Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (103-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (103-қисм)

Унинг боши хам бўлди. Вужудидаги қони жунбишга келди. Ғазаб ўти исканжага олди. Аммо тишини тишига босди. Хайрлашиб чиқиб кетаётган талабаларга жилмайиб қарашга, уларга: «Эртага яна кўришамиз», дейишга ўзида куч топа олди. Кейин ўзи ҳам ташқарига йўналди. «Ҳар бир нарса учун сиқилишинг, ҳар бир нарса учун қийналишинг шарт эмас. Бу шўринг қурғур қаёққа кетаётганини, нима деяётганини ҳали ўзи билмайди. Билганида эса жаҳаннам ўтида ёнаётган бўлади», дея кўнглидан ўтказди.

Меҳмонхонага борди. У ерда Малоҳат икки фарзанди билан ўтирарди. Торт сотиб олишибди. Столнинг ўртасига қўйишибди, учаласи уч томондан унга термилиб ўтиришибди. Агар Фазлиддин келиб қолмаганида, ҳали яна узоқ ўтиришаркан. Роса торт егилари келибди, аммо учаласи ҳам оиланинг каттаси келмаса, қўлимизнинг учини ҳам теккизмаймиз, дейишибди.

Ҳар қалай, Малоҳат Фазлиддинга эшикни очганидан кейин шундай деди.

— Топибсизлар, — дея жилмайди Фазлиддин тортни кўрганидан кейин, — роса ширинлик егим келаётганди. Аччиқни аччиқ босади, дейишади, аммо мендаги аччиқни ширинлик босади.

— Ҳаммамизда шундай! — дея қийқирди Хадича. — Ая, мен сизга айтгандим-ку, ширинликхўрлигим дадамдан ўтган деб!

— Гапини қаранг, мен-чи? Мен ёмон кўраманми? Керак бўлса, дадангни ҳам ширинликка мен ўргатганман! — деди Малоҳат.

— Тўппа-тўғри, — дея унинг гапини маъқуллади Фазлиддин, — фақат ўшанда аянг менинг кўрсатмаларимга амал қилган.

— Ҳа, шундай.

Малоҳат шундай деб эрига қараб турди-да:

— Тўхтанг, сиз… — дея у қиқирлаб кулиб юборди.

Оила дастурхон атрофига йиғилди. Малоҳат бирдан тортни кестиргани қўймади. «Даданг очқаб келган, олдин бирор нима еб олсин, ана ундан кейин навбат ширинликка келади», деди.

Кейин Хадича ҳам Лондонда ўқиш истагида эканини айтди.

— Нега? — дея ундан сўради Фазлиддин.

— Чунки бу ерда ўзим хоҳлагандай ўқийман. Тиришаман-тирмашаман, мақсадимга етаман…

— Акаси, — деб Фазлиддин ўғлига қаради, — сиз нима дейсиз?

— Бўлмайди. Қиз болага тўғри келмайди.

— Онаси, — деб бу сафар Фазлиддин Малоҳатга юзланди.

— Мен айтганман…

— Нима, ҳамма менга қаршими? Мен демократ оилада яшаяпман, деб ўйлагандим…

— Ҳа, тўппа-тўғри, мусулмонча демократ оилада яшаяпсиз, қизим. Аммо бу ерда демократия бутунлай бошқа. Бу ернинг демократияси одамни издан чиқариб юборадиган демократия.

— Тўғри, дада, — деб отасининг гапини маъқуллади Муҳаммад, — мен базўр юрибман. Шундай пайтлар бўладики, кўзимни чирт юмишга мажбур бўламан.

Хадича бошини эгди.

— Сен ўзимизда ўқийсан… Қолганларини айтганман. Хўпми? — дея унинг сочларини силади Малоҳат.

Шу билан қизнинг чет элда ўқишига нуқта қўйилди. Кейин бу ҳақда гап очилмади. Чунки Малоҳат кичкиналигидан қизининг қулоғига қуйиб келган. «Дадангнинг гапи ҳамиша гап. У битта гапни айтдими, тамом, иккинчи марта уни муҳокама қилиш учун яна шу нарсани қўзғама», дея ўргатган… Фазлиддиннинг эса яна юраги сиқила бошлади. Гарчи бу сафаргисининг ўзига дахли бўлмаса ҳам. Бўлмаса, анави бемаза талаба ким-у, у ким? У қаердан келган-у, бу қаердан келган? Аммо, барибир, негадир сиқилаверди. Гарчи кейинги кунлардаги дарсларда у ўтирган томонга қарамаган ва унга кўзи тушмаган бўлса ҳам.

«Асабларим бардош беролмаяпти. Қанчалик ўзимни сақлашга ҳаракат қилмайин, баттар бўлиб кетяпман. Нимадир қилишим керак. Агар ўзимни хотиржам қилишни билмасам, бир балони орттириб олишим шундоққина кўриниб қолди. Ишқилиб, уйдагиларга ортиқча гап гапириб қўймайин», дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин ва дарсларни фанига берилган кўйи ўтказишга уринаверди…

Аммо у Тошкентга қайтиб келганидан кейин ажойиб янгилик билан кутиб олинди. Машиналарнинг моторларини у ишлаб чиққан водородда ишлайдиган бошқа двигателга алмаштиришга рухсат берилибди. Энди оммавий тарзда, бемалол, ҳеч нимадан қўрқмай, чўчимай ишлаб чиқаришни бошлашса ҳам бўлавераркан. Ҳамма уни кутиб турган экан. Чунки қанчадан-қанча қурилмалар яратилибди-ю, аммо унинг ичига солинадиган суюқликка келганда ожизлик қилишибди. Шунинг учун уни интизорлик билан кутишибди.

— Бўлди, мана, биз-да уни сизларга тайёрлаб берадиган, — деди Фазлиддин ва дарров ишга киришиб кетди.

Ҳамма нарса тайёр бўлганлиги боис биринчи маҳсулот эртасигаёқ чиқди. Мотор машинага ўрнатилди. Машина қушдай енгил ҳаракатланди. Кейин навбатдаги уловлар водородда юрадиган бўлди. Қувончнинг адоғи йўқ эди. Ахир қувонмай бўладими, қанчадан-қанча нефть иқтисод бўлади. Ҳаво қанчалик тозаланади. Нарх-наво қанчалик тушиб кетади. Одамларнинг яшаши енгиллашади…

Байрам бир кун бўлди. Эртаси куни Фазлиддин дарров мажлис чақирди. Фақатгина ўзи гапирди.

— Бундан бу ёғига мана шу заводга ишга кирган ҳар битта одам акциядор бўлади. Бу одамларга қўшимча даромад қилиш имконини беради. Бош директор, бош бухгалтер ва бошқа амалдорлар Қуръони каримни қўлларига ушлаб қасам ичишади. Бугун, ҳозирнинг ўзидаёқ. Бундан мурод хиёнат қилмаслик. Тўғри, қонунлар, жавобгарликлар бор. Бироқ Худонинг кўриб турганлигини ҳис этмаса, инсон зоти шайтоннинг йўлига кириб қолиши жуда осон. Айниқса, мўмай пулни кўрганида. Шундай экан, улар нафақат бандалар томонидан ишлаб чиқарилган қонун-қоидаларга, балки Худонинг ҳам каломига хиёнат қилмаслик учун қасам ичишади. Директор ва бош ҳисобчи икки йил шу амалда ишлайди. Кейин бошқа лавозимга ўтказилади. Акция эгаларини акциядан фақатгина акциядорларгина маҳрум этиши мумкин. Бу қандай ҳолларда амалга оширилишини йўриқномада кўрсатамиз… У ёғи эса ҳар кимнинг виждонан ишлашига боғлиқ. Яъни айтмоқчиманки, заводнинг қанчалик гуллаб-яшнаши ўзимизнинг қўлимизда. Ҳозир асосий мақсадимиз нафақат ички бозорни, балки ташқи бозорни тезроқ маҳсулотларимиз билан тўлдириш. Яна ишчилар сонини ўн мингга етказиш. Шу билан йиғилишнинг иккинчи қисмига ўтамиз, — деб Фазлиддин ёнида турган Алишерга қараб, — олиб келинг, — деди паст овозда.

Қуръони карим келтирилди. Айтилган одамлар қасам ичишди. Шу билан йиғилиш якунланиб, ҳамма ишига тарқалди.

Ростини айтганда, ҳеч ким бунақа натижани кутмаганди. Завод керакли миқдорда мотор ишлаб чиқаргани билан уларнинг ҳаммасини машиналарга ўрнатишга улгуролмай қолишди. Шундан кейин қисқа муддатли усталар ўқув маркази очилди. У ерда шу пайтгача турли устахоналарда ишлаб юрган усталар текинга ўқитилиши йўлга қўйилди. Шундан кейин заводнинг қуввати яна ошди.

Фазлиддин эса энди барча турдаги тракторларга ҳам шундай мотор тайёрлаш учун конструкторлар билан ишлай бошлади…

Унинг дивиденди кўп эди. Бироқ у ўзига ажратилган пулларнинг ҳаммасини банкда сақлай бошлади. Чунки Лондондан оладиган пули ҳам кам эмасди. Тирикчиликка етиб-ортарди. Фақат бундан бу ёғига Британияга унинг боргиси келмай қолди. Сабаби ўша маънавий бузуқликнинг кучайиб бораётгани эди… У айнан унинг иш пайтига Аллоҳнинг берадиган жазоси тўғри келиб қолишидан қўрқарди. «Бир куни Аллоҳ бир офатини юборса-ю, мен худди шу кунда Лондонда бўлиб қолсам, гала тайинсизлар орасида ўлиб кетаманми?» деб ўйларди у. Шу боис йўлга чиқишидан бошлаб, то қайтиб келгунича тиловат қилишдан тўхтамас эди…

Орадан икки йилча вақт ўтиб, Хадичани куёвининг қўлига топширди. Қори Муҳаммад Алининг жиянига. Жиян ҳам қори экан. Мисрда ўқиб келган экан. Масжидлардан бирида имомликка даъвогар экан. Шунинг учун ҳам Фазлиддин ўйлаб ўтирмай, совчилар келган заҳоти розилигини берди. Малоҳат эса эрининг бундай қароридан ҳайрон эди.

— Сизга нима бўлди, бирор иш қилишдан олдин обдан ҳисобини олардингиз, лекин кўзингизнинг оқ-у қораси бўлган қизингизнинг тақдирини нега бунчалик тез, ўйламасдан ҳал қилиб юбордингиз? — дея сўради у.

— Қуръонни билган, Ҳадисни билган, илми бор одам ҳеч қачон ёмон бўлмайди. Ёмонлик унинг қўлидан келмайди. Шунинг учун…

— Лекин қизингиздан ҳам бир оғиз сўрашингиз керак эди-ку.

— Қизим менинг қароримга қаршими?

— Гап унда эмас. У сиз нима десангиз «хўп», дейди. Аммо ундаям кўнгил бор…

Хотинининг бу сўзларидан сўнг Фазлиддин хаёлга чўмди. Ахир Малоҳат ҳозир тўғри гапиряпти. Ахир ҳеч бир ота фарзандининг розилигини олмасдан туриб ҳал қила олмайди. Бошқа ҳар қандай нарсада у, сўзсиз, ҳақ. Бироқ айнан уйланиш, турмушга чиқиш масаласида фарзандни зўрлашга унинг, ҳамма ота-онанинг ҳақи йўқ.

— Узр, хоним, шошма-шошарлик қилиб қўйибман. Аммо лафз бериб қўйдим-да… Нима десам экан?.. Шундай бўлса ҳам, Хадичанинг гапи — гап, сўзи — сўз. Мен гапимни қайтариб оламан. Шу масалада сўзимда турмайман. Энди бориб, сиз ундан сўранг. Унинг жавобига қараб иш қиламиз.

Малоҳат эрининг гапидан қониқиш олди. Илло, худди шу нарса керак эди унга.

— Мен қизингиз билан гаплашиб қўйганман аллақачон. Чунки Хадича опа бир ҳафта олдин эрининг жиянига қизингизнинг қўлини сўраган эди…

— Хўп, қизинг кўнганмиди?

— Дадам нима деса, шу, деганди.

Фазлиддин қошларини чимирди:

— Бугун ҳаво жудаям ажойиб, кўчада сайр қилиб юрсанг, маза қиласан. Айниқса, анави арчаларнинг ёнида ўтирсанг, кайфиятинг бошқача бўлади-да. Менимча, ҳозир шундай қиламан.

— Хафамисиз? — дея сўради Малоҳат эрининг кўзларига мўлтираб боқиб.

— Нимадан? — деди Фазлиддин ўзини ҳайрон бўлган кўрсатиб.

— Ҳалиги. Энди, биласизми, мен қизингизгаям эркинлик берганмисиз-йўқми, шуни билмоқчийдим…

— Шунча йил мен билан бирга яшаб, билмаганмидингиз, хоним?

— Энди бу масаладаям…

— Менга тегишга аввал сенинг ўзинг рози бўлганмидинг?

— Ҳа.

— Унда шундай.

— Айтганча, устозингиз Саудия Арабистонидан келибди.

— Қачон?

— Икки соат аввал.

— Ким айтди?

— Хадича опа. Шунга борамизми, деб сиздан сўрамоқчийдим.

— Борамиз.

— Ишларингиз…

— Ишлар дам олади. Мен дам олмаганимдан кейин, ҳеч бўлмаса, ишлар дам олиб турсин.

Малоҳатнинг юзида табассум пайдо бўлди. У эрининг кўксига енгилгина уриб қўйди-да:

— Ҳартугул, ишларга ичингиз ачибди. Бўлмаса, иш бечораларнинг тинка-мадорлари қуриб, тиллари осилиб қоларди, — деди.

— Ҳа, шундай, — деб Фазлиддин атрофга ўғринча қараб олди. Унинг ниятини Малоҳат шу заҳоти сезди.

— Қизингиз уйда, — дея дарҳол шивирлади.

— Балки…

— Шошилманг.

— Шу, охирги пайтларда сал оралиқ чўзилиб кетаётгандай, менинг назаримда.

— Оббо, буни қаранг, ёшингиз нечага борди?

— Йигирма атрофида бўлса керак.

— Ҳа, тўппа-тўғри, агар сочларингизнинг оқаргани, тўкилганини ҳисобга олмаганда, адашмадингиз.

Фазлиддин бирдан ўзининг бошига кафтини қўйди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: