Ҳусийлар Ямандаги БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ходимларини қўлга олди
БУ ҳақда Reuters ёзмоқда.
Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати мулозимларининг агентликка маълум қилишича, ҳусий исёнчилари БМТнинг тўққиз ходимини, АҚШ томонидан молиялаштириладиган Миллий демократик институтнинг уч ходимини ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари гуруҳининг уч ходимини ҳибсга олди.
Пойтахт Сана ва Яман шимолининг катта қисмини назорат қилаётган ҳусий жангарилари халқаро ташкилот ходимларининг яшаш жойлари ва офисларига бостириб кириб, уларнинг телефонлари ва компютерларини мусодара қилган. Ҳибсга олинган БМТ ходимлари инсон ҳуқуқлари бўлими ва гуманитар масалалар бўлимида ишлайди.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийлар АҚШнинг Санадаги элчихонасида ишлаган 20 га яқин яманлик одамни уч йил давомида ҳибсда ушлаб турган. Қўшма Штатларнинг Ямандаги элчихонаси 2014 йилда фаолиятини тўхтатган эди.