Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (106-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (106-қисм)

— Эй-й… — дея Фазлиддин ўрнидан туриб кетди. Чорпоядан тушди ҳамда бошини сарак-сарак қилганча, узум сўриси томонга кета бошлади. Бориб маржондай осилиб турган узумларга тикилди. Ҳатто улардан бир-иккитасини олиб, оғзига солиб чайнади.

— Ҳой-й! — деди сўнгра чорпояда ўтирганларга. — Оғзиларинг очилмасдан, бу ёққа келинглар!

— Ўжарлигини кўрдингларми? — дея шивирлади Сардор шерикларига. Сўнг: — Кетдик, — деди.

— Домла, илтимос, мени ўзингизга шогирд қилиб олинг! — дея ҳайқирди Шерзод.

— Балонинг ўқини ебсан, сендақалар шогирдликка ярамайди!

Ҳамма бирдан кулиб юборди. Шерзод мулзам бўлиб қолди.

— Бопладингиз. Тўппа-тўғри айтдингиз. Бундан шогирд чиқмайди, — деди Сардор, — аммо, домла, ҳақиқатан ҳам, узумларингиз зўр экан.

— Зўр-зўр! Аммо мени аврайман, деб хомтама бўлма, — дея қовоғини уйиб Сардорга қаради Фазлиддин.

— Домла, тўғри тушунинг. Мениям болам бор. Анавилар энди уйланишган. Бизниям ўйланг. Буйруқни бажаришимиз шарт. Буйруқ муҳокама қилинмайди.

— Дарвозадан ичкарига ҳеч ким кирмайди. Камера ҳам ўрнатилмайди. У ёғига билганларингни қилинглар.

— Бўлди, шуниси етади, — деб кулди Сардор.

Шерзод билан Адҳам дарвозанинг ортида қолди. Қолган иккиси кетди. Кўп ўтмасдан, пластикдан ясалган будка олиб келинди. Дарвоза ортига ўрнатилди ва у ерга битта қоровул қўйилди.

Бунгача Фазлиддин Малоҳатга ҳамма бўлиб ўтган гап-сўзларни айтганди.

— Ана энди уйимиз қўриқланади, — деди у будкани кўриб келганидан сўнг. — Ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. Керак бўлса, дарвозани очиқ қолдириб ҳам кетаверамиз.

— Лекин, дадаси, мен энди бир ўзим қололмайман, — дея киприкларини пирпиратди Малоҳат.

— Сизни биров ёлғиз қолдирмайди, хоним. Энди кеча-ю кундуз биргамиз. Қаерга борсам, олиб бораман. Зерикиб қолмасангиз бўлди.

— Унда зўр экан. Янаям зўрини айтайми?

— Бемалол.

— Бирортаси ҳам сизга кўзини сузолмайди.

— Эй-й, буни қаранг, шу нарса менинг калламга келмаган экан. Дарсларда, ҳар хил давраларда қанчадан-қанча қизларга дуч келаман. Сира кўз уриштириб, ундай-бундай қилмаган эканман.

— Чатоқ бўлибди-да. Энди ўзингиздан кўринг. Бундан бу ёғига ҳар доим ёнингизда қўриқчингиз бўлади…

— Унда, хоним, кетдик.

— Қаерга борамиз?

— Тоққа. Секин иккаламиз суриб қоламиз. Угомнинг бўйидан бирорта дача оламиз-да, маза қилиб дам оламиз. Нима дедингиз?

— Кетдик-да…

Ҳа, улар шундай қилишди. Бироқ шаҳардан чиқмасларидан ортидан машина кузатиб келаётганини Фазлиддин сезди. Бироқ бу ҳақда хотинига ҳеч нима демади…

Дам олиш уч кунга чўзилди. Тўртинчи куни қайтиб келганларидан сўнг қоровулликда турган Адҳамнинг ёнига Фазлиддин борди.

— Менга қара, бошлиғингни бир чақирсанг, икки оғиз гап бор эди, — деди.

Сардор кўп ҳаялламади. Бир соат нари-берисида етиб келди. Фазлиддин уни яна узум сўриси остидаги чорпояга бошлаб борди. Яна уни узум билан меҳмон қилди. Кейин шундай деди:

— Лондонга боришим керак. Бормасам, жуда катта жарима тўлашимга тўғри келади. Унинг миқдори бир неча миллиондан ошиб кетиши мумкин. Шартноманинг тугашига бор-йўғи икки ой қолган. Демак, мен икки марта бориб, дарс ўтиб келаман. Шу билан бошқа шартнома тузмайман. Энди бошлиқларинг билан гаплашсанг.

— Мен бир нарса деёлмайман. Аммо рози бўлишмаса керак.

— Рози бўлишмаса, жаримани тўлашади.

— Сўрай-чи. Эртага ҳаммасини айтиб бераман… Айтганча, домла, шу узум етиштиришни менга ҳам ўргатиб қўйсангиз. Менинг ҳовлим сизникидай катта эмас. Аммо узум қилмоқчиман. Айниқса, манави «Аватар»ингиз роса ёқиб қолди.

— Баҳорда мен сенга кўчатидан бераман. Ҳозир бўлса, фақат уйингга ҳар битта узум навидан бир бошдан бераман. Келинга, болангга берасан. Ниҳоятда шифобахш бу.

— Зўр бўларди.

Фазлиддин мана шу тарзда Сардорни хурсанд қилиб чиқариб юборди. Ўзи эса гарангсиб юрди. Уни камдан-кам учрайдиган чорасизлик эгаллаб олганди. Уйга киради, эшикка чиқади. Ҳеч қаерга сиғмайди. Бунинг устига, калласига тузукроқ фикр ҳам келмайди. Бу ёғи юраги ҳам сиқиляпти. Малоҳат эса уйда тикиш билан овора. У ҳар сафар эри уйга кирганда, унга қараб қўяди. Бу ҳол нақ олти марта содир бўлди. Малоҳат ичи ёниб кетаётган бўлса ҳам, тишини тишига босиб чидади, эри бирор нима дермикан, деди. Бироқ бўлмади. Барибир, Фазлиддиндан садо чиқмади. Охири:

— Тинчликми? — дея сўради у эридан.

Шунда Фазлиддин гўё Малоҳатни илк маротаба кўраётгандай ҳайратланиб тикилди унга.

— Уйга кирасиз, чиқасиз, ҳеч нарса демайсиз, тинчликми? — деб қайта сўради Малоҳат.

— Менми? Билмайман нима қилаётганимни. Бир нарсалар қилгим келяпти. Лекин ўша бир нарсаларни тополмаяпман. Бошим қотган. Сен билан гаплашиб ўтирайин, десам, сен ҳам бандсан. Хаёлимда дунёнинг ҳамма одами нима биландир овора, биргина мен тентак қўйга ўхшаб юрибман.

— Унда Алишер акани чақиринг. Чорпояда суҳбатлашиб ўтирасизлар.

— Нимани гаплашаман? Охирги пайтларда у ҳам мени мақташдан нарига ўтмай қолган. Мен уни жўрам, тенгқурим деб иложи борича унга яқинлашишга ҳаракат қиламан, у бўлса, ўзини тортади. Айтмоқчи бўлган гапини ҳам узоқ ўйлайди. Дўстлар гаплашиб ўтирганларида хаёлларига келган гапларни гапиришлари керак. Хўп, майли, шу сафар чақираман. Шу сафар обдан таъзирини бераман.

У Алишерга қўнғироқ қилди. «Шокир икковларинг келинглар, хотинларингни ҳам олиб келинглар. Битта товуқ сўйиш мендан», деди.

«Бўлди, — деди унга жавобан Алишер, — ярим соатда етиб борамиз».

«Ҳой инсон, шу бечора бозорга борсин, хўрознинг зўрини сотиб олсин демайсизларми?» — деб кулди Фазлиддин ва телефонни ўчирди.

Сўнг дарров бориб машинани ўт олдирди. Кейин дарвозани очди. Қўриқчи Адҳам дарвоза ортида:

— Ака, йўл бўлсин? — деди.

Шунда Фазлиддин уни сўкиб юборишига сал қолди. Аммо бунинг ўрнига юмшоққина қилиб:

— Агар мумкин бўлса, бир бозор-мозорга айланиб келсам. Шунга рухсат берсанглар, — дея жилмайди Фазлиддин.

— Мен ҳам бирга бораман, сизга қарашаман-да, — дея унга жавобан тиржайди Адҳам.

— Янгангни ким қўриқлайди унда? — деди Фазлиддин.

— Унда сал шошмай туринг, мен йигитларга битта қўнғироқ қиламан, дарров етиб келишади.

— Бекор айтибсан, мен Чорсуга кетдим. Товуқ бозорига. Йигитларингга айт, шу ёққа боришсин.

— Нега товуқ бозорига?

— Битта қон чиқариб юбормасам бўлмайди. Ҳа, мендан олдин иккита жўрам келади. Уларга ҳар хил гапларни гапиравермасдан ичкарига кирит. Икковининг ёнида хотинлари бўлади. Тушундингми?

Адҳам унинг гапларини эшитмади. У қўнғироқ қилиш билан овора эди.

Шу воқеадан кейин Фазлиддиннинг дарвозаси ортида иккита қўриқчи турадиган бўлди. Аммо ўша куни…

Фазлиддин бозорга борди. Қизил хўроз сотиб олди. Кейин унинг ёнига Сардор келди. Ҳазиллашган бўлди. Бироқ ҳазили беўхшов чиқди. Чунки ҳазилнинг ортида норозилик бор эди… Норозиликки, уни Фазлиддин сариқ чақага олмади…

Яхшики, Алишер билан Шокир эртароқ келмабди. Акс ҳолда, Адҳам уларни ичкарига киритмаган ва, эҳтимол, жўралар қайтиб кетган бўлишарди.

Суҳбат зўр бўлди. Фазлиддин нуқул ёшлик даврлари тўғрисида гапирди. Шокирнинг хотинига болалигида ўртоғи уни ёқтирмаслигини айтиб берди.

— Билмайман, негадир мени ёқтирмасди. Ўзи бировга ёқадиган бола эмасдим-да. Бунинг устига, ҳамманинг кўзини ўйнатиб, Малоҳатга эга чиқиб олганман. Аммо Шокирнинг Малоҳатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Яна мен сал шум эдим, фақат ўзимни ўйлардим. Буни Шокирдан бўлак ҳеч ким сезмасди. Сезганлар тилларини тишларди, аммо Шокир дўстим юзимга очиқ-ойдин гапирарди. Шунинг учун ҳам мен Шокирни, аслида, яхши кўрардим. Шу нарсаларни, келин, сиз билиб қўйишингиз керак. Келажак авлодга жўралар тўғрисида гапираётганингизда, мана шундай сўзлар қўшилиши керак, — деди у кулиб.

— Ўзинг бошладинг, — дея бирдан очилди Шокир, — керак бўлса, агар ҳозир юз грамм бўлганида, сенинг авра-астарингни ағдариб ташлардим. Ҳаттоки дарвозанинг нариги томонида турган қўриқчиларинггаям қараб ўтирмасдим.

— Бу гапни зўр айтдинг, энди манави кўк чойдан ол. Биз ҳам гапириб-гапириб олайлик, — деди Фазлиддин кулиб.

Кейин орага Алишер қўшилди. Вазиятни мўътадиллаштириш учун. Чунки у йўл-йўлакай Шокирнинг гапларини эшитганди. «Агар Малоҳат билан унинг отаси бўлмаганида, Фазлиддин ўзимизга ўхшаб юрарди. Бир ҳисобдан шуниси яхши эди. Эмин-эркин сўкардик. Энди у осмонга чиқиб кетди. Бақирсак ҳам овозимизни эшитмайди», деган эди Шокир.

Кейин гап ўзани ўзгарди. Нарх-наво кундан-кунга қимматлашиб кетаётганини гапирди Шокир.

— Мутлақо табиий жараён. Аммо бунинг олдини олиш керак. Зудлик билан ишлаб чиқаришнинг таннархини тушириш керак. Кейин имом домлаларимиз ҳам кўпроқ меҳнат қилишларига тўғри келади. Улар одамларга нархни оширмасликни уқтиришмаса, бунда ҳадислардан фойдаланишмаса, аҳвол шундай давом этаверади. Илгари бир гектар ерни шудгор қилиш учун фалондай маблағ сарфланарди. Энди шу нарсага барҳам берилаяпти. Агар тракторларнинг эҳтиёт қисмларини ҳисобга олмаса, ёқилғи сарфлаши деярли ноль. Худди шундай юк ташиш масаласи, бошқа транспорт харажатлариям жуда арзон. Бунақа пайтда нарх ошмаслиги керак, — деди Фазлиддин.

— Лекин, — деб кулди Шокир, — энг қиммат нарх заводнинг ёнидаги дўконларда. Чунки заводдагилар кўп пул олишади. Яна эринчоқ бўлиб қолишган, бозорга боришмайди-да, заводдан чиқади-ю, савдо қилиб уйларига жўнашади.

— Ҳимм, бунисини энди ўйлаб кўриш керак экан. Балки… Майли, олдин бир тўхтамга келиб, кейин бу ҳақда гапирамиз. Аммо ҳозир хўроз гўштини емаганларинг мени ўйлантиряпти. Агар емасанглар, сумкаларингга солиб, бериб юбораман, — деб кулди Фазлиддин.

— Ўзинг айбдорсан, ҳазм қиладиган, иштаҳани очадиган нарсани қўймадинг, — деб бурнини тортиб қўйди Шокир.

— Қўйсанг-чи шуни. Бунинг ўрнига менда зўр таклиф бор. Юринглар, икковингизга узумларимни кўрсатаман.

Фазлиддин узумларнинг тарихини айтиб берди. Ишлов бериш усули ҳақида гапирди. Дўстларига бу унчалик қизиқ бўлмаса-да, ноилож эшитишди…

Уларни кузатиб қўйганидан кейин Фазлиддин Сардорни чақирди. Йўқ экан. Идорага кетибди. Лекин муҳим гаплигини эшитгач, дарров етиб келди. Ахир олим одам муҳим бўлмаган нарсани гапирмайди-да…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: