“Аёлга 61 марта пичоқ санчган”: Тошкентда ҳарбий хизматчининг 19 йил аввалги қотиллиги фош бўлди
Бугун, 2024 йилнинг 13 июнь куни соат 15:00 да Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида судья А.Абдулҳаев раислигида бундан 19 йил олдин содир этилган жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда daryo.uz ёзмоқда.
Суд ҳужжатларида айтилишича, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган ҳарбий қисмда станция бошлиғи лавозимида ишлаб келган 24 ёшли йигит Тошкент шаҳридаги кафеларнинг бирида 19 ёшли аёл билан танишиб қолган. У билан ишқий муносабатга киришган.
Шундан сўнг Р.Маматқулов Д.Бегимова билан бўлган ишқий муносабатлари давомида у билан икки маротаба жинсий яқинлик қилган. Натижада ўзида ҳолсизлик, жинсий аъзоларининг яллиғланиши каби касаллик белгилари пайдо бўлган. 2005 йил август ойи бошларида Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий клиник шифохонасига мурожаат қилиб, тиббий-лаборатория таҳлилларидан кейин ўзида ўткир бактериал уретрит ва тери-таносил касалликлари туркумига кирувчи ганорея касаллигини аниқлаган. Шундай бўлса-да, у Д.Бегимова билан бўлган ишқий муносабатларини давом эттирган. Марҳума билан бирга яшаган ҳамда қўшмачилик билан шуғулланган аёлнинг Самарқанд вилоятига кетганидан фойдаланган эркак яна аёлнинг ёнига борган. Тўртинчи маротаба жинсий алоқада бўлгач, аёлга ундан касаллик юқтириб олганини айтиб, аёлнинг хизмати учун берилиши лозим бўлган 200 минг сўм пулни бермаган. Шундан сўнг аёл билан жанжал чиққан. Эркак аёлнинг ҳақоратли ва беҳаё сўзларига чидай олмасдан, уни пичоқлай бошлаган. Д.Бегимованинг бўйин ўнг ён қисмига бир маротаба, бош чап чакка-пешона, чап юз қисмига йигирма икки маротаба, пастки жағости чап қисмига бир маротаба, кўкрак қафасининг чап томонига бир маротаба, қорин девори олд ва ён қисмларига беш маротаба, кўкрак қафасининг ўнг томонига ўн икки маротаба, кўкрак қафаси орқа томони ўнг куракости ва бел соҳаларига саккиз маротаба, ўнг сон қисмига ўн бир маротаба, умумий ҳисобда ҳаёт учун хавфли бўлган жами олтмиш бир маротаба пичоқ билан тан жароҳати етказиб, уни ўта шафқатсизлик билан таъмагирлик ниятида қасддан ўлдирган, — дейилади тергов ҳужжатларида.
Судда сўз олган судланувчи айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, виждон амри билан айбини тан олганини, тергов пайтида айбига ўзи иқрор бўлганини билдирди.
Суд унга узил-кесил 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.