Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (107-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (107-қисм)

Ҳовлиқиб келган Сардорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Чунки Фазлиддин унга:

— Мени кечир, мен ўйламай сени хафа қилиб қўйган эканман. Аслида, бирдан рози бўлсам бўларкан… Келиб-келиб, мени қўриқламоқчи бўлганларга ноз қилиб юрибман, — деди.

Сардорнинг ишлари бир дунё эди. Хўжайини ҳисобот тайёрлашни буюрганди. Қисқа муддатда топшириши лозим эди. Шунга қарамай, у машинасини қизил чироқда ҳайдаб бўлсаям етиб келса-ю, профессор бунақа гапни айтиб турса…

— Домла, шуни телефонда айтса ҳам бўларди-ку. Менинг қанча вақтимни ўғирладингиз, — деди у норози бўлиб.

— Унда яна бир марта узр, — дея Фазлиддин у билан хайрлашиб қўя қолди.

Шу билан у Сардор билан кўришмади, ҳисоб. Ҳар куни эрталабдан Малоҳат билан бирга ишга кетади. Кейин заводга боради. У ёқдаги ишларни кузатади. Қолаверса, ўзининг ҳам қиладиган юмушлари бор, шуларни бажаради. Сўнг кун ботганда уйига қайтиб келади…

Кунлар бир-бирини қувиб ўтаверди. Лондонга боришга рухсат тегди. Сабаби ўша қўлланилиши мумкин бўлган жарима. Фақат у билан бирга яна иккита қўриқчи кетди.

У Малоҳат билан бирга меҳмонхонанинг битта хонасига жойлашган бўлса, ёнидаги хонани қўриқчилар эгаллади. Сафар давомида у Англиядаги ҳамма пулларини ўғлининг ҳисобига ўтказиб қўйди. Муҳаммадга:

— Пулларнинг фоиз қисмини олма, қолганини заруратингга ишлатавер, — деб тайинлади.

Инсон зоти кўникувчан. Қўриқчиларга, уларнинг хатти-ҳаракатларига бора-бора Фазлиддин ҳам, Малоҳат ҳам кўникди. Қолаверса, қўриқчилар ҳам уларга ўрганиб қолишди. Тўғри, ҳар ой улар янгиланиб туради. Биринчи ойда ишлаганлар кейинги сафар келишмайди. Ўрнини бошқалар эгаллайди. Сабаби битта: ўзаро тил топишиш, бир-бирларига меҳр тушиб қолишининг олдини олиш…

Қолгани унинг учун зерикарли ҳаёт бўлди. Илмий ишларга деярли қарамай қўйди. Чунки уларни қилгани билан, охир-оқибат, ҳеч нима бермайди, деган қарорга келди. Ва у асосий вақтини тиловат қилиш билан ўтказа бошлади. Тун ярмигача Қуръон ўқийди. Тонгда туриб, яна давом эттиради. Қолган пайт кичкина томорқасида кетмон чопади. “Шу ер бирор ярим гектар бўлмайдими, эртадан кечгача кетмон чопмайманми?” деб ўйлайди.

Кейинги сафар Лондонга борганида у шартномани тўхтатди. “Жуда чарчадим, бир йил ҳеч бир университет билан шартнома қилмай, дам оламан. Балки, кейин яна қайсидир олий ўқув юрти билан шартнома тузарман”, деди у. Аммо унинг сўзларига унчалик ишонишмади. “Хабаримиз бор, катта завод қургансиз, у ерда ишлар жуда қизғин кетяпти. Бойлигингиз кундан-кунга кўпайиб боряпти. Сизнинг ўрнингизда бошқа бир одам бўлганида ҳам шундай йўл тутган бўларди. Аммо шунга қарамасдан, биз сизнинг маошингизни яна юз минг долларга оширмоқчимиз. Бу йилига беш миллион уч юз минг дегани”, дейишди. Бироқ Фазлиддин унамади. “Мени тўғри тушунинглар, агар ҳозир дам олмасам, кейин мутлақо шартнома қилишимизга ҳожат қолмайди”, деди.

У шундай дейишга мажбур эди. Чунки: “Мана шунақанги гапларни айтмасангиз бўлмайди. Куни келиб, биз сизни ҳимоя қилолмай қоламиз”, деб тайинлашганди.

Шу гапга амал қилди. Омон-эсон музокара эшигини ёпиб, Тошкентга келиб олди.

Аста-секин тушкунлик балосидан қутула бошлади. Яна илмий китобларни қолдирмай ўқишга, уларни таҳлил қилишга, билганларини шу ердаги талабаларга ўргатишга ва умрининг яна бир қисмини лабораторияда ўтказишга киришди. Шунингдек, заводдаги ишларни ҳам қатъий кузатишга бел боғлади. Чунки унинг назарида ишлар жуда оз бўлаётгандай эди-да…

Икки йил мана шу тарзда ўтди. Ўғли ўқишни тугатди. Аммо Ватанга қайтгиси келмади. «Шу ёқда, ўқиган жойимда илмий иш билан шуғуллансам», деди у. Фазлиддин қаршилик қилмади. “Фақат олдин уйланасан, ана ундан кейин ишларингни қилиб юравер. Бизнинг ҳали куч-қувватимиз кўп. Биз ҳали ўзимизни-ўзимиз бемалол эплаймиз. Бундан ташқари, мана, аянг ҳам омон-эсон мактабга ишга ўтиб олди. Ахир бекордан-бекорга беш йил ўқимаган. Дипломни бекорга олмаган”, деди.

Малоҳат келин излашга тушди. Ўтириб олиб мактабидаги қизларни санай бошлади.

— Йўқ, — деди Фазлиддин, — ўзимиздан, ўзимизнинг қишлоқлардан қиз изланг, хоним. Илло, бу ердагилар билан Муҳаммад тил топиша олмайди.

— Болангиз шу ерда ўсган, қайтага, қишлоқнинг қизи билан бирга яшаши оғир бўлади, — дея эътироз билдирди Малоҳат.

— Сиз шундай қилаверинг. Қишлоқнинг қизи мослашувчан бўлади. Оғирга ҳам, енгилга ҳам дарров кўникиб кетаверади. Аммо шаҳарликлар… Майли, нима бўлган тақдирда ҳам, ўзимиздан қиз қидиринг, — деди Фазлиддин кескин.

Шундай қилиб, роса бир ой сўраб-суриштиришлар натижасида ўша, исми Нигора бўлган, бир пайтлар отаси бухгалтер бўлиб ишлаган, онаси эса ўқитувчилик қилган оиланинг қизини топишди ва ўша хонадонга совчи бўлиб боришди. Ҳеч кимни орага қўшишмади. Огоҳлантирмасдан, тўғри ўзлари кириб боришди. Шунда кўришдики, қишлоқдаги катта томорқали хонадоннинг ҳаммаёғи чинни-чироқдай тоза экан. Болтабой бухгалтер бир қарич ерни қўймай экин қилган экан. Бу нарса Фазлиддинга ёқди…

Болтабой бухгалтер эса шошиб қолганди. Чунки Фазлиддиннинг болалигидан қанчалик машҳурлигини яхши билади. Шундай одам хотини билан уларнинг уйига келса-ю, шошиб қолмасинми?

Аммо келганларнинг муддаосини билганидан кейин, тараддудланди.

— Фазлиддин, адашмасам, сен мендан нақ тўрт ёшга кичиксан. Аммо мартабанг шунчалик улуғки, мен сен билан тенг келолмайман. Кўрпангга қараб оёқ узат, деган гап бор. Сенинг заводинг бор, ўзинг университетда домласан, яна бир эшитганим, чет элга бориб ҳам дарс бериб келаркансан. Мен бўлсам ҳозир майда савдогарман, шу Тошкентдан майда-чуйда олиб келиб, туман марказидаги кичкинагина дўконимизда савдо қиламан. Шунинг орқасидан тирикчилигимни ўтказиб тураман. Шундай экан, мендан хафа бўлма…

— Болтабой ака, нималар деяпсиз? Аслини олганда, менинг сиздан умуман фарқим йўқ. Завод, бошқа нарсалар кейинги масала. Мени завод ҳам, бошқа нарса ҳам қизиқтиравермайди. Мен ҳам худди сизга ўхшаб уйда кетмон чопаман. Узумларим бор, уларга қарайман… Имкони йўқ, агар бўлганида, қўй-мол ҳам боққан бўлардим. Бизни қуруқ қўл билан қайтарманг. Яна “эрта келинг, индин келинг” ҳам деманг. Шу масалани бугун ҳал қилсак. Сабаби ўғлим Англияда ишламоқчи. Бир ой вақти бор. Шу вақт ичида унинг бошини иккита қилиб…

— Министрлар…

— Ака, шундай ниятим бўлганида, сизнинг уйингизга бошимни эгиб келмаган бўлардим…

— Унда, рости, менинг бошим қотиб қолди. Онаси нима деркан? Қизимнинг ўзидан ҳам сўраш керак. Шундай экан, барибир, бугун аниқ бир нима дейишим қийин… Қишлоққа келмаганингга анча бўлган бўлса керак. Укангникида туриб тур. Ҳеч қурса эртагача, — дея ўзини мажбурлаб кулди пешонасини ажин босган, юзи қорайган, сочи тўкилган, қадди бироз эгилган Болтабой.

— Майли, ака, шундай қилганим бўлсин.

— Ана энди битта ош еймиз. Мен шундай ташқарига чиқиб, хўрозлардан биттаси сўяйин…

— Кетамиз.

— Ундай дема, Фазлиддин ҳар куниям менинг уйимга келавермайди.

— Эртага келаман-ку.

— Униси бошқа-да.

Ўжарлик қилиб туриб олган Болтабой ўзи айтганидай хўроз сўйди. Сўнг ўзи уни қозонга босди. Бирпасда ош дамлади. Кейин келиб:

— Ошни ҳар доим ўзим дамлайман. Ҳеч кимни қозонга яқинлаштирмайман. Чунки мендай ош қила олмайди булар, — деди.

Эртаси куни у оиласидагилар билан маслаҳат қилганини, уларнинг розилигини олганини, ўзи ҳам рози эканини айтди.

Орадан роппа-роса йигирма кун ўтиб, Фазлиддин тўй қилди. Тўй катта бўлиб кетди. Сабаби таниш-билишлари ҳаддан зиёд кўп эди…

Малоҳат ўғлидан-да кўпроқ хурсанд эди. “Нигора худди ўзимга ўхшаркан, қилиқлариям, гаплариям. Аслида, ўхшатмаса учратмас экан”, деди ва дарров келини билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди.

Ўғли ва келини уйдалигида Фазлиддиннинг хонадони одам билан тўлгандай эди. Бироқ улар сал ўтмасдан Англияга кетишди-ю, яна Фазлиддин Малоҳат билан ёлғиз қолди.

— Худди туш кўргандайман, — дейди Малоҳат, — хаёлимда Муҳаммад Лондондан келмагандай. Нега бундай бўлганига ўзим ҳам ҳайронман. Балки, уларни бекор жўнатгандирмиз. Шу ерда Муҳаммадга иш йўқмиди? Бор эди. Бўлгандаям беш-олтита. Ҳеч қурса, заводдами, цехларнинг бирортасидами ишлаганида, Нигорани бемалол боқа оларди…

— Гап бировни боқиш ёки боқа олмаслигида эмас. Йўлини топсин. Муҳими шу. Қолгани бир гап бўлар.

Аммо Малоҳат эрининг гапидан юпанмади. Қайтага, баттар ўксиди. Уйига кириб, овоз чиқармай юм-юм йиғлаб олди. Фазлиддин унинг йиғлаганини кўзи қизарганидан билди. Бироқ индамади. Кўнглини кўтариш учун бирорта сўз ҳам айтмади. Кўниксин, деди. Кўникмаса, бир умр қийналиб юради, деди.

Ўша куни йигирма олтинчи август эди. Фазлиддин китобларга кўмилиб ўтирарди. Ҳаммаёғи китоб. Ҳаммаси кимё ва физикага оид. У датчиклар ёрдамида энергия олиш устида ишлаётганди… Эшиги тақиллаб қолди. У оғриниб бошини кўтарди.

— Қўриқчи йигит қўнғироқни чалди. Нимадир керакка ўхшайди, — деди Малоҳат.

— Ҳа, яхши, ўзим ҳам бироз бошимни шамоллатиб оламан, деб тургандим. Ҳозир чиқаман, — дея жавоб қайтарди Фазлиддин ва ёзганларига бироз қараб турди-да, сўнг ўрнидан туриб, ҳовлига чиқди. У ердан дарвоза ортига ўтди.

— Ассалому алайкум, — деди бирдан қўриқчи йигит Фазлиддинни кўриши билан.

— Ва алайкум ассалом! Нима гап, қўнғироқ чалибсан?

— Сизни сўраб келишибди, — дея у ёнида турган иккита гавдали йигитни кўрсатди. Улардан бири қора, иккинчиси оқ футболка кийиб олганди. Биттаси тақир бош, иккинчиси сочини калта қилиб олдирган. Уларнинг қоп-қора «Мерс»и йўл ёқасида турарди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: