Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (101-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (101-қисм)

Фазлиддин кулди.

— Ҳа, мен ҳақиқатан ҳам уйга жуда кам бораяпман, кунни уйга қатнаш билан ўтказиб юборсам, бу ердаги ишлар мутлақо қолиб кетади. Шу маънода аёлимни ҳам тўғри тушунаман. Агар Аллоҳ ёлғончи қилмаса, кейинроқ ўрнини тўлдиришни ният қилиб қўйганман.

— Маъқул, энди мени уйга олиб бориб қўйинг. Тўғрироғи, бирга борамиз. Ҳали суҳбатингизга тўймадим. Сизга анча маълумотлар олиб келганман. Ҳаммасини айтиб бераман. Китоблар бор, уларни бераман.

— Бўлди, устоз, кетдик. Ҳозир мен усталарга тайинлаб қўядиган ишларим бор. Шуларни айтайин, кетамиз…

Фазлиддиннинг қилаётган ишларидан шайхнинг кўнгли тўлмаганди. Тўғрироғи, у қарши эди. Аммо буни айтмади. Фазлиддиннинг кўнглини чўктирмади. Агар ҳали бошламаган бўлганида гапирарди. «Қўйинг бу ишни, бошингизга бало орттириб юрманг», дерди. Энди эса кеч, шундай экан, айтгандан фойда йўқ.

Фиқҳ масаласида суҳбат қилишди улар. Шу билан тун яримлади…

Сув билан юрадиган машина ҳақиқий зўр воқеа бўлди… Аммо унинг кўчаларда пайдо бўлишига нақ уч ой вақт кетди. Олдинига ускуналар яратилди. Ўша ускуналарнинг эҳтиёт қисмларини тайёрлаш кўп вақтни олиб қўйди. Яна баъзиларини Хитойдан сотиб олишди. Шундай қилиб, дастлабки машина уч ой деганда ўрнидан қўзғалди. Аслида, дастлабкиси ректор ҳайдовчисининг «Москвич»и эди. Уни тайёрлашга оз муддат кетганди. Бироқ бунисига узоқроқ ишлашга тўғри келди. Ускуналар-ку, қизиқиш устида тайёрланади. Гарчи ярим тайёр ускуна бўлса-да, қолганини қўл меҳнати билан амалласа бўлади. Бироқ қоғоз деган бир нарса тоза бало бўлди. Нақ тўртта ҳуқуқшунос ҳар куни тўрт томонга югуради. Ҳали уни тўғрилаш керак бўлади, ҳали буни. Ҳали кимнингдир имзоси камлик қилиб қолади ва ҳоказо ва ҳоказо… Шу тарзда вақт шиддат билан ўтиб кетарди. Охири, ҳаммаси тайёр бўлди. Иш битди. Ана шундан кейингина анави биринчи машина чиқди… Кейин у ёғи тезлашди. Аввал кунига иккита, кейинроқ тўртта-бешта машина сувда юрадиган бўлди. Сўнг уларнинг сони яна ошишда давом этди. Гарчи улардан келаётган фойдани Фазлиддин бошида сезмаган эса-да, кейинроқ билинди.

У ўзи билан бирга машина ишлаб чиқараётганларнинг ҳаммасини йиғди. Олтмиш киши тўпланди.

— Мен битта иш қилмоқчиман. Мана, масалан, машина ишлаб чиқаришни бошладик. Тўғрироғи, тайёр машиналарга қўшимча ускуналар ўрнатяпмиз, холос. Фойдани эса мен кўряпман. Сиз иш ҳақини оляпсиз, холос…

— Тўхтанг, — деди усталардан биттаси, — пулларнинг ҳаммасини сиз тикяпсиз. Биз ишлаяпмиз. Агар ўхшамаса, сиз бир дунё пулга куясиз, биз фақат меҳнатимизга. Шунга кўра, фойданиям сиз кўришингиз керак.

— Йўқ, мен бошқача қилмоқчиман. Ишимга ҳақимни олай. Сиз ҳам пешона терингизни, даромадингизни кўринг. Фойдани бўлса, ҳаммага тақсимлаймиз. Фақат завод тўла қурилиб, ишга тушганидан кейин. Бошқача айтганда, заводга барча улушдор бўлади. Зиён кўрсак, ҳаммамиз зиён кўрамиз, фойда кўрсак, ҳаммамиз бирдай фойда кўрамиз. Бундан бу ёғига кимки заводга ишга кирса, улушдор бўлади, нима дейсизлар шунга? — дея атрофини ўраб турганларга бирма-бир қараб чиқди Фазлиддин.

