Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (105-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (105-қисм)

— Ҳа, — дея қатъий жавоб берди Фазлиддин.

— Лекин бошқалар билганларингизнинг ярмини ҳам билишмайди.

— Балки, кўп билишар. Фақат бошқа томондан. Одамзод, аслида, жуда ожиз махлуқ. У қанча уринмасин, умри давомида бир чимдим нарсани билишдан нарига ўтолмайди. Шундай экан, чиранмагани маъқул. Мана, сен ҳадисларни ўрганмоқчисан. Нур устига аъло нур. Фақат шу билан шуғуллан. Адашмасам, қорисан. Неча ёшда қори бўлдинг?

— Ўн беш ёшда.

— Зўр. Ҳадис ва тафсирни билсанг, сенга етиб ортади. Ҳа, билганларингга амал қилишинг ҳам керак. Илло, амалсиз ҳеч нима бўлмайди… Қачон кетишни мўлжаллаяпсан?

— Икки ойлардан кейин. Шунгача ҳамма ишларимни тартибга солволаман. Ана ундан кейин Хадича билан бирга кетамиз.

— Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Менга қара, бу ерга фақат гап сотгани келдингми? Узумдан еб кўриб, мазасини айтмайсанми? Баҳосини бермайсанми?

Шаҳарда куёв ва келинларни сизлаш одат эди. Бироқ Фазлиддин бундай қилмади. Агар сизлайдиган бўлса, уларни ўзидан узоқлаштириб қўяётгандай туйилди. Шу боис куёвини биринчи кўргандаёқ унга «сен» деди. Насриддин ажабланди. Ҳатто ғалати ҳолга тушди. У қори бўлганидан бери ҳамма, ҳатто ота-онаси ҳам уни сизлайдиган бўлганди. Ким «сен» деб чақирса, унга оғир ботадиган бўлди. Шу боисдан ҳам у Хадичага «Даданг ғалати одамми?» деди.

— Нега ғалати бўларкан? Оддий. Ҳамма қатори. Нега бунақа деяпсиз? — дея ҳайратланиб эрига қаради Хадича.

— Мени «сен» деяпти.

— Шуниси яхши эмасми?

— Билмадим. Бунга ўрганмаганман. Лекин майли, нима ҳам дердим? Ихтиёрлари.

Шу билан куёв ҳам қайнотасининг сен дейишига кўника бошлади.

— Зўр, бунақасини илгари сира емаган эканман, — деди Насриддин узум донасини оғзига солиб чайнаркан.

— Чунки узумнинг озуқаси зўр. Унга умуман кимёвий модда қўшилмаган. Менинг ўзим кимёгарман, ўрисча айтганда, химикман. Аммо меваларга умуман кимёвий озуқа бермайман. Ҳаммаси биологик. Мана шунақа. Узумни ейишдан ҳам кўра уни етиштириш мароқли. Барг чиқаришидан бошлаб, то пишиб етилгунича. Хобби дейишади-ку, ўша нарса зўр-да. Бундан ташқари, мен экин экишни яхши кўраман. Қара, помидор, бодринг, картошка, пиёз, сабзи, турли хил кўкатлар, булғор қалампири — ҳамма-ҳаммаси ўзимиздан чиқади.

— Сизни билганлар бунақа ишлар қилишга умуман вақти йўқ одам, деб ўйлашади, — деб кулди Насриддин.

— Балки. Аммо менинг вақтим ҳамманикидан кўп. Чунки мен битта ишга кун бўйи умримни сарфламайман… Мақтанишми бу?

— Билмадим.

— Лекин гап бунда ҳам эмас. Биласанми, нимада?

— Йўқ.

— Имтиҳонга тайёргарлик кўришда.

— Қанақа имтиҳон?

— Оббо, сендай қори, бўлажак имом, ҳадисшунос шундай деб жавоб бериб турса, бошқалар нима дейди? Яшашдан мурод — охират имтиҳонига тайёргарлик кўриш… Бу дунёда қандай амал қилсанг ҳам, улар ҳеч нимага арзимайди. Айтайлик, бирорта институтга кирмоқчисан. Нима қиласан? Яша, тайёргарлик кўрасан. Агар лайлак ҳайдаб юрсанг, биринчи имтиҳондаёқ оёғинг осмондан бўлиб кетади… Охиратда-чи, вафотдан кейин-чи? Ана шунақа. Узумдан е.

Насриддин қайнотасини фақат дунёвий олим деб биларди. Тўғри, амакиси шайх Муҳаммад Алидан у ҳақида жуда кўп эшитди. Бироқ эшитганлари, тасаввурлари оз экан.

— Яна бир нарса, — деб Фазлиддин қоп-қора «Ризамат ота»дан бир шингилчасини кафтига қўйди, — менинг БААда анча пулим бор. Ўшани Хадича икковингизга бўлиб берсам. Йўқ, жуда ҳаммасини эмас. Қайсидир қисмини. Сен ўқийсан. Пул керак бўлади. Агар хаёлингни пул топишга бурсанг, ўқишинг чала бўлади. Ўқишга берилиб кетсанг, Хадича икковингиз оч қоласиз. Шундай экан, ўша пулни сизларга бўлиб бераман. Тўғрироғи, акционер бўласизлар.

— Нима, у ёқдаги бизнесга ҳам аралашганмисиз?

— Шундай деса ҳам бўлади.

— Аммо мен сиздан қандай пул оламан? Қолаверса…

— Қўйсанг-чи шунақа гапларни. Пул нима бўлибди? Шунчаки, қоғоз бир нарса. Муҳими бошқа. Муҳими — сен мен билмаган нарсаларни ўрганишинг. Кейин қисқа қилиб менга тушунтириб берасан.

— Нима десангиз шу.

— Бу энди бошқа гап, — деб Фазлиддин кафтидаги узумдан бир донасини олиб оғзига солди.

Ош пишди. Малоҳат ликопчаларда шакароб олиб келди. Хадичанинг қўлида эса буғи чиқиб турган лаган бор эди.

— Ана, давранинг зўри! — дея Фазлиддин кафтларини бир-бирига урди. — Бунақаси жуда кўпдан бери бўлмаганди. Агар Муҳаммад ҳам бўлганида, янаям зўр бўларди.

— Ўзингиз тўйдан кейин тез кеткизиб юбордингиз уни. Бола бечора қолгиси келганди, — деди Малоҳат норози бўлиб.

— Ўқиши керакми, ўқиши лозим. Бу ерда зерикади. Хўп, энди, қани, ошдан олинглар. Бошқа гаплар кейин бўлаверади.

Лаганлар тез бўшади. Сабаби ош хушхўр чиққанди. Ейишли эди. Овқатланиш мобайнида биров гапирмади. Сабаби бунақа одат йўқ эди…

Фазлиддин куёви билан қизини кузатганидан сўнг орадан ярим соат ҳам вақт ўтмади. Эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Эр-хотин ҳамон дастурхон атрофида эди. Улар қайтиб келиб, яна шу ерга ўтиргандилар. Чой ичишаётганди. Ҳайрон бўлишди.

— Хадича бирор нимасини эсдан чиқариб, қолдириб кетдимикин? — деди Малоҳат.

— Мумкин. Бориб кўринг-чи, — дея Фазлиддин орқасида турган ёстиққа суянди.

Аммо кўп ўтирмади. Чунки Малоҳат шошиб изига қайтиб келиб қолди.

— Қандайдир тўртта барзанги йигит турибди. Сизни сўрашяпти. Зарур ишимиз бор дейишди, — деди у шоша-пиша.

— Барзанги? Менинг унақалардан танишим йўқ эди-ку. Ёки заводнинг қоровулларимикан? Улар йирик йигитлар, — дея пешонасини тириштирди Фазлиддин ва секин ўрнидан турди.

Бироқ келганлар заводнинг қоровуллари эмас экан. Ҳаммаси гарчи кун иссиқ бўлса-да, қора костюм-шимда эди. Қолаверса, улардан бироз нарида худди костюмларининг рангидаги «жип» турар эди.

— Келинглар, — деди Фазлиддин дарвозадан ташқарига чиқаркан.

— Ассалому алайкум, домла! — деди дарров келганларнинг ёши улуғроғи.

— Ва алайкум ассалом! Келинглар. Нима хизмат?

— Биз махсус идорадан. Бошлиқларнинг буйруқлари билан келдик, — деб у ён чўнтагидан қип-қизил гувоҳномасини чиқариб кўрсатди.

— Нима гуноҳ қилибмиз? — дея сўради Фазлиддин ажабланиб.

— Сиз гуноҳ қилмайдиган одамсиз. Бизга сизни асраш топширилди.

— Мени асраш? — дея кулди Фазлиддин. — Кимдан асрайсизлар? Нега асрайсизлар?

— Ичкарига кирсак майлими?

— Албатта. Қани, марҳамат! Лекин тўрталангни ҳам қайнонанг яхши кўрмаскан. Чунки биз яқиндагина ошни еб бўлдик.

Йигитлар кулишди.

— Шундай, — деди ораларида шўхроғи, — кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ.

— Чатоқ экан, — деди унга Фазлиддин, — қайнонанинг кўнглини олиш қўлдан келмаса, қизининг кўнглига қараш керак.

Енгилгина кулги кўтарилди.

Фазлиддин уларни чорпояга бошлаб борди. Йигитларнинг кўзлари боғда, экинларда эди. Осилиб турган узумларни кўриб кўзлари қувнади.

— Аммо, домла, боплабсиз-ку, — деди ўша ёши катта барзанги.

— Ҳа, ҳавас қилганман. Қаерда яхши узум нави борлигини эшитиб қолсам, дарров олиб келаман. Ўша узумни эгаси бермаса, ялиниб-ёлвораман. Бир бало қилиб оламан.

— Хобби! — деди йигитлардан бири.

— Шундай, — дея унга жавоб қилди Фазлиддин.

— Агар олим бўлмаганингизда, аниқ энг зўр боғбон бўлардингиз, — дея қўшимча қилди бошқа бир йигит.

— Эҳтимол. Қани, энди бирма-бир ўзингизни таништиринглар-чи.

— Мен Сардорман, — деди ёши улуғ барзанги, — манави бола, — деб у ёнидагисини кўрсатди, — Олим, ундан наридаги Шерзод ва сизнинг ёнингизда ўтиргани Адҳам.

— Мен эса ўзимни таништирмасам ҳам бўлади. Чунки билиб келгансизлар. Энди айтинглар-чи, кимдан мени асрамоқчисизлар?

— Хабар келди. Сизни жисмонан йўқ қилиш ёки ўғирлаб кетишни режалаштираётганлар бор экан, — деди Сардор.

— Йўғ-э, мени бошларига ёстиқ қиларканми? Нима қилибман уларга? — деди Фазлиддин очиқчасига ҳайрон бўлиб.

— Сиздаги билим унча-мунча одамда йўқ. Сиздан жуда кўп мақсадларда фойдаланса бўлади. Агар улар ўзлари истагандай сизни олиб кета олишмаса, ҳалиги айтганимдай гап.

— Хўп. Мени бир жойга олиб бориб қамаб қўймоқчимисизлар?

— Йў-ўқ, — дея кулди Сардор, — ундай қилмаймиз. Ундай қилишга ҳаққимиз йўқ. Дарвозангизнинг ортига будка қўямиз. Уйингизнинг ҳовли қисмига камералар ўрнатилади…

— Тушунарли, — дея унинг гапини бўлди Фазлиддин, — аммо сира кераги йўқ. Мен эркин юрган одамман. Ҳовлида ички кийимда, баъзан калта иштонда юраман. Бировнинг кузатиб турганини сезиб, билиб турсам, қандай юраман? Яна таниш-билишлар, қариндош-уруғларнинг келишлари бор. Қолаверса, қўни-қўшнилар қоровул турганини кўрса, нима дейди?

— У ёғини бизга қўйиб беринг, домла. Агар ўзингизни жуда ноқулай ҳис этаётган бўлсангиз, қўриқланадиган маҳаллага кўчиб ўтасиз. Шунда биз ҳам, сиз ҳам тинч бўласиз.

— Менга тўғри келмайди. Бу ерда менинг далам бор. Қиш тушиши билан иссиқхона қиламан.

— Унда шу айтганимиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Сиз бизни тўғри тушунинг. Дунё танийдиган, дунёнинг кўз ўнгидаги одамсиз. Авайлаб-асрамасак, халқимиз олдидаям шарманда бўламиз, ҳали айтгандай, гуноҳкор бўламиз. Кейин улар бизни кечиришмайди. Битта олимни асрай олмадинглар, дейишади.

— Биттамас, олимларимиз жуда кўп.

— Сиздақаси битта. Сиздақаси юз йилда бир туғилса туғилади, бўлмаса, у ҳам йўқ. Домла, илтимос, рози бўлинг, бўлмаса, биз балога қолиб кетамиз.

— Мен ўзим яхшигина курашчиман. Унча-мунчасига дош бера оламан.

— Биламиз ҳаммасини. Лекин…

— Йў-ўқ, болалар, мен ўз эркимни бошқа бир нарсага алмаштиролмайман. Қолаверса, Худо бор. У асрамаса, сизнинг минг қатор бўлиб турганингиз бекор. Шундай экан, бошлиқларга бориб, менинг рози бўлмаганимни айтинглар.

— Яна ўн икки кундан кейин Лондонга учасиз, тўғрими?

— Ҳа.

— Лекин энди учмайсиз. Сизга олинган чипта бекор қилинди.

— Шунақами? Хўп. Яна нима? — деди Фазлиддин жаҳл билан.

— Домла, сиз биздан бекорга хафа бўляпсиз. Биз азбаройи сизнинг хавфсизлигингизни ўйлаб шундай қиляпмиз.

— Менинг хавфсизлигим — эркимни кесиш эвазигами? Менга қара, ўзингнинг уйингга камера ўрнатилса, чиққанингни, кирганингни, бировга бир нима деганингни биров эшитиб, кўриб турса, нима қилар эдинг? Сен менга айтаётган нарсанинг қамоқдан нима фарқи бор? Яхшиси, олиб бориб, қамаб қўйинглар, ана ундан кейин қоровул қўйишниям, ҳар хил камералар ўрнатишниям ҳожати қолмайди. Харажат-паражат қилмайсизлар.

— Ундай бўладиган бўлса, маҳаллангизнинг бошида назорат пунктини ўрнатамиз. Кўчангизга кирадиган ҳар битта одам, ҳатто шу ерда яшайдиганлар ҳам обдан текширилади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: