатилди. Бироқ ҳали қурилишнинг охири кўринмасди. «Наҳотки шарманда бўлсам, наҳотки орзуларимни рўёбга чиқаролмасам», деб ўйлай бошлади у. Ана шундай кунларнинг бирида шайх Муҳаммад Али Саудия Арабистонидан қайтиб келди. Фазлиддин уни дарров қурилиш майдонига олиб борди.

— Эҳҳе, зўр-ку. Қандай қиляпсиз? Қарийб минг одам ишлаяпти! Кредит олдингизми?! — дея сўради у хавотир билан.

— Йўқ, маошларим. Кейин цехдан тушадиган дивидендларимни ҳам ишлатяпман. Ҳозир цехда йигирмадан ортиқ маҳсулот чиқяпти. Даромади ёмонмас, қолаверса, муассислар ҳам қўлларидан келганча ёрдам беришяпти, — деб жавоб қилди Фазлиддин.

— Ундай бўлса яхши. Аммо иш битишига ҳали анча борга ўхшайди.

— Тўла битишига охирги пайтларда ўзимнинг ҳам кўзим етмай қолди.

— Ундай деманг. Курашдан чиқиб қоласиз. Сиз курашувчан одамсиз. Қолаверса, Аллоҳ сиз томонда. Тиловат қилишни тўхтатмасангиз, Ўзидан сўраб турсангиз, иншооллоҳ, ҳаммаси кўнгилдагидай кечади. Кейин менинг миямга яна бир фикр келиб қолди… Шу менга айтганларингизни бошлаб турсангиз. Айтмоқчиманки, усталарни йиғсангиз, уларга сувни кислород билан водородга ажратадиган суюқликни тайёрлаб бериб турсангиз, бу ёғи сувда юрадиган машиналар чиқиб турса, улардан келадиган даромад ҳам сизга қўшимча бўларди. Нима дедингиз шунга? — дея шайх Фазлиддинга тикилди.

— Зўр фикр. Мен илгари бу ҳақда ўйламаган эканман. Ҳақиқатан ҳам бир четда биз ишлайверамиз.

— Унда шундай қилинг, ҳам рибодан қочасиз, ҳам маблағдан қийналмайсиз.

— Шу гапингиз учун битта ош мендан.

— Кейин, дўстим, менга келинойингиз айтиб қолди. Малоҳат сизни уйга жуда кам келади, деб қолибди. Мен сизни юз фоиз тушунаман. Асло аразлаб айтмаган. Сиздан норози ҳам бўлмаган. Вазиятни тушунтираётиб гапирган…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: