Бир кунда 15 та тўйга борадиган хонанда
“Миллий” телеканалининг “Shou-biznews” лойиҳасида таниқли санъаткорларнинг бир кунда нечта тўйга бориши ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов бир кунда 3 тагача тўйда иштирок этишини таъкидлади. Афсонавий “Болалар” гуруҳи яккахонининг Тошкент тўйларидаги биррови нархи 2000 доллар этиб белгиланган.
“Ҳозирги тирбандликлар сабабли бир кунда фақат 3 та тўйга ўз вақтида етиб боришга улгурамиз”, — дейди санъаткор.
Хонанда Озода Нурсаидова бир кунда 3 тадан 6 тагача тўйда хизмат қилишини айтиб ўтган. Унинг пойтахт тўйларига ташриф буюриши нархи — 1200 доллар.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар Усмонова кун давомида бир нечта тўйда иштирок этишини айтиб, “Баракасини берсин”, дея рақамларга аниқлик киритмаган. Нилуфарнинг тўйлардаги биррови нархи 600 долларни ташкил этади.
“Браво” кулги жамоасининг аъзоси Шаҳло бир кунда 3 та келинсаломда қатнашади. Келинсалом нархи тўйхонада хонадондан фарқ қилишини, агар келинсалом уйда ўтказилса, бир ярим баробар ҳақ олишини айтди. Маълумотларга кўра, Шаҳло Зоировани келинсаломга чақириш нархи — 1200 доллар.
“Чунки тўйхонада 20 дақиқа хизмат қилсам, келинсалом хонадонда 2 соат давом этади”, дейди Шаҳло.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда тўртинчи тўйда қатнашаётганини, бир кунда 12-15 та тўй ўтказишини айтиб ўтди. “Чарчамайсизми?” деган саволга: “Чарчамаймиз, чунки ишимизни яхши кўрамиз”, деб жавоб берди Зиёда. Хонанданинг Тошкент тўйларидаги бирров хизмати нархи — 550 доллар.