Тошкентда таҳлил марказларининг «Марказий Осиё -Хитой» IV форуми бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкентда “Умумий фаровонлик ва барқарор тарақиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик” мавзуида таҳлил марказларининг «Марказий Осиё -Хитой» IV форуми бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил май ойида Сиан шаҳрида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари саммитида билдирилган ташаббусларини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда.
Тадбирда 20 та илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказлардан 40 дан ортиқ мутасадди ва экспертлар, ХХР ва Марказий Осиё мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этади.
Форумнинг кун тартиби ХХР ва МО мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатига оид масалалар, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, “яшил” энергетик ҳамда транспорт-логистика ва инновацион соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокамасини ўз ичига олади.
Форум якуни бўйича томонлар ўртасида ХХР ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг долзарб йўналишлари белгилаб олинади, шунингдек, янги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.