Угандада дунёдаги энг ёш қирол билан хайрлашилди

Угандада дунёдаги энг ёш қирол билан хайрлашилди

Угандада Торо анъанавий қироллиги қироли ва дунёдаги энг ёш ҳукмрон монарх Ойо Ньимбу Кабамбу Игура Рукидий IV дафн этилди. У тахтга уч ёшлигида ўтирган, август ойининг охирида эса 35 ёшга тўлмай туриб саратон касаллигидан вафот этган.

Қирол билан хайрлашув маросими кенг кўламли тадбирга айланди. Унинг тобути тахминан 230 минг евро турадиган махсус қайта жиҳозланган Mercedes GLE 400d автомобилида олиб борилди. Автомобиль узайтирилиб, маросим иштирокчилари тобутни ҳар томондан кўриши учун икки томонга очиладиган эшиклар билан жиҳозланди.

Форт-Портал шаҳридаги англикан соборига минглаб одамлар йиғилди. Маросимдан сўнг олий руҳоний тобутни олти километр масофада пиёда кўтариб, қироллик дафнгоҳларига олиб борди.

Ойо 1995 йилда, атиги уч ёшида қирол бўлган. Ўтган йили Гиннеснинг рекордлар китоби уни расман дунёдаги энг ёш қирол сифатида тан олган. Монарх атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ОИВга қарши курашиш ишлари билан шуғулланган. Унинг хотирасига Уганда Англикан черкови 15 миллион дарахт экиш режасини эълон қилди.

Қирол вафотидан сўнг тахт ворислиги масаласида низо келиб чиқди. Охир-оқибат, қироллик оиласининг бир қисми қаршилик билдирганига қарамай, 56 ёшли шаҳзода Эдвард Рукидий Кьянангома янги ҳукмдор деб эълон қилинди.

Маросим вақтида у марҳумнинг жасадини анъанавий мато билан ёпди, қабрга тўққизта қаҳва донаси ташлади ва ерга сут қуйди. Бу орқали янги қирол аждодлар руҳларига ўзини таништириб, улардан ҳимоя сўраган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: