17 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларидаги қонунбузилишлар аниқланди
Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармалари давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг ва мурожаатлар таҳлили натижасида умумий қиймати 17 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
Қонун талаблари бузилган харидлар қаторидан Андижон, Бухоро, Қорақалпоғистон, Фарғона, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари ўрин олган.
Энг йирик қонунбузилишлар:
«Микрокредитбанк» АТБ – қарийб 2,8 млрд сўм;
Республика фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация маркази – қарийб 2,5 млрд сўм;
Саксонота давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси – 1,3 млрд сўмдан ортиқ;
Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси – қарийб 1,3 млрд сўм;
«Самарқанд халқаро аэропорти» МЧЖ – 1 млрд сўмдан ортиқ давлат хариди.
Қўмита маълум қилишича, энг яхши таклифларни танлаш савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиб, рақобатни чеклаши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Шу муносабат билан буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслиги бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Рақобат қўмитаси давлат харидларида қонун устуворлигини таъминлаш, бюджет маблағларининг шаффоф ва самарали сарфланиши ҳамда тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
