Самарқадда маст эркак ошхона мижозини пичоқлаб қўйди

Самарқадда маст эркак ошхона мижозини пичоқлаб қўйди

У ошхона мижозларига тегажоғлик қилиб, уларнинг тинчини бузган.
Самарқандда маст эркак ошхона мижозига оғир тан жароҳати етказгани учун озодликдан маҳрум қилинди.

 

Маълум қилинишича, судланувчи Қ.М. Пайариқ туманида жойлашган “Биллур” номли ошхонада маст ҳолатда ошхона мижозларига тегажоғлик қилиб, уларни тинчини бузган. Шу сабабли,ошхонадаги мижоз Х.Ф айбланувчига уларга халақит қилмасдан, уйига кетишини айтган. Қ.М. бундан ғазабланиб, ён чўнтагида бўлган пичоқ билан унинг кўкрак соҳаси чап томонига бир маротаба қасддан урган. Х.Ф. эса ҳолат жойидан қочишга ҳаракат қилган. Қ.М. иккинчи маротаба ҳам тан жароҳати етказиш учун уни изидан таъқиб қилган вақтда ошхонадаги бошқа фуқаролар уни тўхтатиб қолган.

 

Х.Ф. олган оғир тан жароҳати билан Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига ётқизилган. Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасида, Х.Ф.нинг кўкрак қафаси чап томони олд юзасида кўкрак қафаси плевра бўшлиғига тешиб ўтувчи, санчилиб, кесилган яраси каби тан жароҳати мавжудлиги кўрсатилган.

 

Судда айбланувчи Қ.М. айбига иқрор бўлди. У Қозоғистонга бориб ишлаб келганини, қайтиб келган куни аёли билан жанжаллашиб қолиб, кўчага чиқиб кетганини ва қишлоқ атрофида қадрдон дўстини кўриб, у билан бирга ошхонага борганини айтди. Маълумотларга кўра, Қ.М ҳамма пулини сарфлаб юборгандан сўнг, ошхона хизматчисидан қарзга ароқ сўраган. Ишчи унга рад жавоб бергани учун, унинг жаҳли чиқиб шовқин кўтарган. Ундан кейинги ҳолатларни Қ.М. қаттиқ маст бўлгани сабабли эслай олмаган. У Х.Ф.нинг юрак соҳасига пичоқ ургач, қишлоқ томонга қочиб кетган ва уйига эрталабки соат 03:00 ларда қайтиб келган.

 

Суд хулосасига кўра, Қ.М. Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топилган. Унга Жиноят Кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: