Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (109-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (109-қисм)

Малоҳатнинг оёқлари бўшашди. Юролмади. Секин тўхтаган жойига ўтирди. Йиғлай бошлади.

Сардор тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Манзилни айтди. Қайтиб кираётиб, Малоҳатга дуч келди.

— Янга, нега бу ерда ўтирибсиз? Туринг, ҳеч нарса бўлгани йўқ, ҳаммаси жойида. Мен дўхтирларга қўнғироқ қилдим. Ҳозир етиб келишади. Ҳаммаси яхши. Қўлингиздагини менга беринг, — деди.

Малоҳат унга чойнак-пиёлани узатди.

Фазлиддин аста-секин ҳушига келаётганди. Боши айлана бошлагач, у ўзидан ўзи хафа бўлди. «Нима аҳвол? Шугина хабарга мазам қочяптими? Ҳа, бир текшириш келибди. Шу билан осмон қулаб тушмабди-ку… Эй, хом сут эмган банда», дея кўнглидан ўтказди. Қилиб қўйган иши учун тавба қилишга тушди. Сўнг Қуръони каримнинг сўнгги уч сурасини овоз чиқармасдан, бутун вужуди билан тиловат қила бошлади.

Сардор келиб, бир пиёла чой узатганида, Фазлиддиннинг ҳамон кўзи юмуқ, аммо хотиржам эди.

— Домла, ичинг, — деди Сардор хавотир билан чой узатаркан.

Фазлиддин пиёлани олди. Чой ичди. Сўнг:

— Аччиқ бўлибди, — дея жилмайди.

— Домла, яхшимисиз? Одамни қўрқитдингиз-ку, — дея унга тикилди Сардор.

— Яхшиман, яхшиман. Мен озгина дам олай, Сардор, узр, ошна. Айтганча, келмай қўйганингизга анча бўлганди. Ҳа, чойни ўзингиз дамлаб келдингизми?

— Йўқ, янгам дамлаган, — дея Сардор қаддини ростлади. Малоҳат ўтирган томонга қаради.

Бу пайтда Малоҳат ҳам ўрнидан турганди. Эрининг ўзига келганлигини, Сардор билан гаплашаётганини ҳали билмасди. Ҳамон унинг юраги бесаранжом эди. «Эримга бир нарса бўлиб қолса, мен нима қиламан? Мен қандай яшайман?» деган хаёлда эди. Ана шу хаёлгина уни туришга мажбур қилганди.

— Ана, янгам!.. — дея Сардор Фазлиддинга кўз ташлаб қўйди-да, бақирди: — Янга! Домла, зўр! Келинг, кўринг!..

Малоҳат яна бўшашди. Ичида бир нима гумбурлаб портлагандай бўлди.

— Нега? Нега мени қийнадингиз? — дея пичирлади.

— Янга! — дея бақирди яна Сардор. — Нима қилиб у ерда турибсиз? Келинг!

— Нима қилиб турибман? Ўша акангиз мени шу аҳволга солиб қўйди. Ўша домлангиз мени қаққайтириб қўйди, — деб яна пичирлади Малоҳат.

— Индама, — деди Сардорга Фазлиддин, — индама.

— Домла, очиғи, мен бехабар қолибман. Агар билганимда, бундай «қоп»ни кўтариб келганнинг калласини олардим, — дея ўзини яхши кўрсатмоқчи бўлди Сардор.

— Шунинг учун ҳам билмаганинг яхши бўлибди-да. Аслида, ҳаммаси сариқ чақага арзимайдиган нарсалар. Мен, сен, бошқалар киммиз? Ҳеч киммиз. Нутфадан бўлган, ҳеч вақога ярамайдиган бандалармиз. Шундай экан, куйиб-пишишимизга бало борми? Талашиб-тортишишимизга бало борми? Нимани бўлишолмаймиз? Тўртта танганими ёки ўтирган жойимизними?! Қизиқ гапларни гапирасан. Ундан кўра яна чойингдан қуй…

Сардор Фазлиддиннинг кейинги гапларига тушуниб-тушунмади. Аммо кулиб қўйди ва домланинг пиёласини чойга тўлдирди…

Сўнг Фазлиддин унга: «Боравер, ҳаммаси жойида», деди. Илло, Малоҳатнинг келишини тусаётганди. Малоҳатнинг кўнглини олишни истаётганди… Аммо, барибир, хотинини дарров хотиржам қилолмади. Малоҳат унинг бўйнидан қучоқлаб, паст овозда йиғлаётганида хотинининг юраги гупиллаб ураётганини ҳам билди. Мана буниси энди ёмон. Мана буниси хавфли. Фазлиддин шу заҳоти ўзини ўзи янишга тушди. «Аҳмоқ, ҳовлиқма, нима қилиб қўйдинг? Шугина хабарга мазанг қочиб, бошқаларнинг ҳушини бошидан айирдингми? Бундан баттар гапни эшитсанг, нима аҳволга тушасан? Йиғиштириб ол ўзингни. Садқайи олим кет», деди ўзига ўзи.

— Бўлди, йиғлама. Ўтиб кетди. Ҳаммаси зўр. Мени кечир, — деди у хотинига.

— Қўрқитдингиз. Илгари сира бундай қўрқмаганман. Қўрқдим. Чорасиз қолишдан қўрқдим. Қўлимдан ҳеч нима келмаслигидан қўрқдим, — дея Малоҳат йиғлашда давом этди.

— Манави чойдан битта ич. Менга дамлаган экансан. Фойдали. Ўзиям тўқсон бешга ўхшайди. Ширинлигидан билдим, — дея жилмайди Фазлиддин.

Кўп ўтмай тез ёрдамдан дўхтир келди. Фазлиддиннинг қон босимини ўлчади. «Бироз ошибди», деди. Битта укол қилди. Сўнг Малоҳатни ҳам текширди. Уники ҳам кўтарилган экан. Унга ҳам укол қилишга мажбур бўлди.

Улар кетганидан кейин эр-хотин ёлғиз қолди. Ана шунда Фазлиддин Малоҳатга секингина:

— Хоним, бир нарсани менинг кўнглим сезиб турибди. Булар ўзларига керакли нарсани олмагунларича тинчимайди. Мен-ку… Менга-ку, кераги йўқ. Шундай топшириб юбораман. Аммо ишчиларни ўйлаяпман… Энди айтмоқчиманки, сал-пал ташвишли кунлар бўлиб қолиши мумкин. Ана шунда иродангни мустаҳкам қил. Балки, мени бирор жойга чақириб қолишлари, бир икки-кун ушлаб қолишлари мумкин. Аммо сен сира сиқилма. Мен ҳаммасини енгиб ўтаман. Қачонки сенинг сиқилмаётганингни билсам. Акс ҳолда, «оббо!» деб иккала қўлимни очиб қолавераман-да. Кейин яна битта гап. Эътибор берсанг, ишларимиз фақат олдинга кетган. Ҳеч бир замон бўлмадики, биз ожизланиб чеккага чиқиб қолган бўлсак. Мен, аслида, мана шундан қўрқаётгандим. Одамнинг бошига турли ташвишлар, савдолар тушиб туриши керак. Акс ҳолда, у нозиклашиб қолади. Бундан ҳам баттари — кофирга айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Мен мана шунисидан қўрқаётгандим.

Худога минг қатла шукр, бошимизга озгина ташвиш берди. Биз бўлсак, шунинг ўзигаёқ бўшашиб қолдик. Энди иродамизни мустаҳкам қиламиз. Хўпми?

— Хўп, — деди Малоҳат бошини қимирлатиб. Аммо у кўзидан ёшини оқизишда давом этаётган эди.

— Бунга қара, Фазлиддин шунча гапни кимга айтдинг? Кўзидан сувини оқизгунча, кулиб турмайдими? Қучоқлаб: «Бўлди, биргалашиб курашамиз», демайдими? Бундан сен руҳланиб осмонга сапчимайсанми?!

Малоҳатнинг юзида табассум пайдо бўлди. У худди эри айтганидай Фазлиддинни қучди. У айтган гапларни айтди…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади, қоровуллар кетишди. Бироқ кетишларидан олдин (ҳартугул, инсофлари бор экан, ҳартугул, мана шу хонадонга озгина бўлса ҳам меҳрлари тушган экан) хайрлашишди. Узр-маъзур дейишди. «Сизларнинг оромингизни буздик», дейишди. «Одам, аслида, қандай бўлиши кераклигини ўргандик», дейишди. «Тарбия олдик», дейишди…

Бир пайтлар уларнинг келишларига Фазлиддин жуда қаттиқ қаршилик қилганди, аммо энди кетишаётганларида ғалати бўлди. «Буларнинг борликлариям бир нарса эди, энди кетишяпти, қизиқ бўляпти», деди. Малоҳат эса шунгаям кўз ёш тўкиб олди. «Ҳар куни тушлик тайёрлаб берардим», деди у.

— Кўникамиз, борликларида кўникиб яшардик, йўқликларигаям кўникамиз, — деди Фазлиддин. Аммо унинг кўнгли яна бошқа бир нимани сезиб турарди. Қоровулларнинг кетиши бошқа бир ташвишни олиб келмасайди, деб ўйларди у.

Худди шундай ҳам бўлди. Олдинига у заводга борди. Бироқ уни ичкарига қўйишмади. «Мумкинмас», дейишди. «Катта жиноят изи топилган. Ҳозир махсус гуруҳ ишлаяпти. Бунақа пайтда бегоналар қўйилмайди», дейишди. Фазлиддин айтдики: «Мен шу заводнинг муассисларидан бириман, нима гап-сўзлигини билишим керак». Қоровулликда турганлар кулишди. «Сиз ҳозирча уйингизда ўтираверинг ҳеч қаерга чиқмай. Керак бўлса, ўзлари чақириб, олиб киришади», дейишди.

Тўғри айтишган экан улар. Олдинига, бундан бир неча ой муқаддам уйига келиб, заводни ўзларига сўраганлар келишди. «Домла, қалайсиз, энди? Биз нима деган эдик, гапимизга кирмадингиз. Ана энди завод ишламай ётибди. Камига, беш-олти киши қамалиб ҳам кетади. Энди тақдирга тан беринг-да, заводни топширинг», дейишди.

Агар имкони бўлганида, замон кўтарганида, Фазлиддин уларни ер билан битта қилиб ташларди. Бироқ ҳозир чорасиз. Ҳозир унинг қўлидан ҳеч нима келмайди.

— Олаверинглар, билганларингни қилинглар, — деди у ғазаб билан.

— Энди ўзингизга келдингиз, домла. Манави қоғозларга бир имзонгизни қўйиб беринг, — дейишди ўзларида йўқ хурсанд бўлган зўравонлар.

Фазлиддин қоғозлардаги ёзувларни ўқиб чиқди. Шартнома экан. Лекин бу ерда биров сотмайди, иккинчи томон сотиб олмайди. Балки, сотувчи томон ўз инон-ихтиёри билан текинга топширади. Олувчи томон ҳамма ёқни текшириб, камчиликлар йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан кейин қабул қилиб олади.

Фазлиддин: «Шу билан қулоғим ҳам, ўзим ҳам тинчий», деб қўл қўйиб берди.

Бироқ у тинчимади.

Олдин завод қайтадан ишга тушди. Яна кетма-кет янги номдаги водородда ишлайдиган двигателлар машиналарга ўрнатила бошлади. Кейин бирдан у тўхтаб қолди. Чунки Фазлиддин томонидан тайёрланадиган хомашё тугаган эди.

Яна унинг ёнига келишди. «Заводга боринг. Маош олиб ишланг. Яхши маош берамиз», дейишди. Аммо Фазлиддин кўнмади. «Йўқ, мен ишламайман. Ишлашга кучим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ», деди.

Худди ана шу куни уни университетдан ишдан бўшатишди. «Меҳнат шартномаси бекор қилинди», деган ёзув битилган қоғозни уйига ташлаб кетишди.

— Ана энди бундан бу ёғига кеча-ю кундуз уйда бўламан, — дея кулди Фазлиддин. — Фақат сенинг мактабда ишлашинг чатоқ-да. Мактабга бориб келгунингча уйда ёлғиз қоламан.

Бироқ Малоҳатнинг ишини ҳам кўп кўришди. Сал ўтмай директор унга: «Уйингизга бораверинг, керак бўлсангиз, ўзимиз чақириб оламиз», — дебди.

— Хўжайин, дарров кўзингиз тегди. Чунки мениям ишдан бўшатишди. Энди бундан бу ёғига иккаламиз ҳам уйдамиз, — деди Малоҳат келганидан кейин эрига.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Бу пайтга келиб қўшнилар ҳам анча қизиқиб қолишганди. Олдин қўйилган қоровулларни (албатта, кўзлари кўниккунча, бошида) томоша қилишди. Улар кетишгач, ҳайратланишди. Кейин кетма-кет ғалати машиналар келиб-кета бошлади. Шунча миш-миш чиқди: «Эмишки, академик ёмон катта ишкал қилибди, бунинг устига, одамнинг тасаввурига сиғмайдиган даражадаги пулни ўмарибди. Яқинда олимбой осилса ҳам ажабланмаймиз…»

Мана, улар тахмин қилган воқеа содир бўлиб турибди. Фазлиддиннинг қўлига кишан уришди. У Малоҳатга гапириш учун бир лаҳзагина вақт топди.

— Мен сенга айтган гапларни эсингдан чиқарма. Сочингга ҳозир бирорта ҳам оқ тушмаган. Кейинги кўрганимдаям оқ бўлмаслиги керак, — деди у.

Уни олиб бориб қамаб қўйишди. Зах, ҳамма ёғи бетон бўлган бир ертўлага. Кунига уч марта хабар олишди. Шунда ҳам овқат бериш пайтида. Бошқа маҳал уни биров безовта қилмади. Фазлиддин эса: «Айни муддао, маза қиламан», деди. Хотирасини ишга солиб, Қуръон тиловат қила бошлади. Ҳар икки кунда бир марта хатм қилди. Ўзидан ўзи завқланди. «Майли, мени бир умрга қамашларига ҳам розиман, чунки бу ерда жуда хотиржамман. Бу ерда ўзимнинг яхши кўрган ишим билан шуғулланаман», деди. Фақат… Фақат Малоҳат ҳақидаги ўй уни безовта қиларди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: