Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (104-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (104-қисм)

— Дарвоқе, хоним, эсимдан чиққан экан. Анча бўлди бу кўйга тушиб қолганимга. Аммо худди куни кеча сизга ошиқ бўлиб, уйингизга бориш учун минг хил баҳона, ҳийла-найранг ўйлаб топиб юргандайман.

— Зўр даврлар эди, шундайми?

— Эҳ. Бунча тез ўтиб кетди? Менга қаранг, тоққа дам олишга бормаймизми?

— Наҳотки бунга сизнинг вақтингиз бўлса?!

— Бўлмаса, бўлдирамиз. Заводда иш менсиз ҳам кетяпти. Одамлар ойликдан ташқари ҳар ойда дивиденд олишади. Шундай кунлар бўляптики, битта дивидендларига иккитадан машина сотиб олса бўлади… Аммо мен ғалати бўлиб юрибман.

— Нега?

— Чунки ҳаммадан кўп пул оламан.

— Уйга олиб келмайсиз-ку.

— Ҳа. Банкда йиғилиб ётибди.

— Энди керак бўлади.

— Нимага?

— Тўйга.

— Тўйга… Ҳа, балки.

— Лондондаги маошларингизни ҳам олмай қўйдингиз.

— У ёқдагилариям шу ёқдаги банкка тушяпти. Улар менга айтмасдан фоизга қўйишган экан. Эсим кетиб қолай деди. Агар фоиз олсам, шунча қилган тоат-ибодатимнинг ҳаммаси ҳавога учади. Шунинг учун унинг фоиз қисмини қайтардим. Мумкинмас, дейишди. Жавобгарликка тортишаркан… Шунақанги жирканч сиёсатки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Биласизми, улар мени атайлабдан гуноҳга ундашяпти. Мажбурлашяпти. Чунки бизда судхўрлик катта гуноҳлардан биттаси эканлигини яхши билишади. Шунинг учун ҳам шу ёққа қараб тортишяпти. Бўлмаса, биз сизнинг пулларингизни сақлаб беролмаймиз, дейишди.

— Сиз нима қилдингиз?

— Пулларнинг ўзимга тегишли бўлган қисмини олдим-да, БААдаги банклардан акция сотиб олдим. Яъни, банкка улушдор бўлдим. Банк пул топади, бунинг орқасидан яна менинг пулларимга пул қўшилади.

— Буям анави судхўрликка ўхшаган нарса эмасми?

— Йўқ. Сабаби банк қаергадир пул тикади. Айтайлик, бино қурилишига ва ҳоказо нарсаларга. Унга мен ва менга ўхшаганларнинг пулларини тикишади. Бу худди ҳозир менинг заводга улушдор бўлганимдай бир гап. Агар банк ўзи инвестиция қилган нарсасини сотишдан даромад қилса, мен ҳам даромад қиламан. Ютқазса, мен ҳам ютқазаман. Шу. Жуҳудларники эса мутлақо бошқа нарса, сен уларнинг банкларига пул қўясан, улар сенинг пулларингни ўзлари истаган нарсаларга ишлатишади, сенга эса фоиз тўлашади. Бунда сен умуман ютқазмайсан. Ютқазмаганлигинг учун ҳам ҳаром… Умуман, бундай нарсалар учун бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Ҳаромлигини биласан ва ундан қочасан. Аммо шайтон бошқа йўллар билан сени илинтиришга уринаверади, уринаверади…

— Чарчабсиз. Киринг ичкарига, оёқларингизни уқалаб қўяман. Озгина мизғиб олинг, — дея жилмайиб эрига боқди Малоҳат.

— Ҳа, шундай қилсак, айни муддао бўлади.

Фазлиддиннинг нияти бошқа эди. Бошқалигини сал олдин айтган эди. Малоҳат ҳам, албатта, шундай бўлишини биларди. Ахир айни шу лаҳзада у эрини янаям яхши кўрди. Уйида ҳеч ким бўлмаса-ку, бўйнига осилиб олади…

Улар шайх Муҳаммад Алиникига кечга томон боришди. Олдинига боражакларини қўнғироқ қилиб айтишди. Илло, домла бошқа бир манзилга кетиб қолиши мумкин эди-да.

Шайх янада нуронийлашибди. Соқоллари қордай оппоқ, шунингдек қошлари ҳам. Юзидан эса нур ёғилиб турарди. Фазлиддин уни кўриши билан юраги ҳапқирди.

— Устоз, фариштага айланибсиз, — деди кўришганларидан сўнг.

— Ўҳҳў! Лекин менинг нафсим бор. Фариштада эса йўқ. Сизнинг ҳам кўринишингиз яхши. Аммо аввалги меҳнатни озгина ҳам камайтирмаганингиз шундоққина кўриниб турибди. Малоҳатга тайинлаб қўямиз, озгина уришиб қўймаса бўлмайдиганга ўхшайди.

— Ҳа, у баҳона қидириб юрибди ўзи.

— Мен битта ош дамлатиб қўйдим, — деб кулди шайх.

Суҳбат дунё ва охират ҳақида бўлди. Дунёнинг жуда кескин бузуқлик томон ўзгариб кетаётганлиги ҳақида бўлди. Фазлиддин Лондонда кўрганларини гапириб берди. Бир куни катта офат ёғилишини айтди. Шайх бошини сарак-сарак қилди. Ичидан зил кетди. Илло, у кўриб юрган нарсалар ҳам Фазлиддиннинг айтган гапларига жуда яқин эди. Кишилар охиратдан кўра, дунёга кўпроқ ўч эди. Дунё бор жойда охират деган нарса четга сурилиб қолаётган эди.

Фазлиддин уйига ўзгариб қайтди. Ўзи бу дунёга нисбатан нафрати анча ошганди. Энди эса икки марта норози бўлиб қайтди. Айни пайтда руҳи енгил бўлиб қайтди. Яна керакли амаллар қолиб, кераксизи билан кўпроқ шуғулланаётганлигини англаб қайтди.

Уйга келганларида соат миллари ўн иккига яқинлашиб қолган эди. Бироқ у ухламади. Уч кун аввал сотиб олган компьютерининг қаршисига ўтирди. Бир нарсаларни интернетдан қидирди. Нимани қидираётганини унинг ўзи ҳам билмасди, шу боис ўша қидирган нарсаси топилмади.

Кейин тиловат қилишга тушди.

Деярли тонг ота бошлаганди. Бироқ унинг кўзлари Ҳаёт китобида эди. Толиқмаганди унинг кўзлари. Худди яқингинада тиловат қилишни бошлагандай эди.

Қуёш чиққанидан кейингина у ухлашга ётди.

Режасида анча ишлари бор эди, бироқ ҳаммасига қўл силтади. Ўша устозиникидан қайтганида шундай қилганди. Керакмас ҳеч нима, деб ўйлаганди. Шу боисдан ҳам ухлади.

Малоҳат анчадан бери эрида бундай ҳолни кузатмаганди. Шу боис ажабланди. Бироқ уни безовта қилмади. Илло, Фазлиддиннинг туни билан мижжа қоқмаганлигини яхши биларди. Шу боисдан ҳам ухласин, деди.

Хадичани узатаётганида у йиғлади. Онасидан айрилганида сўнгги бор у кўз ёш тўкканди. Энди, мана, қизини бошқа хонадонга олиб кетишаётганларида йиғлади. Ўз-ўзидан ўпкаси тўлиб кетаверди. Ўз-ўзидан кўзи ёшга тўлаверди. У ўзини босишга қанча уринмасин, сира уддасидан чиқолмади. Буни кўрган Малоҳат эридан баттар ҳолга тушди.

— Ая, — дея пичирлади Хадича, онаси уни бағрига босганида, — мен кетмайман. Дадамнинг ҳам, сизнинг ҳам кўз ёшларингизга чидолмайман. Иккалангизни ёлғиз қолдириб кетолмайман.

— Йўқ, йўқ. Нималар деяпсан? Биз шунчаки… Сенинг биз билан ишинг бўлмасин, дарров куёвнинг қўлидан ушла. Борган жойингда тошдек қот. Бахтли бўл! — деди қизининг сўзларини эшитиб, шошиб қолган Малоҳат.

Ўн беш сотихли катта хонадон ҳувиллаб қолди. Эр-хотин узум сўриси остидаги ёғоч каравотга чиқиб ўтиради. Гап йўқ, сўз йўқ. Ҳар иккови ҳам ўзининг хаёли билан банд. Ҳар иккови ҳам бир-биридан чўчийди. Ҳар икковининг ҳам гарчи хаёли бошқа ёқда бўлса-да, айтиши мумкин бўлган гапи «Хадичанинг ўрни билинаяпти» бўлади. Бу гап ҳар икковининг ҳам юрагига наштардай санчилади, шу боисдан ҳам улар сўз қотмайди.

Бир ҳафта шундай ўтди. Кейин уларда кўникма пайдо бўлди.

Фазлиддин илгаригидай ишга ошиқмасди. Кўпроқ ҳовлида юрарди. Узумларга қарайди, арча ёнида китоб ўқиб ўтиради. Ҳа, у сўнгги пайтларда бадиий китоблар ҳам ўқийдиган одат чиқарганди. Назарида, сўз бойлиги камдай. Буни кўпайтиришнинг йўли кўпроқ бадиий китоб ўқиш. Айниқса, чет элликларнинг романларини. Кейин Толстой билан Достоевский романларини ҳам қўлига оладиган бўлди. Бундай китобларни ўқишнинг яхши томони — вақтинг қандай ўтганини сезмайсан. Кейин чарчоқ ҳам бўлмайди, қайтага, дам оласан. Яна исталган пайтда уни ёпиб, Малоҳатнинг саволларига жавоб бериш мумкин.

Бироқ бошқа ёқдан унинг бошига қора булутлар кела бошлаганди. Ҳали бу булутлар унчалик ҳам катта эмас, бироқ қоп-қора эди. Ҳализамон бошқа томондагилар билан бирлашиб, тўғри унинг бошига келиши кутилаётганди. Аммо Фазлиддин бир кун келиб қийин аҳволга тушиб қолишини хаёлининг бир чеккасига ҳам келтирмасди.

Роппа-роса йигирма беш кун деганда Хадича куёви билан ота уйига келди. Бундан олдин фақатгина у бир марта, шунда ҳам Фазлиддин куёви ва қудасини меҳмон қилиш учун чақирганида келганди. Кўпчилик бўлиб келишганди улар. Нақ тўртта машинада. Ораларида шайх Муҳаммад Али ҳам бор эди…

Мана, энди Хадича билан куёвининг ўзи келди.

— Биз ташқарида ўтирамиз, — деди Фазлиддин, — ташқари баҳаво, ундан кейин мен узумларимни Насриддинга кўрсатиб мақтанаман.

— Менгаям шуниси маъқул. Мен ҳам дов-дарахтларни, айниқса, мевалиларини яхши кўраман, — дея қайнотасини қўллади куёв.

Шундан кейин улар узум сўриларининг остида юришди.

— Манавини бозорларда кўп кўргансан, ўзимизнинг Ризамат ота. Мен буни ўзим жуда яхши кўрганим учун, меваларини жуда оз қолдирганман. Шунинг учун бошлари катта, узум доналариям йирик. Мана бу оч кўк, думалоғини бизнинг қишлоқда «маска» дейишади. Жуда таъби нозик. Касалга тез чалинади. Аммо ҳосили мўл бўлади. Есанг, баҳри-дилинг очилади. Буниси бўлса «Аватар». Англиядан олиб келганман. Ҳозир водийда, Тожикистондаям экишган. Бунинг зўр томони — мевасининг ичида данаги йўқ. Роса майизбоп. Европаликлар хуш кўришади. Улар шунчалик эринчоқ бўлиб кетишганки, еяётганларида данаги чиқиб қолса ҳам, пешоналари тиришади…

Насриддин унинг гапларига кулиб қўяр ва кузатарди.

Улар ярим соатча юрганларидан сўнг, чорпояга чиқиб ўтиришди. Шундан сўнг Фазлиддин ундан режалари ҳақида сўради.

— Саудияга кетмоқчиман, — деди бирдан Насриддин.

— Нега? — дея сўради Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Ҳадисни кўпроқ ўрганиш учун ўқимоқчиман. Кейин амаким ҳам шу ёқда. Улардан фойдаланаман.

— Яхши фикр.

— Сизнинг ўзингиз қандай қилиб бунақа олим бўлгансиз? — дея қизиқсиниб сўради Насриддин.

— Эҳҳе, бунинг тарихи жуда узун. Ундан кейин меҳнатиям жуда катта. Аммо, барибир, ҳали мен ўзимни тўла олим деб ҳисобламайман. Чунки билганларим жуда оз.

— Оз?! — деди Насриддин ҳайрон бўлиб.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: