Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (108-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (108-қисм)

— Нима хизмат, йигитлар? — деди Фазлиддин уларга бир-бир қараркан.

Улар нима дардда келганликларини айтишдан олдин Фазлиддин билан қўл бериб кўришишди. Кейин:

— Сизга қуюқ салом олиб келдик, — деди қора футболкали йигит.

— Шунақами? Яхши. Ким экан у қуюқ салом йўллаган одам?

— Холи гаплашсак. Хавотир олманг, қўриқчиларингизнинг ҳаммаси қаердан келганимизни билишади. Шунинг учун бемалол келдик, — дея ўшшайди оқ футболкали йигит.

— Унда юринглар ичкарига.

Яна ўша чорпоя.

Буларнинг ҳам узумларга ҳаваси кетди.

— Йили келди, — деди Фазлиддин уларга, — гоҳ-гоҳида шундай бўлиб туради. Қарамасанг ҳам ўз-ўзидан зўр бўлиб кетаверади. Айрим йиллари касалликдан зўрға олиб қоламан. Сизлар ўтириб туринглар, мен ҳозир озгина-озгина узиб чиқаман.

Йигитлар индашмади.

Фазлиддин битта лаганни тўлдириб узди. Сўнг уларни муздай сувда яхшилаб чайганидан кейин чорпоя устидаги хонтахтага қўйди.

— Очиғи, мен умрим бино бўлиб бунақа зўр узумни емаганман, домла, — деди қора футболкали йигит.

— Майизи янада яхши бўлади, — дея кулиб қўйди Фазлиддин.

— Вино-чи, вино? — деб сўради қора футболкали йигит шоша-пиша.

— Унисини билмайман. Қилмаганман. Қилмайман ҳам.

— Аммо, домла, битта гапни сизга айтай. Биздаги вино дунёда йўқ. Чунки бизнинг қуёшимиз бор. Узумларимиз мана шунақа ширин бўлади. Шунинг учун унга ҳеч нарса қўшмасангиз ҳам виноси зўр чиқаверади. Биз Булунғурда янги завод очганмиз. Тўғридан-тўғри цистернада Европага жўнатамиз. Шошиб қолишади! — дея ҳиринглади у.

Фазлиддиннинг қовоғи осилди.

— Нима мақсадда келгандинглар? — деди.

— Шу десангиз, сизнинг заводингизга яхши одамларнинг ишқи тушиб қолган.

— Меники эмас у. Халқники.

— Домла, бунақа пайтларда шундай дейилишини яхши биламиз. Шундай экан, у ёқ-бу ёққа қочираверманг. Ҳаммасидан хабаримиз бор.

— Хўш, кейин-чи?

Барзангилар бир-бирига қараб олишди.

— Биз ҳамма ҳисоб-китобни қилдик. Заводнинг нархи беш юз минг кўкига тортади.

— Шунақами?

— Ҳа. Биз ўша пулни шартта қўлингизга берамиз, олам гулистон. Суриштирдик, заводга деярли бормаскансиз. Бир-бир анави нарсасини сиз тайёрлаб бераркансиз. Кейин ҳам шу ишингизни қилаверасиз, эвазига йигирма мингдан маош оласиз.

— Завод халқники. У ерда ҳозир етти минг одам ишлайди. Ҳаммаси акционер. Ҳаммаси дивиденд олади.

— Домла, улар чепуха. Биттада ҳаммаси қўлларидаги акцияларини топширишади. Аммо сизнинг бир ўзингизда йигирма беш фоизи бор экан… Кейин шу пайтгача қилган харажатларингизнинг ҳаммасини чиқариб олгансиз. Аллақачон яхши одамларнинг назари тушганди. Аммо улар инсоф қилишди. Пулини чиқариб олсин, дейишди…

— Тортиб олмоқчимисизлар?

— Сотиб олмоқчимиз.

— Савдомиз пишмади.

— Пишади, ока. Шу пайтгача пишиб келган, бундан кейин ҳам пишади. Унда биз турдик, яхши одамларга айтганларингизнинг ҳаммасини етказамиз… Аммо узумга гап йўқ…

Фазлиддин бир оғиз бир нарса демади. У тишларини бир-бирига босиб, зўрға чидаб ўтирарди.

Келганлар ўзлари туриб, ўзлари кетишди…

Фазлиддин бир нуқтага термилганча қотиб қолди. Унинг бармоқлари узумларни бирма-бир узиб олар, тинимсиз оғзига солар, тинимсиз кавшарди… Шу тахлит анча ўтирди. Бир лаган узум тугади.  Малоҳат келиб қолди. Унинг келганини Фазлиддин сезмади. Аёл бир эрига, бир унинг лаганда узум қидираётган қўлларига қаради.

— Хўжайин, — деди.

Фазлиддин бирдан унга қаради.

— Нима бўлди? — дея сўради Малоҳат қўрқа-писа.

— Нима бўлиши керак?

— Узумнинг ҳаммасини ўзингиз едингизми?

Фазлиддин лаганга қаради. У бўм-бўш эди.

— Билмадим, — деди.

— Чўпи билан едингизми?

Фазлиддин аввал дастурхонга қаради, сўнг хотинига юзланди.

— Шундайга ўхшайди, — дея жавоб қайтарди.

— Нега бундай қилдингиз?

— Билмадим.

— Анави келган иккита йигит ким экан?

— Яхши одамларнинг йигитлари.

— Яхши одамлар?

— Ҳа-а.

— Асабингизга тегишдими?

— Билмадим, Малоҳат, билмадим. Ўзи нима бўлаётганига сира тушунмаяпман. Уларнинг келишларидан мурод — заводга эга чиқиш. Мен-ку, майли, дардим йўқ. Аммо етти мингта одам нима қилади? Улар шу заводнинг орқасидан анча ўзларини тиклаб олишганди. Уйли-жойли бўлишди, ҳаммаси ёки деярли ҳаммаси машина олишди. Уларнинг машиналари водородда юради. Бунинг устига, жамғармалари ҳам бор. Яна чет элга саёҳатга ҳам чиқиб туришганди. Энди бундан бу ёғига нима бўлади?

— Ўзларидан-ўзлари олиб қўяверишадими?

— Ҳа, ўзларидан-ўзлари. Шундай олишади. Шу билан тамом.

— Сиз бошқа жойларга…

— Фойдаси йўққа ўхшайди.

— Энди нима қиласиз?

— Бошим қотган. Аммо ортиқча ўйлашни ҳам истамайман. Аммо шундай дейман-у, у ерда ишлаётганларни хаёлимга келтирсам… Хуллас, билмайман. Биладиганим, агар зўр келса, ўзимнинг улушимни шундай бериб юбораман. Аммо ўзим уларга ишламайман. Охирги гапим шу.

Фазлиддин шундай қилди. Кетма-кет яна уч марта элчилар келишди. Уларга олдингиларга айтган гапларини айтди. Охирида эса: “Меникини олинглар, одамларга тегинманглар”, деди.

Кейин заводдан хабар келдики, текширувчилар босишибди. Кўпчилик бўлиб келишибди: энг пастки текширув идорасидан тортиб, энг юқоридагисигача. Улар ишчиларнинг ишдан келиш-кетишларини сонияларигача санаб, неча марта машина ғилдиракларини айлантирганларигача ҳисобини олишаётган эмиш. Бундан ташқари, директор, унинг ўринбосарлари, бухгалтерия хоналарининг квадрат метрлари ҳам ўлчаб чиқилаётган экан. Айтайлик, ўн квадрат метрда нечта одам ўтириши керак, уларнинг қайсилари компьютердан фойдаланиб, қайсилари фақат қоғоз билан қаноатланишлари лозимлиги ҳам ёзиб борилаётган экан. Иш тўхтабди. Ҳамма — қоровуллардан тортиб бош директоргача ҳисоб бериш билан овора экан…

Бу гапларни эшитган Фазлиддин қўшиқ айта бошлади: «Ким кўрибди, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиқ…»

Малоҳат эрини ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаган эди. Қўрқиб кетди. «Хабарчи»ни ҳайдаб юборди.

— Юринг, дадаси, ташқарига чиқайлик, тоза ҳавода бироз айланайлик, — деди у йиғламоқдан бери бўлиб.

Фазлиддин иш хонасида, китоб-дафтарларга кўмилиб ўтирарди. Шу ерда у «хабарчи»нинг гапларини эшитганди.

— Тўғри айтасиз. Фақат қандайдир дори борми? Айтайлик, юракни тинчлантирадиган, — дея ғалати жилмайиб қаради Фазлиддин.

— Ҳа, бор. Сиз туринг, юринг, мен сизга ўзингиз яхши кўрадиган чорпоя устидан жой қилиб бераман.

— Ундан кўра, арчалар ёнидаги ўриндиқда ўтирсак-чи, ҳавоси жуда зўр-да.

— Бўлмаса, шу ерда ўтирамиз… Сиз менинг орқамдан борганингизни эслайсизми?

— Қачонги?

— Биринчи мартадагисини.

— Тўхтанг, хоним. Ўшанда мен нима деб боргандим?

— Ташқарида бирга эслаймиз. Кўк чой ичиб эслаймиз. Хўпми?!

Малоҳат гапиряпти. Гапириш асносида йиғлаяпти. Кўзидан узлуксиз ёш оқяпти. У бақириб юбормаслик учун ўзини босишга уриниб, гоҳ-гоҳида лабини маҳкам тишлаб қўйяпти.

— Эсиз, — деди Фазлиддин, — шундай дамларимиз бўлган-у, биз ҳатто ёзиб ҳам қўймаган эканмиз.

— Мен сизга қачон рози бўлганман, биласизми? — деб йиғи аралаш жилмайди Малоҳат.

— Йўқ.

— Билишни истайсизми?

— Бўлмасам-чи!

— Юринг.

Малоҳат эрини қўлтиқлаб олди. Фазлиддинни суяб ташқарига олиб чиқди. Ўша ўриндиққа ўтқазди. Ёнига ўзи ҳам ўтирди. Ҳозир у югуриб бориб, кўк чой дамлаши керак. Олиб келиб эрига бир пиёла ичириши керак… Аммо у кетишга қўрқяпти. У кетганида эрига бир нарса бўлиб қолишидан қўрқяпти.

Иттифоқо, ана шу пайтда ҳовлига Сардор кириб келди.

— Домла! — деди арча ортида ўтирганларни кўрмай.

Малоҳатнинг бирдан кўнгли равшан тортгандай бўлди. Чунки ўша кимдир унинг эрига қараб туради. Бу пайтда Малоҳат ошхонага югуриб киради-да, чой дамлайди. Дорилар қутисини титкилайди. Юракка малҳам бўладиганини топади. Уни олиб келиб эрига ичиради.

— Бу ёқда домла. Келинг, кимсиз?! — дея овоз берди Малоҳат ва дарров ўрнидан туриб, арчани айланиб ўтди.

— Ия, Сардор, сизмидингиз?! Келинг. Мана, домла бу ерда ўтирибди, — деди.

— Хўп, — деб қисқагина жавоб қилди Сардор.

Фазлиддиннинг эса яна кўнгли ғашланди. Сардор анчадан бери кўриниш бермасди. Унинг ўрнига бошқалар келишарди.

Сардор енгил қадам ташлаб, дарров Фазлиддиннинг қаршисида пайдо бўлди. Салом берди. Фазлиддиннинг ранги оқарганини кўриб:

— Аҳволингиз яхшими, домла? — деб сўради.

— Шунга яқинроқ. Сени энди бошқа келмаса керак деб ўйлагандим, — дея паст овозда сўзлади Фазлиддин.

— Нега энди? Сиздай одамдан хабар олмасак бўлмайди. Бунинг устига, кўп нарсани ўргандим сиздан.

— Ёлғон гапирма. Мен ҳеч нарса ўргатмадим… Аммо бир марта кўнглингни оғритиб қўйганман. Эсингдами, вақтинг тиғиз пайти чақирганим. Ўшанда мендан хафа бўлгансан.

— Йўқ, домла, ўлибманми сиздан хафа бўлиб? Энди ўйлаб қарасам, ўшанда тўғри қилган экансиз. Чунки сизнинг ёнингизга келиб-кетгунимча анча миям дам олган. Ишонмайсиз, кейин шундай ишларим юришиб кетди, у ёқ-бу ёғи йўқ.

— Барибир, — деди Фазлиддин кўзларини юмиб, — кишининг дилини оғритиш катта гуноҳлардан бири…

Унинг сўнгги сўзлари жуда паст чиқди. Сардорнинг юраги ортига тортди. Илло, унинг бўлаётган ҳамма машмашалардан хабари бор эди. Олим, чин маънодаги тақводор олим бундай чидаб туролмайди. Ўзини ўзи еб қўйиши ҳеч гап эмас.

— Отамга бориб, мен ўзимга устоз топдим, дедим ўшанда. Чунки сизнинг ҳар битта гапингизда улкан маъно бор эди. Мен буни кейинчалик роса миямда таҳлил қилиб билдим…

Сардор шундай эътибор қилса, профессор кўзини очмаяпти.

— Домла, мен ҳозир келаман!

У дарвоза томонга оёғининг учида югурди. Малоҳат уни кўрди. Юраги бирдан шув этди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: