Арманистон бош вазири Лукашенкодан узр сўрашни талаб қилди
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғдаги уруш ҳақидаги сўзлари учун Беларусь президенти Александр Лукашенкодан узр сўрашни талаб қилди. Ҳолат юзасидан Беларусь мамлакатдаги Арманистон элчисини чақириб олди. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Пашинян Беларусга Лукашенко раҳбарлик қилар экан, у ерга ҳеч қачон бормаслигини айтган. Бунга сабаб сифатида у Беларусь президентининг Қорабоғ ҳақидаги сўзларини келтирган. Май ойининг охирида Александр Лукашенко Озарбайжонга ташрифи чоғида Бокунинг Қорабоғ учун олиб бораётган урушини “озодлик учун” деб атаганди.
Мен сизнинг озодлик урушингиздан олдинги суҳбатимизни, тушлик пайтида бирга фалсафий суҳбатлашганимизни эсладим. Ўшанда урушда ғалаба қозониш мумкин, деган хулосага келгандик. Бу муҳим, урушда ғалаба қозониш мумкин, — деган эди Лукашенко.
Шундан сўнг, май ойида Пашинян Озарбайжоннинг Қорабоғдаги урушга тайёргарлигида КХШТга аъзо икки давлат иштирок этганини айтганди.
Бизнинг иттифоқчиларимиз 44 кунлик урушни тайёрлашда қатнашган, мен КХШТга аъзо бўлган камида иккита давлатни биламан, улар бизга қарши уруш тайёрлашда қатнашган, — деган Пашинян.
Арманистон бош вазирининг янги баёнотига кўра, КХШТ доирасидаги муносабатларда, Беларусь ташкилотдан чиқса ёки Лукашенко арманлардан узр сўраса, назарий жиҳатдан ўзгаришлар кузатилиши мумкин.