— Зўр! Аммо унда биз ғирромларга айланиб қоламиз. Шундай экан, мана маошимизнинг барини тикамиз. Ҳозир сиз кўраётган фойда, аслида, фойда эмас, олаётганларингизнинг барини яна завод қурилишига сарфлаяпсиз. Ўзингиздан қўшиб сарфлаяпсиз. Сизнинг пулларингиз кўплигини биламиз. Аммо ҳамма нарсанинг охири бор. Очиғини айтганда, розимиз. Аммо сиз билан тенг улушдор бўлишни истамаймиз. Ҳеч қурса, ярмини сиз олинг, қолган эллигини биз бўлишамиз…

Фазлиддин кўнди. Майли, деди. Ҳали қанчадан-қанча ишчилар ишга олинади. Уларга ҳам тақсимлаш керак. Уларга ҳам нимадир қолиши керак, дея кўнглидан ўтказди.

Шу куни у уйига ҳар доимгидан-да хурсанд бўлиб қайтди. Йўлдан икки кило гўшт олди. Яна Алишерга қўнғироқ қилди.

— Дўстим, бир уйга келинг. Икковлашиб бир кабобхўрлик қилайлик, — деди. Сўнг Шокирни ҳам олиб келишни тайинлади.

Малоҳат эса ҳайратда. Чунки эри яқин кунларгача хомуш эди. Буни Фазлиддиннинг ўзи билдирмасликка ҳаракат қиларди. Аммо аёл, барибир, аёл экан-да. Аёл, барибир, сезар экан-да.

— Бугун қуёш қаёқдан чиқди?! — деди у эрини кутиб оларкан.

— Билмадим, лекин ажойиб кун. Ҳозир анави иккита жўрам келади. Шунга сиз узум сўрисининг тагига жой қилинг. Мен эса шашлик тайёрлайман. Бир пайтлар буниям ўрганиб қўйганлигим роса асқатадиган бўлди. Узумларни бўлса, ҳозир узиб олиб, музлаткичга солиб қўйинг. Шокирнинг таъби нозик.

— Нозик эмиш?..

— Энди, — дея хотинининг гапини бўлди Фазлиддин, — у ёғини қўяверасиз. Чойни аччиқ дамлайсиз, иссиқ-иссиқ. Мен Хитой дўконидан олиб келган кўк чойдан.

— Хўп, хўжайин. Сиз нима десангиз, шу. Айтганча, Муҳаммад қўнғироқ қилганди.

— Яхшимикан?

— Яхши. «Дадамнинг яна битта китоби чоп этилди», деди. Шунга университетдагилар сизни яна бир марта чақиришаётган экан. Бу сафар шу китобнинг тақдимот маросимига. «Профессор нима деркан?» деб ўғлингиздан сўрашибди.

— Аслини олганда, зўр. Лекин ҳозир эмас. Балки, кейинги гал борганимда кўпроқ вақтимни ажратарман. Энди идишларингизни беринг, ишга киришайлик.

Фазлиддиннинг дўстлари ҳам ҳайратда эди.

— Мен сендан жуда хафа эдим! — деди торт кўтариб келган Шокир. — Ҳамиша етимлигимни юзимга солардинг.

— Йўғ-э, унчаликмасдир. Ўзим етим бўла туриб, қандай сенинг етимлигингни эсингга соламан? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.

— Ҳа-а, қаерга бўлса, Алишерни чақирасан. У билан ўтирасан. Лекин бир оғиз мени: «Шунинг бети қора бўлсаям, келсин бир. Бир отамлашайлик», демайсан…

— Бўлди, бўлди. Тушундим. Ичкарига кир. Узумнинг тагидан зўр жой қилиб қўйибман. Гўшт ҳам чўғнинг устида пишишга тайёр турибди. Юринглар!..

Ҳа, улар маза қилиб ўтиришди. Мактаб даврларини хотирлашди. Келажакдан гапиришди. Бироқ Фазлиддин бугун қилиб келган иши тўғрисида лом-мим демади. Ҳозир улар билмай турганлари яхши. Режа иш берсин, кейин ўзлари билиб олаверишади, деган қарорга келди.

Умр оқар дарё, деб бежиз айтишмаган экан. Кунлар шунчалик тез ўтдики, завод тўла битганини Фазлиддин ҳатто сезмай ҳам қолди. Сувда юрадиган машиналарни ишлаб чиқаришдан келадиган кунлик даромаднинг ёрдами унга жуда катта бўлди. Шу боисдан ҳам бировларга пул беришда қийинчиликка дуч келмади. Яна Лондон банкида сақланаётган пулларининг ярмидан озроғига тегинилмади.

Ниҳоят, завод тўлиқ ишга тушди. Албатта, аввал элга ош тарқатилди, кўпчиликнинг дуоси олинди. Ана ундан сўнг иш бошланди. Бошида зўр кетди. Сувни парчалаб берадиган эҳтиёт қисм тайёрланди. Унга Фазлиддиннинг шахсан ўзи тайёрлаган суюқлик қуйилади. «Гараж»га ўтилади. У ерда мижознинг машинасига беш дақиқада ўрнатиб берилади. Шу билан машина арзон ёқилғида юриб кетади.

Яна Фазлиддиннинг қиладиган иши унақа кўп эмас эди. У фақат шу моддани тайёрлаб берарди. Бир киришганда бир неча тонна тайёрлайди. Қолганини эса усталар бажараверади.

У ёғи директор бутунлай бошқа одам, бухгалтерияда эса йигирма киши ўтирибди. Чунки хатолик ўтмаслиги керак. Ҳамма ҳисоб-китоблар юқори аниқликда олиб борилиши шарт. Фазлиддин уларга шундай шарт қўйган. Яна кимки заводда ишласа, маош олишдан ташқари, улушдор. Демак, ҳар битта одам назоратчи… Директор ва бош бухгалтер эса иш бошлашидан олдин Қуръони каримни ушлаб, хиёнат қилмасликка қасам ичган.

Орадан роппа-роса бир ой ўтиб, завод иккинчи маҳсулотни ишлаб чиқара бошлади. Бу кичик двигателлар бўлиб, улар хонадонларга узлуксиз электр етказиб беришни таъминлайди. Сарфи кунига йигирма литр сув.

Бироқ ана шу масала Фазлиддиннинг бошини қотира бошлади. Чунки топ-тоза ичимлик суви ишлатиларди-да. Агар кунига ўн-йигирма одам уйида ўша моторни ишлатса, билинмаслиги мумкин. Бироқ бир неча ўн минглаб ва ҳаттоки миллионлаб хонадонларда ишлаб турса, жуда кўп ичимлик суви сарф бўлади. Бу эса яна нарх-навонинг ошишига сабаб бўлади. Ўзи машиналар сувда юрганидан бери ичимлик сувининг нархи икки баробардан зиёдга ошди. Демак, нарх ошиши келажакда янада кўпаяди. Ана шу нарса уни ўйлантириб қўйди, ҳаловатини ўғирлади. Тез-тез дўконларга кириб, сувнинг нархини суриштиришга тушди. Айни пайтда ўзи лабораториядан чиқмай қўйди. У энди шўр сувни тозалаб, ичимлик сувига айлантиришни мақсад қилганди. Шундай қилса, ҳеч бўлмаганда машиналар учун алоҳида сув тайёрлаш мумкин. Аввалги ичимлик сувини эса яна олдингидай фақат одамлар ишлатаверади.

Қайнатиш, буғлатиш, буғни тупроққа ҳайдаш, ундан кўмирга ўтказиш, кейин яна тупроққа, кейин яна буғлантириш… Жараён анча вақтни олади. Натижа эса жудаям оз.

Ана шундай паллада кетма-кет заводга шикоятлар кела бошлади. «Тўхтатинглар, майли, машинамиз бензинда қимматроққа юрсин, бироқ ичадиган сувимиз қимматлаб кетмасин», дейишарди шикоятчилар…

Фазлиддин эса мутлақо ухламай қўйди. Кетма-кет ҳар куни турли тажрибаларни ўтказаверди. Икки ой деганда, ниҳоят, шўр сувни енгиллик билан ичимлик сувига айлантириш йўлини топди.

Ўша куни соқоли ўсиб кетганини кўрди. Нафақат ўсибди, оқарибди ҳам. Малоҳат унга бу ўзгаришни неча марталаб айтганди. Бироқ зумда унинг сўзлари эсидан чиқиб қолар ва у яна қилиниши керак бўлган иш тўғрисида бош қотиришга тушиб кетарди.

Ҳатто Малоҳатнинг ўзи Фазлиддинни лабораториядан олиб келадиган бўлиб қолганди. Сабаби, уйга кетишни Фазлиддин унутиб қўя бошлаганди. Уйга кетиш у ёқда турсин, бирор нима емасди у. Бундай пайтда яна унинг ёнида Малоҳат турди. Неча кунлаб у эрига гапини ўтказолмаётганидан эзилиб йиғлади…

Ўша куни эса Фазлиддин қучоғини кенг ёзди. «Аллоҳим, ўзингга минг қатла шукр. Аллоҳим, мени шарманда қилмаганингга шукр», деди. Ўзи ишларини кузатиш билан бирга, Қуръон ўқиб ўтирган Малоҳатга:

— Бўлди, хоним, кетдик уйга! — деди.

Малоҳат қулоқларига ишонмади.

— Йўқ. Кетмаймиз. Уйимизни шу ерга кўчириб келамиз! — дея ҳазиллашди Малоҳат.

— Нега? Мен эпладим-ку, — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.

— Мен эса шу ерга ўрганиб қолдим. Сизнинг турли шаклдаги пробиркаларингизга, сиз ёқиб ўчирадиган нарсаларга, бу ернинг бадбўй ҳавосига…

Малоҳат қолган гапларни гапиролмади. Унинг қолган сўзлари кўзидан ёш бўлиб оқа бошлади.

— Бўлди, ҳаммасини тушундим, хоним. Тушундим. Лекин қилмасам бўлмасди. Қилмасам, шарманда бўлардим. Уятга қолардим. Одамлар мени олдиларига солиб қувишарди. Энди юринг, хоним, кетдик.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: