Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятлари

Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятлари

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш ҳар бир демократик давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, судьялар фаолиятини холис ва аниқ мезонлар асосида баҳолаш масаласи суд тизимига бўлган жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш мазкур соҳада янги имкониятларни очиб беради.

Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-227-сонли фармонида ҳам ушбу соҳага эътибор қаратилгани бежизга эмас.

Хусусан мазкур Фармоннинг 9-банди “б” кичик бандида – судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишни йўлга қўйиш белгиланган.

Ҳозирги кунда судьялар фаолиятини баҳолашда муаммолар мавжуд. Масалан, ҳозирги кунда анъанавий тарзда судьялар фаолиятини баҳолаш кўпинча статистик кўрсаткичлар, қўлда тузилган ҳисоботлар ва субъектив хулосаларга таянади. Бу эса инсон омили таъсирининг юқорилиги, маълумотларни таҳлил қилишда хатолар эҳтимоли борлиги, реал самарадорликни тўлиқ акс эттира олмаслик каби муаммоларни келтириб чиқаради.

Агарда сунъий интеллектни суд тизимига жорий этилса, сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор қайта ишлаш, кўрсаткичларни аниқлаш ҳамда холис таҳлил қилиш имкониятини яратиб беради. Масалан, суд ишларини кўриб чиқиш муддатларини таҳлил қилиш, қарорларнинг барқарорлиги яъни, юқори инстанцияларда бекор қилиниши ёки ўзгариши, иш ҳажми ва унинг мураккаблик даражаси кўрсаткиялари, суд қарорлари матнининг сифати ва асосланганлигини баҳолашга ёрдам беради.

Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштиришнинг муҳим босқичи ҳисобланади. У холислик, шаффофлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Бироқ, мазкур технологияларни жорий этишда ҳуқуқий, ахлоқий ва ташкилий жиҳатлар чуқур ўрганилиб, мувозанатли ёндашув таъминланиши зарур. Фақат шундагина сунъий интеллект одил судловни таъминлашга хизмат қиладиган самарали воситага айланади.

Муҳаммад-Расул Ғанижонов,
Наманган вилояти жиноят ишлари
бўйича Уйчи туман судининг судьяси

Дўстларингизга ҳам юборинг: