Декабрь ойида аҳолига 2 миллиард 177 миллион метр куб табиий газ етказиб берилди
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан 2024 йилнинг декабрь ойида аҳолига 2 миллиард 177 миллион 335 минг метр куб, улгуржи истеъмолчиларга 927 миллион 333 минг метр куб, иссиқлик таъминоти корхоналарига 175 миллион 704 минг метр куб, ижтимоий соҳа объектларига 33 миллион 946 минг метр куб ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 301 миллион 558 минг метр куб табиий газ етказиб берилган.
Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган брифингда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Дилором Жуманиёзова маълум қилди.
Унда қайд этилишича, суюлтирилган газ истеъмолчилари декабрь ойида 58 минг тонна суюлтирилган газ билан таъминланди. Қиш мавсумида истеъмолчиларнинг маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжи ошгани сабабли, ҳудудларда 24 минг дона маиший газ баллони ва 2,4 минг тонна суюлтирилган газ заҳираси яратилди. Иситиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 212 та махсус техника, 223 та автотранспорт воситаси, 600 га яқин газ ва электр пайвандлаш ускунаси, 29 км. турли диаметрдаги газ қувурлари ва 3,5 минг дона бутловчи қисм заҳира қилинди.
Тармоқларда юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш учун 848 нафар мутахассисдан иборат 271 авария бригадаси ишлади. Улар ой давомида табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 4974 мурожаатга тезкорлик билан муаммоларни ҳал қилди.
– Ҳаво ҳарорати пасайган вақтларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ етказиб бериш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шу муносабат билан айрим кафолатланмаган улгуржи истеъмолчилар ҳамда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига қисман чекловлар жорий этилди. Декабрь ойида 534 та табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланиб, 13,6 миллион метр куб газ ҳажми учун 40 миллиард 600 миллион сўмлик жарима ҳисобланди. Шунингдек, 2570 дона маиший газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланиб, 32 та «бункер»нинг фаолияти тўхтатилди. Бунинг натижасида аҳолига йўналтирилиши лозим бўлган 48,7 тонна суюлтирилган газ талон-тарож қилинмасдан етказиб берилди, –деди Д. Жуманиёзова.
Тадбирда таъкидланганидек, газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаслиги кўплаб бахтсиз ҳодисаларга олиб келмоқда. Жумладан, йил давомида республика бўйича газ билан боғлиқ 87 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Натижада 102 киши ҳалок бўлган ва 83 киши турли даражада жароҳат олган.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчиларга иситиш мосламаларидан хавфсиз фойдаланиш, газ жиҳозларини қаровсиз қолдирмаслик ва шамоллатиш тизимларига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилади. Газ ҳиди аниқланган тақдирда 104 рақамига ва бошқа барча саволлар бўйича 1104 рақамли колл-марказга қўнғироқ қилиш мумкин.