Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 1 нафар профессор-ўқитувчига ўртача нечта талаба тўғри келиши ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди
Миллий рейтинг натижаларига кўра:
• Давлат ОТМларида — 19,1 нафар талаба;
• Хорижий университетлар филиалларида — 32,9 нафар талаба;
• Нодавлат ОТМларда — 55,3 нафар талаба бир нафар ўқитувчи ҳиссасига тўғри келади.
Йўналишлар бўйича энг яхши кўрсаткич ижод ва спорт соҳасида қайд этилган — бир ўқитувчига ўртача 8,4 нафар талаба тўғри келади. Тиббиёт йўналишида бу кўрсаткич 13,6 нафарни, амалий фанларда 26,8 нафарни, ижтимоий-гуманитар йўналишларда эса 44,3 нафарни ташкил этган.
Мутахассислар айрим олийгоҳларда бир ўқитувчига 200 нафардан ортиқ талаба тўғри келаётгани таълим сифати ва талабаларга индивидуал ёндашувга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳозирда мамлакат бўйича 1,6 миллиондан ортиқ талабага 61 мингдан зиёд профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.
