Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (102-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (102-қисм)

Заводда унинг чизмалари асосида сув тозалаш цехи барпо этила бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида текширувчилар келишди. Бирдан ўн киши, ҳаммаси қоп-қора чарм папкаларини қўлтиқлаб олишган эди.

«Заводни тўхтатамиз. Заводнинг фойдасидан кўра зиёни кўп тегяпти. Тўхтатмасак, сувсиз қоламиз», — дейишди.

Ана шунда Фазлиддин уларни янги цехга бошлаб борди. Ҳамма жараённи эринмасдан ҳижжалаб тушунтирди. «Кунига ўн минг куб сув тозаланади», деди.

«Хўп. Унда токи мана шу сувинг ишлаб чиқарилмагунча, завод фаолиятини тўхтатиб туради, — дейишди текширувчилар. Кейин заводни ёпишди-кетишди.

Энди ишчиларнинг бор умиди мана шу цехдан эди. Фазлиддин нима деса, ҳамма бирдан бажаришга киришиб кетишди. Ахир ўтган ойлар мобайнида ёмон даромад кўришмади. Саккиз соат ишлашади, маошлари уч минг доллар. Яна ҳар кварталда дивиденд дегани бор, уни беришади. Мабодо, Худо кўрсатмасин, завод ёпилиб қолса, сариқ чақа ҳам олишмайди…

Тезда цех ишга тушди. Унга Сирдарёдан сув келтириш йўлга қўйилди. Келажакда Айдаркўлдан катта қувур тортиб келинадиган бўлди…

Бир ёпилгандан кейин унинг очилиши жуда қийин бўларкан. Ҳуқуқшунослар ҳар куни папкаларини қўлтиқлаб кетишади, кечга бориб, судралганча умидсиз қайтишади. «Йўқ, дейишди, шошманглар, дейишди. Ҳали хўжайинлар тўла имзоларини қўйишмади, дейишди», деган гапларни ортмоқлаб келишади.

Фазлиддин асабийлаша бошлади. Сал нарсага асаби ўйнаб кетаверди. Бир неча марта ҳуқуқшунослар қуруқ қўл билан шалпайиб келишганда, уларга бақириб ҳам юборди. Бир хаёл ўзи бормоқчи, ҳали уни, ҳали буни баҳона қилаётганлар билан гаплашиб ҳам қўймоқчи бўлди. Аммо бу ҳолда боролмаслигини англаб, ниятидан қайтди. Шунингдек, уйда ҳам сира унинг чиройи очилмасди. Ҳатто бир марта Малоҳатга «характери»ни кўрсатганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бўлмаса, Малоҳат: «Чойингиз совиб қолди», деган эди.

— Нима бўлибди шунга? Нима, совиса ичолмайманми? Ичим музлаб кетадими ичсам? — деди дағал овозда.

Малоҳатнинг ўпкаси тўлди. Ахир эридан бирор марта бўлсин, бундай дағалликни эшитмаган эди. Бирор марта бўлсин, Фазлиддин унинг кўнглини қолдирадиган гап айтмаган эди. Унинг бирдан бундай дейиши аёл шўрликнинг бошига тўқмоқ билан ургандай бўлди. Шу заҳоти унинг кўзларида ёш ҳалқаланди.

— Дада, — деди Хадича, — аямни йиғлатиб қўйдингиз.

Фазлиддин телевизордан кўзини узиб, қизига қаради.

— Нега? — дея сўради ҳайрон бўлиб.

Малоҳат ўрнидан турди-ю, чиқиб кетди.

— Нима дедим? — деб сўради Фазлиддин қизидан.

— Бақириб юбордингиз-да. Мен ҳам қўрқиб кетдим…

— Эй-й, эй-й, мени кечир, қизим. Нега бақирдим ўзи? Нима бўлди? Ҳозир, — деди Фазлиддин ва шу заҳоти ўрнидан турди.

Малоҳат ётоққа кирган, диванга ўтириб, кафтлари билан юзини беркитганча пиқ-пиқ йиғлар эди.

— Нима бўлди, Малоҳат? — дея сўради Фазлиддин.

— Ҳеч нима…

— Ҳеч нима учун мени кечир.

—…

— Билмасдан. Хаёлим бошқа ёққа кетиб қолибди. Ўзимдан ўзим… Мен ўзимни ишхонадаман деб ўйлабман…

Фазлиддиннинг хаёлига бошқа ҳеч нима келмади. У ортига ўгирилиб, хонадан чиқиб кетди.

Ҳовлида бошини хам қилганча у ёқдан бу ёққа юрди. «Барини унутишим керак. Ўзимга мутлақо керакмас ишни қилдим. Нима етмаётганди? Ҳамма нарсам бор бўлса… Бўлмаганида-чи, бўлмаганида янада яхши эмасмиди?.. Ана, одамлар маза қилиб юришибди. Ҳеч бирининг дарди йўқдай. Бўлса ҳам, меникининг ярмига ҳам тўғри келмайди. Ишхонада асаббузарлик қилдим, келиб Малоҳатнинг кўнглини оғритдим. Бечора, мен учун минг ўлиб, минг тирилади. Мен бўлсам, одамгарчиликдан чиқиб, унинг шунча қилган хизматлари эвазига кўзидан ёшини оқиздим…»

— Хўжайин.

Фазлиддин бирдан овоз келган томонга қаради. Эшик ёнида Малоҳат билан қизи турарди. Чироқ ёруғида уларнинг жилмайиб қарашлари кўринарди.

— Нимага чиқдинглар? — деди Фазлиддин кулиб.

— Бир ўзингиз айланманг, дедик, дада, — дея Хадича чаққон юриб келиб Фазлиддиннинг бўйнидан қучиб, юзидан ўпди.

Кейин Малоҳат келди. У қизининг кўз ўнгида эрини ўполмади. Ноўрин хафа бўлганлиги учун кечирим сўради.

— Йўқ, ноўрин эмас, ўринли. Аслида, охирги пайтларда мен ўзим асабий бўлиб қолдим. Шунга бир-икки кун ҳеч иш қилмасдан уйда ётсаммикан, деб ўйлаяпман, — деди Фазлиддин.

— Ура, дадам уйда бўларкан!

— Яхшиси, бир жойга кетиш керак, — дея эрига қараб қўйди Малоҳат.

— Бунисиям яхши фикр. Менимча, энг осон кетишимиз мумкин бўлган жой Лондон. Менда виза бор, сизларга олиш муаммомас. Бир кунда беришади. Нима дединглар? Биринчидан, дам оламиз. Битта Лондонга эмас, бошқа давлатларга боришгаям имконимиз бўлади. Яна менинг у ёқдаги ишим ўн кундан кейингина бошланади. Кейин Муҳаммад билан ҳам кўришиб, у билан ҳам бирга яшаш имконимиз бўлади.

— Тўппа-тўғри. Мен акамни соғиндим.

— Ана, келишиб олдик, — дея кулди Малоҳат.

— Унда уйга кириб, бир пиёладан чой ичайлик. Менинг ўзимнинг махсус чойимдан.

— Сизнинг чойингиздан бошқа чойнинг ўзи йўқ, — деб Малоҳат қизини туртиб қўйди.

Эртасига Фазлиддин биргина акасига Лондонга кетаётганлигини айтди. Шунда ҳам уйга келиб туришни илтимос қилиб. Қолганлар билишини истамади. «Майли, ким нима деб ўйласа, ўйласин, мен дам олмасам бўлмайди», деди у ўзига ўзи. Фахриддин эса укасининг ҳар доимги домлачиликка кетиши, деган хаёлга борди. Шунинг учун ҳам сўраб-суриштирмади. Шундай қилиб, бутун оила самолётга чиқишди. «Тавба, — дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин самолётдаги ўриндиғига ўтирганидан сўнг, — худди қочиб кетаётганга ўхшайман. Яна кўнглимда шубҳа бор. Салондагилардан. Улар мени кўриб қолиб, таниб, керакли жойга хабар беришади-ю, ҳализамон махсус кийимдаги одамлар келиб, қўлларимга кишан солиб, олиб кетишади… Йўғ-э, жуда бунчалик берилмаслигим керак. Мен ўзим ният қилгандай, дам олгани кетяпман… Ўғлимга хабар бермадик. Сюрприз бўлсин, дедик. Бу гап онасидан чиқди. Аслида, у боласини безовта қилгиси келмади…» Шундай хаёллар сураётган Фазлиддин секингина хотинига қараб қўйди.

Ниҳоят, самолёт учди. Шунда анави ёқдагилар, учувчи бўлса керак, самолёт салонида кашфиётчи олим Фазлиддин Хўжаев борлигини эълон қилди.

— Оббо, — деди Фазлиддин, — шуниси камлик қилиб турганди.

— Зўр-ку, дада. Лекин сизни улар қаердан билишди?

— Қаердан бўларди? Қўлларидаги қоғоздан-да. Билишади булар, билишади. Буларнинг ҳамма нарсадан хабари бор. Бўлмаса, хабари борлар хабар қилишади. Кўз-қулоқ бўлиб кетинглар, кўнглига қаранглар, дейишади.

— Илгари ҳам айтишармиди?

— Йўқ, биринчи марта. Очиғи, ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Мен бўлсам, ҳар кимдан яшириниб юрибман.

Шу билан Фазлиддин дераза томонга юзини бурди…

Улар Лондондан бошқа жойга боришмади. Муҳаммад келди. Бир кунгина бирга айланди. Бошқа кунлари улар билан фақат кечқурунлари бирга бўлди. Тўғрироғи, ётгани келди ҳар сафар. «Дарс қолдирганингиз билан бировнинг иши йўқ. Аммо имтиҳонда сизга ёрдам берадиган ҳам топилмайди. Меҳр-оқибат шунчалик ҳакалак отганки, бировнинг ёзганини кўчириб оламан, десангиз, пул сўрайди», — деди у.

Ўн кун ҳаш-паш дегунча ўтди. Навбатдаги ўн кунликда эса Фазлиддиннинг дарслари бошланди. Ҳар доимгидай фақат унинг учун ажратилган аудитория талабалар билан лиқ тўларди. Ҳар доимгидай дарс қизғин кечарди. Ҳар доимгидай Фазлиддин саволларга кўмилиб қоларди. Аммо бу сафар бошига кичкинагина айлана латта дўппи кийиб олган кўк кўзли йигит мутлақо мавзудан четга чиқиб, бошқа савол бериб қолди. Бу пайтда дарс охирлаётган, Фазлиддин анчагина ҳориган, вақтнинг тезроқ ўтишини кутаётган эди.

— Профессор, эркинлик нима? — дея сўради у.

— Эркинлик? — дея саволга савол билан жавоб қайтарди Фазлиддин.

— Ҳа, профессор. Эркинлик. Инсон эркинлиги…

— Менимча, сизнинг ўрнингиздан туришингиз ва хаёлингизга келган нарсани мендан сўрашингиз эркинлик бўлса керак.

Аудиторияда енгил кулги кўтарилди. Ҳатто савол берувчи ҳам мийиғида кулиб қўйди. Сўнг саволини давом эттирди.

— Мен инсон ҳар нарса қила олиш ҳуқуқига эгами, демоқчиман.

— Йўқ.

— Нега?

— Чунки олам бузилиб кетади.

— Қанақасига энди?

— Физика маълум бир қонун-қоидалар билан чегаралаб қўйилганми? Кимёнинг ўз қонун-қоидалари борми? Ҳатто сиз гапираётган инглиз тилининг ҳам қоидаси бор. Агар сиз ундан чиқсангиз, ўша қонунни бузиб қўйган ҳисобланасиз.

— Лекин инсон фан эмас.

— Фан. Аллоҳ яратган фан.

— Аммо биз ҳар хил нарсалар билан шуғулланиш ҳуқуқига эгамиз. Шахсий ҳаёт масаласида.

Фазлиддин унинг кўйлагига яхшилаб назар солди. Камалак ранг. Ўзи у ўрнидан туриб гапира бошлаганида, Фазлиддин ғижинганди. Бироқ ўқитувчи ўқувчининг саволларига жавоб қайтариши керак.

— Шахсий ҳаёт, бу — мутлақо ўзингизники. Бироқ сиз ўз шахсий ҳаётингиз билан бошқа бировнинг шахсий ҳаётига дахл қилиб қўймаслигингиз керак. Ахир у ҳам худди сиздай эркин ва ҳур фикрли… Яна иккинчи томони бор. Бу Аллоҳ белгилаб берган тартиб. Ана шу тартибдан чиқиб кетмаслик шарт. Акс ҳолда… Майли, бу масалаларни қўя турайлик. Қолаверса, мен психолог эмасман. Касбим физик ва кимё. Агар шуларга тааллуқли саволларингиз бўлса, истаганча беришингиз мумкин. Бошқа масалаларни ўша масалалар билан шуғулланувчилардан сўрасангиз, ўзингизни қизиқтирган саволларга тўла-тўкис жавоб оласиз.

— Яна битта савол берсам майлими? — деди талаба безбетларча.

— Агар менинг фанимга алоқадор бўлса, марҳамат.

— Ҳурматли профессор, сиз қандай китобларни ўқийсиз? Албатта, кимё ва физикадан ташқари…

— Қуръони карим ва Ҳадисни…

— Унда ўша китобларда…

— Мен сизга ўқийман, дедим. Уни таҳлил қилишга ожизман. Шундай экан, узр… Энди менинг вақтим тугади. Ҳаммага хуш кайфият тилайман. Хайр, — деб Фазлиддин қоғозларини йиғиштиришга тушди.

Ўша унинг бошини қотирган талаба эса кўзларини олайтириб унга тикилиб турарди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: